Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 45 / Мен – истеъмолчиман

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясидаги устуворликлар

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси деб юритилади) ходимлари жорий йилнинг 9 ойи мобайнида истеъмолчиларга 844 млн сўм қайтарилишига муваффақ бўлдилар. Реклама фаолияти ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини назорат этиш бошқармасига фуқаролар қилган мурожаатлар натижасида товарлар ва хизматлар учун истеъмолчилардан асоссиз равишда ундириб олинган тўловлар юзасидан қайта ҳисоб-китоб қилинди. 9 ой мобайнида истеъмолчилардан Қўмитага келиб тушган 3 мингдан ортиқ мурожаатлардан 60 фоизидан ортиғи уй-жой ва коммунал соҳадаги, 15 фоизи савдо соҳасидаги, 10 фоизи транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди.

Ана шу муддат мобайнида бошқарма ходимлари ўз ташаббуслари билан коммунал хизматларда ташкил этилган жамоат қабулхоналарида аҳолига 8 мингдан ортиқ маслаҳат бердилар. Бу эса кўпгина масалаларни жойнинг ўзида тезкорлик билан ҳал этишга ёрдам берди. Чунончи, туман газ таъминоти ташкилотларида 5 мингдан ортиқ қабул ўтказилди. Натижада 9 ой ичида газ таъминоти соҳасида 165,4 млн сўм, электр таъминотида эса 136 млн сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ана шу тажрибани кенгайтириш мўлжалланмоқда: йирик супермаркетларда истеъмолчилар учун маслаҳат бериш ишлари ташкил этилади. Бошқарма ходимлари турли соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқларига қандай риоя этилаётганлигини ўрганиш билан боғлиқ 678 тадбир ўтказдилар. Ана шу ишнинг натижалари бўйича ҳам қоидабузарликлар аниқланди: асоссиз равишда одамлардан 901,5 млн сўм пул маблағи олинганлиги аниқланди ва пуллар фуқароларга қайтариб берилди. 51 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 24,4 млн сўмлик маъмурий жазо чоралари кўрилди.

 

МУАММОЛАРНИ КЎРСАТУВЧИ ВОСИТА

– Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси истеъмолчиларга сифатли товарлар ва хизматлар тақдим этилиши устидан назорат олиб боради, – дейди Қўмитанинг реклама фаолияти ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини назорат этиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов. – Уларнинг мурожаатлари биз учун ўзига хос синов воситаси бўлиб, у ёки бу соҳадаги муаммоларни ёрқин кўрсатиб беради. Биз уларни ўрганиб чиқиб, аниқ амалий чоралар кўрамиз. Агар шикоятларнинг катта қисми уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасига тўғри келаётган бўлса, демак, бу соҳа алоҳида диққат-эътиборни тақозо қилмоқда. Шу сабабли ўз вақтида коммунал хизматларда жамоат қабулхоналарини ташкил этдик. Лекин бугунги кунда у етарли эмаслиги аён бўлиб қолди. Мақсадимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан чекланиб қолмайди. Биз уларга қонун ҳужжатларининг асосларини ўргатишимиз ҳам керак. Зотан, истеъмолчи бундай асосларни эгаллаб олгач, ўзининг қонуний манфаатларини мустақил тарзда ҳимоя эта олади. Бинобарин, билимдон истеъмолчи бозорга, товарлар ва хизматларнинг сифатига таъсир ўтказиши, ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларни бизнес ишини маърифатли тарзда олиб боришга ундаши, мажбур қилиши мумкин. Айни шунинг учун ҳам яқин кунлар ичида ишимиз йўналиши доирасини кенгайтирмоқчимиз. Ҳозирги кунда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат бошқарув органи барпо этиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Бундай идоранинг чизгилари энди-энди шакллана бошлади ҳам. Вақти келиб бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш соҳасидаги сиёсатни олиб борувчи, давлат органлари, ҳар хил идораларнинг шу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи тўлақонли тузилма бўлиб қолиши мумкин. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш замирида бағоят кенг кўламдаги масалалар ётибди. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил этилиши ҳам мумкин. Маҳсулотларни тест синовидан ўтказиш, мустақил лабораториялар тармоғини барпо этиш борасида ҳам яхши мўлжаллар бор.

 

КОРЕЯ ТАЖРИБАСИ БИЗГА КЎМАКЧИ

Ана шундай тузилма барпо этиш ғояси Ўзбекистон ҳукумати делегацияси 2013 йили Корея Республикасига қилган ташрифи якунлари асосида туғилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Корея Республикаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Бу йил кореялик ҳамкасабаларимиз жавоб ташрифи билан мамлакатимизда бўлишди. Биз Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш тизимини ривожлантиришнинг қўшма ҳаракат дастурини имзоладик. Бу ҳужжатда тажриба алмашиш, мутахассислар, ахборот алмашинуви, учрашувлар, семинарлар, тренинглар ўтказиш, биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Тафсилотларига мукаммалроқ тўхталадиган бўлсак, бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан кореялик ҳамкасабаларимизнинг ёрдами, уларнинг аҳолига истеъмолчилик йўналишидаги билимлар асосларини ўргатишдаги, бошланғич мактаблар, академик лицейлар, ҳунар-техника коллежлари учун дарсликлар тайёрлашдаги тажрибаси ҳамдир.

Кейинги йилларда бизда истеъмолчилик соҳасидаги саводхонлик анчагина ошди. Фаоллик тўғрисида эса бундай деб бўлмайди – бу борада ишларнинг аҳволини яхшилаш лозим. Афтидан, бу ерда гап Шарқ ақл-заковати (менталитети), анъаналарида бўлса керак. Зотан, машриқ ўлкаларида одамлар бир-бири билан жанжаллашмасликка, муаммони тинч йўл билан ҳал этишга ҳаракат қиладилар, ўз нуқтаи назарини, ҳатто ҳақ эканлигини кўрсатиб қўйиш мумкин бўлган жойларда ҳам, ўз зиёнларига бўлса-да, лом-мим демай қўя қоладилар. Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилган ҳоллардаги ҳаракатсизлик қош қўяман деб кўз чиқаришга, яхшилик қиламан деб ёмонлик қилиб қўйишга тенгдир. Фуқаролар ношуд ишлаб чиқарувчиларга, нотовон сотувчиларга, хизмат кўрсатиш соҳасининг бебурд ходимларига индамай қўя қолиш билан қоидабузарликлар учун мақбул замин яратиб берадилар. Бундай ёндашувни барча йўналишлар бўйича ахборот ишларини кучайтириш орқали барҳам топтириш мумкин.

Кореяда «ақлли, оқил» истеъмолчиларни тарбиялашга зўр бермоқдалар. Бу мамлакатда истеъмолчилик билими берадиган 4 та мактаб ишлаб турибди, уларда бу соҳа учун мутахассислар тайёрланмоқда. Бизда ҳам шу йўналишда иш бошлаб юборилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорининг (28.11.2002 йилдаги 414-сон) 7-банди билан Республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича идоралараро кенгаш билан биргаликда 2003–2004 ўқув йилида барча таълим муассасалари дастурига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича махсус курслар киритиш вазифаси топширилди. Биз махсус дарс (фан) жорий этиш, дарсликлар чиқариш тўғрисида таклиф киритмоқчимиз. Негаки, физика ёки геометрия фани бўйича олинган билим кимларгадир бутун ҳаёти мобайнида асқотмаслиги мумкин, истеъмолчилик соҳасида олинган бошланғич таълим эса жуда-жуда керакли нарса. Ҳар биримиз ҳар куни, ёшимиз, ихтисосимиз, маълумотимиз ва бошқа тафовутлардан қатъи назар, истеъмол бозорида муносабатлар субъектига айланамиз. Лицей ва коллежлар талабалари ўртасида ҳар йили энг саводхон истеъмолчи деган ном учун танловлар ўтказамиз, бу танловларда 600 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок этади. Бу иш дуруст натижа бермоқда. Энди мазкур тажрибани олий ўқув юртларининг талабалари, мактаб ўқувчилари, турли муассасаларнинг ходимлари ўртасида кенг ёйишни мўлжалламоқдамиз. Фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ноёб институти бўлган, азал-азалдан бир ерда яшовчиларнинг бошини бириктирадиган маҳаллаларда бу ишни кучайтиришдан умидимиз катта. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳозирги кунда кўпгина ижтимоий масалаларни ҳал этмоқда. Биз маҳаллаларда жамоат назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссиялари тузишни таклиф этмоқдамиз. Бундай комиссиялар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш силсиласида бирламчи бўғим бўлиб қолмоғи, бизнинг бошқарма ва нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоғи лозим. Комиссиялар муайян масалаларни жойнинг ўзида ҳал эта оладилар ва баъзи масалаларни ўрганиб чиқиш, амалий чора-тадбирлар кўриш ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Қўмитага ўтказишлари лозим.

 

СИФАТГА ТАЪСИР ЭТИШ ЙЎЛИ БОРМИ?

Иш режаларимизда маҳсулотни тест синовидан ўтказиш мўлжалимиз бор. Бу нарса истеъмолчи манфаати учун ҳам, ишлаб чиқарувчи ва умуман олганда иқтисодиёт манфаати учун ҳам муҳимдир. «Ўзстандарт» агентлигида 400 га яқин лаборатория аккредитация қилинган бўлиб, улар маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини текширувдан ўтказадилар, бироқ иш натижаларидан фуқаролар баҳраманд бўлмаётир. Бошланғич босқичда бу ишни «Ўзстандарт» базасида ташкил этишни мўлжалламоқдамиз, шундай ҳамкорлик йўллари устида иш олиб бормоқдамиз. Истиқболда мустақил лабораториялар тармоғини ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқдамиз. Тест синовларининг натижалари сайтга жойлаштирилади ва харидорларга тўғри танловни амалга оширишда ёрдам беради. Бу борада ҳам Корея агентлиги тажрибасини ўрганмоқдамиз. Агентлик таркибида 47 та мустақил лаборатория бор экан. Интернет-порталда 130 номдаги товарни тест синовдан ўтказиш натижалари тақдим этилган. Бундай ахборотларни таҳлил этиб, бизнинг бозорларимизда бўлмаган маҳсулот бўйича таҳлил натижаларини истеъмолчиларга тақдим этмоқчимиз.

Корея Республикасида биз бориб кўрган корхоналарнинг истеъмолчилар билан қай йўсинда иш олиб бориши кўпчилигимизни ажаблантирди. Ҳар бир ишлаб чиқаришда бевосита мулоқот алоқаси амал қилмоқда. Мутахассисларнинг бағоят кўпчилиги истеъмолчиларнинг саволларига жавоб берар эканлар, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, ана шу мурожаатларни ишловдан ўтказар ҳам эканлар. Маҳсулотни мукаммаллаштириш ва сифатини яхшилашда бу йўсин ёндашув жуда муҳимдир. Бизда носозлик юзага келганда, айниқса кафолат муддати тугаганидан кейин шундай ҳол юз берганда, истеъмолчи товарни хусусий шахсга – устага тузаттириш учун олиб боради. Ишлаб чиқарувчи эса ўз маҳсулоти билан боғлиқ муаммо, уни ишлатишдаги носозлик ва камчиликлардан хабарсиз қолаверади. Биз фуқароларни ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорлик ва мулоқот унинг ўзи учунгина эмас (товарни алмаштириб олиш, таъмирлатиш имконияти), маҳсулот сифатини яхшилаш учун ҳам муҳим эканлигига ўргатмоғимиз даркор. Бу аслида бозорга, ишлаб чиқарувчиларга реал таъсир кўрсатиш, уларни стандарт талабларига мувофиқ ишлашга мажбурлаш йўлларидан биридир. Мураккаб маиший техникага сервис хизмати кўрсатиш (айниқса минтақаларда) тизими яхшиланишга муҳтож. Биз ягона бевосита мулоқот маркази барпо этишни мўлжалламоқдамиз. Бу марказ фуқароларнинг маҳсулот ва хизматлар сифати билан боғлиқ масалаларини ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини жамлаш билан шуғулланади.

Кореялик ҳамкасабалар нуқсонли ёки стандартга номувофиқ бўлган маҳсулотларни чақириб (қайтариб) олиш амалиётини кенг қўллаб келмоқдалар. Бу бозор иқтисодиёти учун табиий ҳодиса саналади. Биз ҳам шу йўналишда иш олиб боришни мўлжаллаб турибмиз. Бундан бир неча йил муқаддам Қўмита «Нексия» автомобилларини чақириб (қайтариб) олиш ташаббуси билан чиқди. Ўшанда бу машинанинг люкс вариантида қорайтирилган ойна ўрнига оддий ойна ишлатилган экан. Бу ҳол унинг нархига таъсир этмоғи лозим эди. Биз ишлаб чиқарувчига маҳсулотларини қайтариб олиш ва автомобиль эгалари билан масаланинг муқобил ечимини топиш ҳақида ёзма кўрсатма бердик. Тест синовлари ўтказиш натижасида ишлаб чиқарувчилар нуқсонли товарларини бозордан қайтариб олишга мажбур бўлади. Келгусида ишлаб чиқувчилар билан, турли идоралар билан ишни яна пухтароқ мувофиқлаштириб боришни, товарлар ва хизматларнинг сифати масалалари анчагина кенг муҳокама этиладиган ижтимоий тармоқларни чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқдамиз.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз. 

Прочитано: 2435 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика