1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни ҳар йили қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ корхонамиз асосий воситаларни қайта баҳолашни мунтазам равишда ўтказади. Натижада захира фондимиз ҳисобида анчагина сумма тўпланиб қолди. Муассисларимиз уни устав капиталини тўлдиришга йўналтиришни режалаштиряптилар.
Биз захира фонди суммасини устав капиталини тўлдиришга йўналтириш ҳуқуқига эгамизми? Агар бундай ҳуқуққа эга бўлсак, мазкур ҳолда қандай проводкалар қилинади?
– 14-сон БҲМСнинг1 10-бандига мувофиқ соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади. Бошқача айтганда, у жамиятнинг ўз капитали, яъни – устав, захира фондлари ва тақсимланмаган фойданинг суммаси.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 16-моддасида жамият устав фондини жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтиришга рухсат берилади. Унинг 17-моддасида эса чеклов мавжуд: жамият устав фонди (устав капитали) жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириладиган сумма жамият соф активларининг қиймати билан устав фонди (устав капитали) ҳамда захира фонди суммаси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак. Шу тариқа, устав фондини соф активлар қиймати билан устав капитали ҳамда захира фонд суммаси ўртасидаги фарққа кўпайтириш мумкин, бу эса, моҳиятига кўра, жамиятнинг тақсимланмаган фойдасини ташкил этади.
2002 йилнинг 1 январидан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар асосий фондларни уларнинг қийматини жорий нархларга мувофиқлаштириш учун қайта баҳолайдилар. Бунинг натижасида активлар қийматини ошириш билан бир қаторда захира фонд суммасини ошириб, алоҳида 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағида акс эттирадилар. Бироқ қайта баҳолашнинг жамғарилган қиймати ҳисобига устав фондини кўпайтириш мумкин деб ҳисоблаш керак эмас. Бундай хулоса учун бир нечта далил-исбот мавжуд.
Биринчидан, асосий фондларни қайта баҳолаш қонун ҳужжатларининг қўшимча талаби бўлиб, у МЧЖ тўғрисидаги Қонун билан тартибга солинмайди. Унинг мақсади активларни бозор нархларига яқин нархлар бўйича ҳисобга олишдан иборат. Шу сабабли захира фонд жамиятнинг зарарларини қоплаш ва жамият томонидан устав фондидаги улушни олиш учун мўлжалланган бўлиб (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 27-моддаси), фақат шу мақсадга хизмат қилади. Тегишинча, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг барча қоидалари, «мол-мулк» тушунчасидан бошлаб, асосий фондларни қайта баҳолаш тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олмайди.
Иккинчидан, 5-сон БҲМС2, 21-сон БҲМС3, 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни ҳар йили қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низом4 ва Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисобини тартибга соладиган бошқа меъёрий ҳужжатларда жамғарилган қайта баҳолаш суммасини камайтириш вариантларининг ёпиқ рўйхати назарда тутилган:
а) асосий фондлар бундан кейин арзонлаштирилган тақдирда аввалги қайта баҳолашлар суммаси юзага келган арзонлаштиришлар суммасига камайтирилади;
б) асосий фондлар чиқиб кетганда муайян актив бўйича жамғарилган қайта баҳолаш чиқиб кетишдан молиявий натижага киритилиб, кейин тақсимланмаган фойда таркибида акс эттирилади;
в) жамият тугатилганда мол-мулкни жамғарилган қайта баҳолаш суммаси иштирокчилар ўртасида уларнинг улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Шу тариқа, қайта баҳолаш бўйича захира устав фондини кўпайтиришга йўналтирилса, тегишли активлар чиқиб кетаётганда зарур суммани молиявий натижага киритишнинг имкони бўлмайди, бу эса ЎзР қонун ҳужжатларига зиддир. Бунинг устига мазкур далил фойда, инфратузилма солиқлари ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани қасддан камайтириш сифатида қаралади.
Учинчидан, 21-сон БҲМСда соф фойдани жамиятнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтириш бўйича қуйидаги бухгалтерия проводкалари назарда тутилади:
Фойданинг бир қисми устав капиталини кўпайтиришга йўналтирилган: ҳисоблаб ёзилган дивидендлар миқдорида устав капиталини кўпайтиришга йўналтириладиган фойда миқдорида |
8710
6610 |
6610
8310– 8330 |
Фойдани устав фондини кўпайтиришга йўналтириш 6610-«Тўланадиган дивидендлар» ҳисобварағи орқали ўтказилишига эътибор беринг. Яъни иштирокчилар дивидендлар тарзида фойда олиш ўрнига уни устав фондини кўпайтиришга йўналтирадилар. Улар мол-мулкни қайта баҳолаш бўйича захирани жамият тугатилгунгача ёки унинг бир қисмини алоҳида актив чиқиб кетгунига қадар ололмасликлари сабабли ушбу захирани устав фондини кўпайтиришга йўналтириш ҳам мумкин эмас.
1«Хусусий капитал тўғрисида ҳисобот» (молия вазирининг АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
2«Асосий воситалар» (молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
3«Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома» (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
4МИСВ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Татьяна ШАЛУНОВА, «RASTAX GROUP» МЧЖ СМТ бош директори,
солиқ маслаҳатчиси, аудитор, CIPA, DipIFR.