Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 45 / Солиқ маслаҳатчисининг амалиёти

Қисқа муддатли текширув: мажбуриятлар бажариляптими?

Қисқа муддатли солиқ текширувларини тартибга солиш мавзусида газетамизда бир қатор таҳлилий ва тушунтириш берувчи материалларни чоп этганмиз1. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига тадбиркорлик субъектларидан келиб тушаётган мурожаатларга қараганда, қисқа муддатли солиқ текширувларида текширувчи ва текширилувчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини бажаришда баҳс-мунозаралар юзага келиб қолмоқда.

Таҳририятимиз экспертлари солиқ маслаҳатчиларига бир гуруҳ якка тартибдаги тадбиркорлардан келган қуйидаги мурожаат бунга мисол бўла олади.

 

 

«СБХ»нинг 2013 йил 20 августдаги 33-сонида чоп этилган «Ён дафтарча ҳужжат эмас» сарлавҳали мақолани ўқиб, ҳуқуқларимиз борасидаги билимимиз янада кенгайди. Афсуски, амалиётда текширувчи билан солиқ тўловчининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамиша ҳам таъминланмоқда деб бўлмайди. Хусусан қисқа муддатли текширувни амалга оширувчи солиқ хизмати ходимлари учун ён дафтарча тадбиркорни айбдор қилишда ҳамон энг асосий ҳужжатга айланиб бораётган кўринади.

Бозорлар маъмурияти ва улар ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ўртасида бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови бўйича баҳс-мунозара юзага келганда ҳам нимагадир баҳслашаётган тадбиркорлар фаолияти бирданига қисқа муддатли текширувларга учрайди.

Бундан ташқари, текширувчиларнинг ҳар қандай қонуний ёки ноқонуний талаблари бажарилмаса, улар ҳамма мол-мулкимизни мусодара қилиш, текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган шахсларни асоссиз равишда ишга жалб қилиб, ҳамма ёқни тинтиб чиқишдан, ҳатто тадбиркорларда шахсий тинтув ўтказишдан ҳам тап тортмайдилар. Уларнинг ёнларидан чиққан шахсий пул ва буюмларини «солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаб, яширилган даромад» тарзида баҳолайдиган бўлиб қолишган.

Қонун доирасида бўлмаган бундай ҳаракатларни тўхтатишнинг иложи борми?

Сизга бозордаги дўконларимизда ўтказилган қисқа муддатли текширувлар далолатномаларини тақдим этамиз. Ушбу далолатномаларга асосланиб, текширувлар қай даражада қонуний ўтаётганлиги бўйича эксперт хулосаларини берсангиз.

Бир гуруҳ якка тартибдаги тадбиркорлар.

 

– Мурожаатингиз ва унга илова қилинган ҳужжатлар таҳлилидан келиб чиқиб, мавзуни икки қисмга, умумий қоидалар ва амалиёт қисмларига ажратишни мақсадга мувофиқ кўрдик.

Умумий қисмда сўз қисқа муддатли текширувлар қонунчиликка кўра қандай тартибда амалга оширилиши хусусида боради.

Амалиёт қисмида бизга тақдим этган ҳужжатларингиздан келиб чиқиб, сизда қисқа муддатли текширув қанчалик қонуний ўтказилганлиги, унда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида фикр юритамиз.

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг (ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Қоидалар) 62-бандига кўра бозорлар, унга туташиб кетган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, шунингдек улар ҳудудида фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, улар томонидан Қоидаларга, солиқ тўғрисидаги қонунларга, савдо фаолиятини тартибга солувчи нормаларга риоя қилинишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Лекин, Қоидаларнинг 67-бандида бир марталик йиғимларни ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақини, ижара тўловларини тўламасдан фаолиятни амалга оширувчи шахсларда солиқ текширувини ўтказиш эмас, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни жавобгарликка тортиш белгиланган.

Умумий қоидалар. Давлат солиқ органлари томонидан қисқа муддатли текшириш ўтказилаётганда текширувчи ходимлар текширув эълон қилинганидан кейин Солиқ кодексининг (СК) 93-моддасига асосан зарурат бўлганда, солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ҳамда бошқа бинолар, шу жумладан жойларни кўздан кечириши, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиши мумкин.

Инвентаризация ўтказилаётганда солиқ текшируви қайси шахсга нисбатан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс ёки унинг вакили қатнашишга ҳақли. Инвентаризация ўтказилаётганда зарур ҳолларда фото ва киносуратга олиниши, видеоёзувга туширилиши, ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиниши мумкин. Инвентаризация натижалари бўйича белгиланган тартибда баённома тузилади. Бундай инвентаризация бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахслари текширилаётган солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ, текширув мақсадларига тегишли ва текширилаётган даврга тааллуқли ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.

Солиқ тўловчи талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган тақдирда, текширувчи ходим СКнинг 95-моддасида назарда тутилган тартибда зарур ҳужжатларни олиб қўйишни амалга ошириши мумкин. Шунингдек, текширувчининг асослантирилган қарори асосида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари олиб қўйилиши мумкин.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметларини тунги вақтда – соат 23.00 дан 6.00 гача олиб қўйиш ман этилади.

Ҳужжатлар асл нусха ёки солиқ тўловчининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган кўчирма нусхалар кўринишида олиб қўйилади. Солиқ текширувига тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш ман этилади. Шунингдек, текширувчиларнинг тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган ҳужжатлар ва предметларни ҳам олиб қўйиши қатъиян тақиқланган.

Президентимизнинг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон) 1-илованинг 2-бандига кўра тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш чораси фақат суд тартибида қўлланиши мумкин.

Амалиёт. Сиз тақдим этган ҳужжатларнинг далолат беришича, Давлат солиқ қўмитаси Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси вилоят бўлими ходимлари томонидан буйруқ асосида бир неча тадбиркорларнинг фаолият юритаётган объектида назорат-касса машиналари, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳамда нақд пул муомаласини тартибга солиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан режадан ташқари қисқа муддатли солиқ текшируви ўтказилган. Мурожаатингизда ёритилганлардан хулоса қилинса, қисқа муддатли текширишлар амалга оширилишида амалдаги қонунчиликка тўлиқ риоя қилинмаган.

Хусусан:

1) кўпчилик ҳолларда Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 27.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2475-сон Низом) ва СКнинг талаблари бузилган.

Жумладан, тақдим этилган барча текшириш далолатномаларида тадбиркорлик субъектига қарашли хизмат кўрсатиш тармоғига «бир мижоз» (шахси кейинчалик маълум бўлишича) деган гувоҳлар кўрсатилган.

2475-сон Низомга кўра Давлат солиқ хизмати органи ходими томонидан назорат харидини ўтказишда ва унинг натижаларини расмийлаштиришда текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилади. Яъни холислар кейинчалик маълум бўлиши эмас, балки олдиндан жалб қилинган бўлиши керак. Шунингдек, қонунчиликда назорат харидини ўтказишда қатнашган холис унинг натижаларини расмийлаштиришда ҳам қатнашиши кераклиги белгиланган. Холисларнинг текширувларда далолатномаларда кўрсатилганидек тартибда иштирок этиши 2475-сон Низомда белгиланган холисларни жалб қилиш қоидасига тўғри келмайди.

Ушбу Низомнинг 4-бандида давлат солиқ хизмати органининг қисқа муддатли текшириш ўтказиш учун масъул ходимлари назорат харидини ўтказиш учун миллий валютадаги нақд пул маблағларини тегишли давлат солиқ хизмати органи кассасидан олиши белгиланган. Шунингдек, миллий ва чет эл валютасидаги нақд пул маблағларини беришда уларнинг қиймати, банкнотларнинг серияси ва рақамлари алоҳида варақда қайд этилиб, чиқим касса ордерига илова қилинади. Бунда ушбу варақ нусхаси тегишли давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимларига берилиши керак.

Сизнинг ҳолатингизда кўрсатилган барча текширувларда назорат хариди ушбу қоида талабларига риоя қилинмасдан ўтказилган.

Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича 2475-сон Низомнинг иловасида белгиланган шаклда уч нусхада Назорат харидини ўтказиш баённомаси расмийлаштирилиши керак. 2475-сон Низомнинг 19-бандида шунингдек, СКнинг 101-моддасида солиқ текшируви далолатнома билан расмийлаштирилиши ва Назорат харидини ўтказиш баённомаси мазкур далолатномага илова қилиниши кераклиги белгиланган. Лекин текширувларда белгиланган шаклдаги назорат хариди баённомаси тузилмаган, бунинг натижасида эса Солиқ кодекси ва 2475-сон Низом талабларига риоя қилинмаган;

2) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари текширувчининг асослантирилган қарори асосида олиб қўйилиши мумкин. Солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган предметларни олиб қўйиш эса фақат суд қарори асосида амалга оширилади.

Лекин тақдим этилган барча текширув далолатномаларида товарларнинг кирим ҳужжатлари мавжуд ёки йўқлигига аниқлик киритилмасдан бевосита фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган товарларнинг умумий қиймати кўрсатилган ҳолда суд қарорисиз олиб қўйилган;

3) текширув давомида СКнинг 92-моддасида текширувчилар текширишни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномани текширилувчига кўрсатилганлиги текширув далолатномасида акс эттирилмаган;

4) СКнинг 102-моддасида солиқ текшируви материаллари давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан солиқ текшируви тугаган кундан эътиборан 10 иш куни ўтгач, бироқ 15 иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. Бунда ушбу 10 иш куни ичида солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномаси бўйича ўзининг эътирозларини ёзма тақдим этишга ҳақли.

Солиқ тўловчи томонидан ёзма эътироз билдирилган тақдирда солиқ текшируви материаллари солиқ тўловчи иштирокида кўриб чиқилади.

Шунга аҳамият бериш керакки, СКга кўра текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома тузилиб, уни кўриб чиққан мансабдор шахс, солиқ тўловчи, шунингдек уларни кўриб чиқишда иштирок этган бошқа шахслар томонидан имзоланади, шундан сўнггина тегишли қарор қабул қилиниши мумкин.

Бизга тақдим этилган ҳужжатлар таҳлилининг кўрсатишича, текширув натижалари бўйича қарор қарор қабул қилинишида солиқ органи ходимлари томонидан СКнинг 102-моддаси талаблари бузилган. Масалан, ЯТТ «И» томонидан текширувдан кейин 5 кун ичида текширув далолатномаси бўйича текширувни амалга оширган Давлат солиқ инспекциясига эътирознома берилган бўлса-да, бу эътирознома кўриб чиқилмаган ҳолда баённома тузилмасдан қарор қабул қилинган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кўпчилик ҳолларда, шу жумладан тақдим этилган ҳужжатларда ҳам солиқ текшируви давомида 2475-сон Низомнинг 4, 5, 6, 7, 13 ва 19-бандлари, СКнинг 92, 95, 99, 101 ва 102-моддалари талабларига риоя қилинмаган.

СКнинг 104-моддасида текширувчилар томонидан СКнинг 15-бобига риоя этмаган ҳолда, яъни солиқ текширувини ўтказиш тартиби қоидаларига риоя этмаган ҳолда амалга оширган текширувлари юзасидан қабул қилинган давлат солиқ хизмати органининг қарори унинг юқори турувчи органи томонидан бекор қилиниши ёки мазкур қарорнинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

 

 

Албатта, солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан тегишли чоралар қўлланади. Ўз навбатида, амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланишича, «назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларини ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказганлиги учун шахсан жавобгар, ҳатто жиноий жавобгар ҳам бўладилар» (Президентнинг ПФ-3619-сон Фармони 2-банди).

Юқоридагилардан келиб чиқиб, солиқ текширувлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда ўтказилмаган ва ўтказилган текширувлар юзасидан эътирозлар бўлган тақдирда, СКнинг 122-моддасига асосан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиш тавсия этилади.

 

 

«Ён давфтарча ҳужжат эмас» («СБХ», 20.08.2013 йилдаги 33 (993)-сон), «Қисқа муддатли солиқ текширувлари хусусида» («СБХ», 29.10.2013 йилдаги 43 (1003)-сон), «Ҳуқуқларингизни билган ҳолда мажбуриятларингизни ҳам унутманг» («СБХ», 12.11.2013 йилдаги 45 (1005)-сон), «Кечқурунги текширув» («СБХ», 3.12.2013 йилдаги 48 (1008)-сон), «Текширув якунидаги далолатнома қандай расмийлаштирилади?» («СБХ», 17.12.2013 йилдаги 50 (1010)-сон) материалларига қаранг.

 

Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти

солиқ маслаҳатчиси Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 3656 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика