Norma.uz

Ишга-ку жойланибсиз, буёғига хато қилманг!

Уқув, дид билан ёзилган тавсифнома, суҳбатдан ёруғ юз билан ўтиш ишга эга бўлишнинг кафолатидир*. Янги, бўш иш жойини топиш муҳим, унда ўрнашиб олиш эса янада муҳимроқдир.

 

Деярли барча меҳнат шартномаларида синов муддати ҳақида банд учрайди. Меҳнат кодексининг 85-моддасига биноан дастлабки синов муддати уч ойдан ошиши мумкин эмас. Ана шу фурсат мобайнида иш берувчи янги ходимни синчковлик билан кузатади, салоҳияти, кучига баҳо беради. Мутахассис эса, ўз навбатида, янги жойда ўзини синаб, ишнинг яхши ва ёмон жиҳатларини салмоқлаб кўради. Кўп йиллик меҳнат стажига эга HR-менежер Раъно ТОЛИПОВАнинг айтишича, кутганларингиз оқланган, раҳбар эса сизнинг тимсолингизда зўр мутахассисга эга бўлган тақдирда ҳам қуйидаги кўп такрорланадиган хатоликларни содир этмасангиз ва экспертларнинг маслаҳатларига риоя этсангиз, ютуқ, шак-шубҳасиз, сизники бўлади.

 

БИРИНЧИ ХАТОЛИК:  ТАШАББУСКОРЛИК ҲАМ МЕЪЁРИДА БЎЛГАНИ ДУРУСТ

Ташаббускорлик ҳамиша ҳам маъқул кўрилавермайди, баъзи ҳолларда ҳатто жазоланиши ҳам мумкин. Айниқса, иш бошлаган дастлабки кунларда одам ташаббускорликка унча интилмаслиги лозим. Мутахассис янги иш жойини ўзлаштириши, бу жой, соҳа ҳақида, жамоа тўғрисида, ўзининг иш стратегияси хусусида керакли ахборотларни олиш ва «ҳазм қилиш» учун унга бир ойча муддат керак. Ана шу вақт мобайнида ходим янги, жўяли ғояларни ўртага ташлагандан кўра кўпроқ кузатиб ва тинглаб боргани маъқул. Акс ҳолда вақти ва куч-ғайратини беҳуда сарфлаши ёки янги ҳамкасабаларининг пичинги, истеҳзо билан қараши сингари номатлуб ҳолатларга дуч келиши эҳтимоли бор. Бошқа бирон ходим ёки, яна ҳам ёмонроғи раҳбарнинг ўзи янги лойиҳани сизлардан олдин ўйлаб топишини кутиб, қўл қовуштириб ўтириш ёки жимгина кутиб туриш кўнгилсиз, оқибати ёмон иш. Шу сабабли ҳам бу ўринда мувозанатни сақлай билиш жуда муҳимдир. Синов муддати даврида етарли даражада ташаббускорликка эришмаган бўлсангиз, сира ташвишланманг. Бинобарин, янги ходимдан аввалига ҳеч ким мўъжиза кутмайди.

 

ИККИНЧИ ХАТОЛИК:  ЖОНБОЗЛИК БИЛАН ЙЎҒРИЛГАН МЕҲНАТСЕВАРЛИК

Бу тахлит хатолик учун... сизни кўпчилик иш берувчилар ёқтириб қолиши турган гап. Ҳар қандай бошлиқ қўлида иш вақтидан ташқари ишлайдиган, тушликка нари борса 20 дақиқа сарфлайдиган, кунлик нормасини ошириб адо этадиган ходим бўлишидан манфаатдор эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, худди шу тартибда ишлаш талаб этиладиган фавқулодда, ҳалокатли вазиятлар ҳам бўлиб туради. Ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, кўпгина ходимлар шу йўсин ўзларини иш берувчилар олдида яхши қилиб кўрсатишга, синов муддатидан муваффақиятли ўтиб олишга ҳаракат қиладилар. Раҳбарият олдида ўзини яхши кўрсатишга уринмасликни қатъиян маслаҳат берган бўлур эдим. Ҳар тарафлама билимдон бошлиқ мутахассиснинг хушомадгўйлигини эмас, балки энг аввало малакаси ва тажрибасини эътиборга олади. Эришилган натижа эса, шундай мезонки, унга қараб сизга баҳо беришади. Борди-ю, иш куни тугагани ҳамони, офисдан чиқиб кетишда ноқулайлик ҳис этаётган бўлсангиз, бошқалардан ажралиб қолмаслик учун иш жойида қўшимча равишда 15 дақиқача бўлиб туринг. Тушлик вақтини ҳам қисқартириш тавсия этилмайди. Қонун ҳужжатларимизда бунга иш вақтингизнинг бир соатини ажратиш назарда тутилган экан, ундан овқатланиш ва дам олиш учун фойдаланинг. Парҳез қилаётган бўлсангиз ёки тушлик таом истеъмол қилиш кўп вақтни олмаса ҳам, иш жойига қайтишга ошиқманг. Қолган вақтни шунчаки сайр қилиш билан ўтказинг (ички ҳужжатларда бу нарса ман этилган бўлмаса). Бу йўсин дам олиш меҳнат қобилиятингизни оширади, юзага келиши мумкин бўлган стресс ҳолатлари измига тушиб қолишингизнинг олдини олади.

 

УЧИНЧИ ХАТОЛИК:  КЕЧ ҚОЛИШЛАР БОТ-БОТ ТАКРОРЛАНСА

Ҳар қандай кишининг энг яхши фазилати ишни пухта қилиши ва батартиблигидир. Ишдаги янги одам учун эса бу энг биринчи талабдир. Мабодо бошлиғингиз ишга кўпинча тушдан кейин келса, бошқа ходимларда ҳам кечикиб туриш ҳоллари бўлса, бундай қусур учун мени ҳам кечиришар деб ўйламанг. Ҳатто ишдан бўшатмаганлари тақдирда ҳам бундай хатти-ҳаракатингиз раҳбарнинг ва хизматдошларнинг хотирасидан узоқ вақт ўчмаса керак. Узрли сабаблар бўлганда эса, озгина кечикишга йўл қўйиш мумкин, лекин шунда ҳам раҳбарни ёки ваколатли ходимни олдиндан огоҳлантириб қўйиш лозим.

 

ТЎРТИНЧИ ХАТОЛИК:  РИСОЛАДАГИДЕК, ХИЗМАТДОШЛАР ҚАТОРИ КИЙИНМАСАНГИЗ

Шундай компаниялар борки, уларда ички ҳужжатга кўра муайян уст-бошда (формада) бўлиш талаб этилади. Бундай тартибга риоя этмаслик, кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши табиий. Борди-ю, сиз ишлаётган компанияда махсус уст-бош кийиш белгиланмаган бўлса, бундан офисга ўзингиз ёқтирадиган, йиртиқ-ямоқ жинси кийиб келиш мумкин экан, деган маъно келиб чиқмайди. Хушбичим, ўзига ярашиб турган кийим кийиш ҳеч кимни ҳеч қачон доғда қолдирмайди.

 

БЕШИНЧИ ХАТОЛИК:  ТЕЗ ДЎСТЛАШИБ КЕТИЛСА

Дўстлашув, тез киришиб кетиш яхши фазилат, аммо бунинг ҳам меъёри бор. Шуни унутмаслик керакки, одамлар ишга дўстлашиш учун эмас, аввало ишлаш учун келишади. Одамовилик, ётсираб туриш, ичимдагини топ қабилида бўлиш обрў-эътиборингизга зарар етказиши мумкин. Аммо дўстона муносабатларни ўрнатишдан аввал, ҳамкасабаларга нисбатан диққат-эътиборли бўлишни, уларни яхшироқ билиб олишни тавсия этган бўлур эдим. Дастлабки ойлар шундай тажриба, синовлар учун энг маъқул фурсатдир. Баъзи экспертлар ишда дўст орттиришни мутлақо тавсия этмайдилар. Бошқалари эса бундай муносабат жамоани бирлаштиради, бир жону-бир тан бўлиб ишлашни ўргатади, дуруст натижа келтиради, деб ҳисоблайдилар. Ўртамиёна йўл тутилгани маъқул. Бу йўналишда ҳам шошилмай, мулоҳаза билан иш олиб бориш керак.

 

ОЛТИНЧИ ХАТОЛИК:  НОЎРИН ВА НОКЕРАК САВОЛЛАР

У ёки бу саволни берганда жуда эътиборли бўлинг. Кадрлар билан ишлаш бўлимидаги танишим янги ходим бир ой ишламай туриб, таътил олиш эҳтимоли ҳақида қизиқиб қолганлиги туфайли, гап-сўзга қолганлигини айтиб берган эди. Иш бошланган кезлари иш ҳақини ошириш ва хизмат пиллапоясида юқорига кўтарилишга тааллуқли саволлар бериш ножоиздир. Бундай саволларни янги жойда иш бошланган дастлабки даврда эмас, балки ишга киргунга қадар суҳбатлашув асносида бериш ўринлидир.

 

ЕТТИНЧИ ХАТОЛИК:  ИШ МАРОМИГА КЎНИККУНЧА

Юқорида зикр этилганидек, ҳеч ким янги ходимдан ғайритабиий нарса, натижа кутмайди. Зотан, синов муддати хатолик, туртилиш, янги иш билан танишув даври бўлиб, уни ҳар бир омилкор иш берувчи яхши билади. Одам ўзидан дарҳол зўр ютуқ талаб этиши ўринсиз бўлгани каби, йўл қўйилган хатолик учун ўзини ўзи койиши ҳам ярамайди. Бунинг ўрнига ҳар бир йўл қўйилган камчиликнинг сабабини аниқлаш, вазиятни тушуниб етиш, хатоликни тузатишга интилиш ва келгусида бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилиш керак. Ишламаган, ҳеч нарса қилмаган одам хато қилмайди деган гап бежиз эмас-ку, ахир?!

 

САККИНЧИ ХАТОЛИК:  ОРТИҚЧА ЮК ОСТИДА ЭЗИЛИБ

Кўпгина ходимлар иш берувчида яхши таассурот қолдириш учун бор маҳорат ва кўникмаларини «таг-томири билан» ишга солишга ҳаракат қиладилар. Бемаврид чираниш, ортиқча зўриқиш куч-ғайратни олади, оқибат натижада стресс ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Натижада иш қобилияти пасайиб, кўплаб хатоликларга йўл қўйиш, ҳатто касалликка мубтало бўлиб қолиш мумкин.

* * *

– Меҳнат фаолиятингизнинг бошланишида қандай хатоликларга йўл қўйгансиз?

 

Мухбиримиз ана шундай савол билан бир қанча амалиётчи мутахассисларга мурожаат этди.

 

И.Власова, савдо-сотиқ бўйича менежер:

– Ўзимни зўр, супер ходим қилиб кўрсатмоқчи бўлганим кечагидек эсимда. Топширилган вазифаларни бўлимдагилардан барвақтроқ бажаришга ҳаракат қилиб, уйга иш олиб кетган пайтларим ҳам бўлган. Раҳбаримиз мендан мамнун бўлиб, зиммамга қўшимча мажбуриятлар ҳам юклаб қўйганди. Натижада ортиқча иш туфайли уйқусизлик касалини орттириб олдим, хизматдошларим ҳам менга ола қарай бошлашди, бошлиқдан эса, устама иш ҳақи ҳам, мукофотдан ҳам дарак бўлмади.

 

М.Абдуғаниева, бухгалтер:

– Бош бухгалтер бўлиб иш бошладим, бутун бир бўлим раҳбарлиги қўлимга ўтди. Бўлимдаги ходимларга қаттиққўл бошлиқ эмас, балки эгачи ёки дугонадек бўлишга ҳаракат қилдим. Бўл, ҳа, бўл тарзида, кеч қолиб ишлашни тақозо этувчи мураккаб ҳисобот даври яқинлашмагунча, бундай муҳитда ишлаш кўнгилдагидек борди. Ҳисобот даври яқинлашгач, барвақт уйга кетиш, отгул олиш, таътилга чиқиш илтимослари бошланди. Тўғри гапимни ҳам оғриниб қабул қиладиган бўлишди. Ана шунда ишни дўстона муносабатлар асосида қуришга берилиб кетиб, меъёрни унутиб қўйганлигимни тушуниб етдим. Ҳисобот давридан ўтиб олдик, лекин бу мен учун ниҳоятда оғир иш кунлари бўлди. Менга яхши сабоқ берди бу.

 

Г.Ғофуржонова, офис менежери:

– Биринчи иш кунининг ўзида хато қилганим сира ёдимдан чиқмайди. Жамоамиз катта эди. Мен ҳаммасини эслаб қолишга ҳаракат қилар, ҳамма ерга ён дафтар билан бориб, кўп савол берар, бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларини билгим келар эди. Эртаси куни ортимдан кулишаётгани, кўз қисиб қўйишаётганини ҳис этдим. Керакли ахборотни тўплай қолай деб, ортиқча хатти-ҳаракат қилганимни, ошириб юборганимни англадиму, аҳволни дарҳол тузата қолдим.

 

Янги ходим учун бир нечта оддий қоида:

 ишга кечикманг;

 дид билан, аммо кўзга ташланиб турмайдиган тарзда кийининг;

 хушмуомала бўлинг;

 асабийлашманг;

 камроқ гапириб, кўпроқ тингланг;

 ҳаммасини бирйўла билиб оламан деб уринманг;

 раҳбар ва ҳамкасблар олдида ялтоқланманг;

 хато қилишдан чўчиманг.

 

*«Ишга жойлашиш: синов суҳбатининг сирлари» («Норма маслаҳатчи»нинг 6.05.2014 йилдаги 18 (459)-сони).

 

Наталья СПИРИДОНОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 580 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика