Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 7 / Мутахассислар тушунтирадилар

ҚҚС базани кенгайтирди

25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан Солиқ кодексининг (бундан кейин – СК) 204, 208 ва 211-моддаларига қўшилган қиймат солиғи қўлланишини тартибга соладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Хусусан, СКнинг 204-моддасига киритилган қўшимчаларда назарда тутилишича, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кейинчалик реализация қилиш учун юридик шахслар томонидан давлат резервидан олинган, нархлари давлат томонидан тартибга солиниши белгиланган товарлар бўйича ҚҚСга доир солиқ солинадиган база реализация қилиш нархи ва олинган нарх ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади. Бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда база уларни реализация қилиш қиймати асосида, унга ҚҚС ҳамда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ киритилмаган ҳолда ҳисобланади.

2014 йил 1 апрелдан бошлаб СКнинг 208-моддасида назарда тутилган айрим нормалар чиқариб ташланади. Улар жумласига устав фондига (устав капиталига) ҳисса ёки пай бадали сифатида бериладиган асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш объектларини реализация қилиш оборотлари бўйича имтиёзлар киради. Шу сабабли II чоракдан бошлаб уларни, шу жумладан устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида бериладиганларини ҳам реализация қилиш қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш оборотлари ҳисобланади.

СКнинг 204-моддасида белгиланишича:

асосий воситалар ва номоддий активлар реализация қилинган тақдирда, солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида;

қурилиши тугалланмаган объект реализация қилинган тақдирда – ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, қурилиши тугалланмаган объектни реализация қилиш нархи билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади.

5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га1 кўра, қолдиқ ёки баланс қиймати – жамланган амортизация суммасини чегирган ҳолда асосий воситаларнинг бошланғич (тиклаш) қиймати, тўлиқ амортизацияланган объектлар бўйича эса баланс қиймати нолга тенг.

1-МИСОЛ. ҚҚСни ҳисобга олганда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати 120 млн сўмни ташкил этади, эскириш – 50 млн сўм, қолдиқ қиймат – 70 млн сўм (120 – 50), реализация қилиш нархи – 200 млн сўм. Солиқ солинадиган оборот 130 млн сўмга (200 – 70) тенг. Бюджетга 21,67 млн сўм (130 х 20 / 120) ҚҚС тўланади.

2-МИСОЛ. ҚҚСни ҳисобга олганда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати 120 млн сўмни ташкил қилади, эскириш – 50 млн сўм, қолдиқ қиймат – 70 млн сўм (120 – 50), реализация қилиш нархи – 70 млн сўм. Солиқ солинадиган оборот 0 га (70 – 70) тенг.

3-МИСОЛ. ҚҚСни ҳисобга олганда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати 120 млн сўмни ташкил қилади, эскириш – 50 млн сўм, қолдиқ қиймат – 70 млн сўм (120 – 50), реализация қилиш нархи – 50 млн сўм. Реализация қилиш нархи қолдиқ қийматдан пастлиги сабабли ҚҚС бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

Тугалланмаган қурилиш объекти реали­за­ция қилинаётганда солиқ солинадиган база резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобва­рақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдо) тузатилган, уни реализация қилиш нархи билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида (яъни бундан олдинги қўшимча баҳолашлар суммаларининг ушбу объектни бундан олдинги арзонлаштиришлар суммасидан ошиши) белгиланади.

4-МИСОЛ. Корхона тугалланмаган ишлаб чиқариш объектини 156 млн сўмга реализация қилади. Унинг бошланғич (тиклаш) қиймати ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олганда 288 млн сўмни ташкил қилади, ҳисоблаб ёзилган амортизация – 172,8 млн сўм, қолдиқ (баланс) қиймат – 115,2 млн сўм (288,0 – 172,8). Солиқ солинадиган база ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 40,8 млн сўмга (156,0 – 115,2) тенг. ҚҚС 6,8 млн сўмни (40,8 х 20 / 120) ташкил этади.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоб-китобда2 корхоналар Ҳисоб-китобга 4-илованинг 0105-сатри бў­йича асосий воситалар ва номоддий активлар, тугалланмаган қурилиш объектлари реализациясини акс эттирадилар. Бу ҳолда ҳисобварақ-фактуралар қуйидагича тўлдирилади:

1-устунда асосий воситалар, номоддий активлар, тугалланмаган қурилиш объектларининг номи кўрсатилади;

2-устунда ўлчов бирлиги кўрсатилади;

3-устун тўлдирилмайди;

4-устунда асосий воситалар ёки номоддий активларнинг қолдиқ қиймати (тугалланмаган қурилиш объектлари бўйича – уларнинг ҳақиқий таннархи) кўрсатилади;

5-устунда СКнинг 204-моддасига биноан белгиланган солиқ солинадиган оборот миқдоридан ҳисоблаб чиқилган ҚҚС суммасини унга киритган ҳолда реализация қилиш нархи кўрсатилади;

6 ва 7-устунларда «Акциз солиғисиз» штампи қўйилади (ёки ёзиб қўйилади);

8-устунда – ҚҚС ставкаси;

9-устунда СКнинг 204-моддасига биноан аниқланадиган солиқ солинадиган базадан ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси кўрсатилади. Агар солиқ солинадиган база нолдан кичик ёки унга тенг бўлса, яъни 4-устун суммаси 5-устунда кўрсатилган суммадан катта ёки унга тенг бўлса, 9-устун тўлдирилмайди;

10-устунда СКнинг 204-моддасига биноан аниқланадиган солиқ солинадиган базадан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини унга киритган ҳолда реализация қилиш нархи кўрсатилади (бунда у, агар 5-устунда кўрсатилган нарх 4-устунда кўрсатилган суммадан катта бўлган тақдирда тўлдирилади).

Асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари текинга берилганда ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш худди шундай тартибда амалга оширилади.

 

 1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.

 

Дилфуза ШУКУРОВА,

Молия вазирлиги ҳузуридаги
Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармаси эгри солиқлар ва
божхона тарифларини тартибга солиш бўлими бошлиғининг ўринбосари.

Прочитано: 2521 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика