Norma.uz

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

 

 

 

            ҚАШҚАДАРЁГА ХУШ КЕЛИБСИЗ

Вазирлар Маҳкамаси 1.11.2013 йилдаги 294-сон қарор билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган 2013—2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастурини тасдиқлади.

Қарор билан туризм соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари ҳамда кўламларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш тадбирлари комплекси тасдиқланди. Хусусан, минтақанинг маданий мероси моддий объектларининг ягона реестрини тузиш; барча маданий мерос объектларида ахборот стендлари ва кўрсаткичларини тайёрлаш ва ўрнатиш; Шаҳрисабз ва Қаршидаги оммавий маданий-кўнгилочар объектларда ранг-баранг лазерли шоулар тизимини ўрнатиш; Шаҳрисабз туманидаги А.Темур хиёбонида янги фавворалар қуриш, Шаҳрисабз шаҳрида «Оқсарой» комплексида мунтазам ўтказиладиган театрлаштирилган маскарад томошаларини ташкил қилиш; сайёҳлар кўп келадиган жойларда Wi-Fi-зоналарини барпо этиш; Google Earth да жойлаштириш учун Шаҳрисабз архитектура объектларининг 3D-моделини яратиш ҳамда минтақада замонавий халқаро туризм талабларига жавоб берадиган инфратузилмани барпо этишга йўналтирилган бошқа чора-тадбирлар назарда тутилган.

Қарор билан шунингдек тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳамда меҳмонхоналар, ресторанлар ва туризм инфратузилмасининг бошқа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхатлар; Туризм соҳасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш жадвали тасдиқланди.

Ҳужжат билан Дастурнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг вазифалари қаторига Дастурга киритилган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун хорижий инвестицияларни, донор мамлакатлар, халқаро ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш ҳам киритилди. Ишчи гуруҳга тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа таклифлари мавжуд бўлганда Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Дастур доирасида назарда тутилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан олиб кириладиган асбоб-ускуналар, уларга эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар 2016 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилинади (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).

Имтиёз мақсадли хусусиятга эга – Дастур доирасида назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Улардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда бўшайдиган маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкциялари қўлланилган ҳолда тўлиқ ҳажмда Давлат бюджетига ундирилади.

Банкларга лойиҳаларнинг ташаббускорларига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган ставка бўйича, имтиёзли даври 12 ой бўлган камида 5 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 1.11.2013 йилдаги «Ўзбек­энерго» ДАК фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмол қилинаётган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар интизомини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 295-сон қарори билан электр энергияси реализациясини такомиллаштириш ва тўлов интизомига риоя этилиши бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

Халқаро молиявий институтларнинг молиявий кўмагида 2012–2017 йилларда юридик ва жисмоний шахсларга электр энергиясини ҳисобга олишнинг замонавий электрон приборларини ўрнатган ҳолда Электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда – ЭИҲНАТ) жорий этилади, унга кўра:

истеъмолчилар — юридик ва жисмоний шахслардаги электр энергиясини ҳисобга олишнинг мавжуд приборларини алмаштириш ва замонавий электрон приборларни ва аппарат комплексларини ўрнатиш «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

юридик шахсларнинг белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган мавжуд ўлчов трансформаторларини алмаштириш ва модернизациялаш уларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

«Ўзбекэнерго» ДАК, электр энергиясини сотиш ва тўлов интизомига риоя этиш масалалари учун масъул бўлган таркибий бўлинмалар, шунингдек ташкилотлар — электр энергияси истеъмолчилари раҳбарлари зиммасига электр таъминоти шартномаларининг ўз вақтида тузилиши, электр энергияси учун белгиланган муддатларда ҳисоб-китоб қилиниши, муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзларининг пайдо бўлишига йўл қўйилмаслиги юзасидан шахсий масъулият юкланади.

«Ўзбекэнерго» компаниясига 1 ой муддатда истеъмолчилардан қарзларнинг ундирилишини таъминлаш бўйича гуруҳлар ҳамда рухсатсиз электр энергияси олиш ва электр тармоқларига уланиш ҳолларини аниқлаш учун техник гуруҳлар ташкил этиш топширилди.

«Ўзбекэнерго» ДАК хизмат кўрсатувчи тижорат банклари ва «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ билан биргаликда ташкилотлар ва аҳолидан электр энергияси учун тўлов ҳисобига тушадиган пул маблағларининг реал вақт режимида ҳисобга олинишини таъминлайдиган дастурий таъминотни ва зарур техник воситаларни 2013 йил 1 декабргача бўлган муддатда жорий этиши лозим.

Ҳужжат билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгар­тиришлар ва қўшимчалар киритилди.

l Моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган) киритилган ўзгартиришларга мувофиқ электр энергиясини истеъмолчиларнинг барча тоифаларига (аҳолидан ташқари) ҳар ойда етказиб бериш улар томонидан электр таъминоти шартномасига мувофиқ навбатдаги ой учун назарда тутилган электр энергияси ҳажми қийматининг камида 50 фоизи учун ҳақ аванс тариқасида тўлангандан кейин амалга оширилади (илгари бу тўлов камида 30 фоизни ташкил қиларди).

Аванс тариқасида тўланган маблағлар қарздорликни қоплаш учун йўналтириладиган ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайдиган ҳолатлар рўйхатига тузатишлар киритилди. Бундай ҳолатлар бўлиб истеъмолчида электр энергияси (қувват) учун ҳақ тўлаш бўйича, жарима санкциялари, реактив энергия ва қувватларни қоплаш учун тарифларга устамалар, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси ва пенялар бўйича қарздорлик мавжуд бўлгандаги ҳолатлар ҳисобланади (илгари аванс тўловлари электр энергияси бўйича қарздорликнигина сўндиришга йўналтирилар эди).

l Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (1.11.2004 йилдаги 511-сон) ҳам шунга ўхшаш ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, улар томонидан электр таъминоти шартномалари тузмаган ва шартномада назарда тутилган мажбурий тўловни олдиндан тўламаган юридик шахсларга электр энергияси етказиб берилиши тақиқланади. Илгаригидек, электр таъминоти шартномасида буюртма берилган электр энергияси ҳажми истеъмолчининг айби билан истеъмол қилинмаган тақдирда аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтарилмайди, лекин электр энергияси учун ке­йинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.

l Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (5.06.2009 йилдаги 150-сон) ўзгартиришларга мувофиқ электр энергиясини ҳисобга олишнинг электрон приборлари ва аппарат комплексларини ўрнатмаган истеъмолчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга электр энергияси етказиб бериш муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

l Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган) катта ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Юридик шахслар билан электр энергияси учун ҳисоб-китоблар. Қўшимчаларга мувофиқ истеъмолчи томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонасига (ҲЭТК) чопар орқали ёки факсимиль алоқа ёхуд электрон почта алоқаси орқали тақдим этилган электр энергияси ва қуввати сарфи тўғрисидаги ҳисобот ҳам истеъмол қилинган электр энергияси ва қувватининг амалдаги ҳажмини аниқлаш учун асос бўлади (илгари бунинг учун ҲЭТК истеъмолчилар билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ҳар ойда олишлари лозим бўлган. Мазкур услуб долзарблигича қолди). Кўрсаткичларни олиш ишлари бир ойда бир марта ёки истеъмолчининг буюртмаси бўйича амалга оширилиши керак.

Энди электр энергияси истеъмолчилари (аҳолидан ташқари) 1 сентябргача чораклар бўйича бўлиб ишлаган ҳолда келгуси йилга электр энергияси истеъмолининг прог­нозлаштирилаётган миқдори тўғрисида ҲЭТКга ёки истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланган унинг бўлинмасига буюртманома беришлари керак.

Электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари ҳамда электр энергияси ва қувватини ҳисобга олишнинг бошқа воситалари ҲЭТКнинг маблағлари ҳисобига сотиб олинади, давлат қиёслашидан ўтказилади, рўйхатдан ўтказилади, пломбаланади ва ўрнатилади (илгари бу таомиллар истеъмолчилар ҳисобидан амалга оширилар эди). Ҳисобга олишни назорат қилиш приборларининг, шу жумладан уларга ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик кўрсатиб ўтилган ҳисобга олиш приборлари биносида ўрнатилган ташкилотга юкланади.

ЭИҲНАТнинг ўлчов трансформаторлари, иккиламчи ҳалқалари ва алоқа линияларининг сақланиши ва техник ҳолати учун электр қурилмаси балансида бўлган ташкилот жавоб беради.

Агар электр энергиясидан маиший истеъмол учун фойдаланувчи истеъмолчи жисмоний шахс бўлса, электр тар­моқларининг ва электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш приборларининг зарур техник ҳолатини ва хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти ҲЭТКга юкланади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Ҳисобга олишни назорат қилиш приборлари ва ўлчов трансформаторларини бирламчи қиёслашдан ўтказиш улар ўрнатилгунга қадар ҲЭТК маблағлари ҳисобига «Ўзстандарт» агентлиги томонидан, «Ўзстандарт» белгилаган муддатлардаги даврий қиёслашлар эса истеъмолчи ҳисобидан амалга оширилади.

ҲЭТК вакилининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларига қўйилмаслиги ҳолатида далолатнома расмийлаштирилади, у ҲЭТК вакиллари, истеъмолчи ёки ўзга жалб этилган шахслар томонидан имзоланади. Ўзга жалб этилган шахслар бўлмаганда ва истеъмолчи имзолашни рад этганда далолатномага истеъмолчи танишганлиги тўғрисида белги қўйилади ва электр тармоқларидан узиб қўйилади.

Ҳисобга олишни назорат қилиш приборлари уларнинг ўлчов трансформаторларини бошқа жойга ўрнатиш ва алмаштириш ишлари ҲЭТК рухсати билангина эмас, илгари назарда тутилганидек, истеъмолчиларга кўрсатадиган хизматларига ҳақ тўланиши билан корхона томонидан амалга оширилади. Ҳисобга олишни назорат қилиш приборларини ўлчов трансформаторларини ўзбошимчалик билан бошқа жойга ўрнатиш ва (ёки) алмаштириш ҳолатлари аниқланган тақдирда ҲЭТК истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўяди ва қайта ҳисоб-китоб қилади.

Киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан электр энергияси ҳисобини юритиш ва ўз вақтида унга ҳақ тўлаш бўйича истеъмолчиларнинг масъулияти оширилди ва мажбурияти кенгайтирилди.

Энди истеъмолчи эгаллаб турган биносидан уни бериш, сотиш ёки бошқа сабабларга кўра кўчиб кетган тақдирда, у бу ҳақда ҲЭТКни ёзма шаклда хабардор қилиши ҳамда электр энергияси учун кўчиб кетиш кунигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт. ҲЭТК объектга электр энергияси етказиб беришни тўхтатганлиги ва қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома бериши шарт.

Ягона электр энергетикаси тизимига юкланма энг катта бўлган соатларда истеъмолчининг амалдаги юкланмаси шарт­номада назарда тутилган қийматдан 5 фоиздан кўпга ошган тақдирда қўшимча тўлов 50%дан 100%га оширилди.

Маиший истеъмолчилар (аҳоли) билан электр энергияси учун ҳисоб-китоблар. Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ электр тармоғига янгидан уланадиган уйлар ва хонадонлардаги ЭИҲНАТга уланадиган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳисобидан ўрнатилади ва давлат қиёслашидан ўтказилади. Мавжуд бўлган ҳисобга олиш приборларини (шу жумладан индукцияларини) алмаштириш ҳамда электр энергиясини электрон ҳисобга олиш янги приборларини ўрнатиш ҲЭТК маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Агар ҳисобга олиш приборлари шикастланганлиги, ишдан чиққанлиги, пломбаси бузилганлиги ҳолатларида қайтадан ўрнатилаётган бўлса, истеъмолчи ҳисобга олиш приборлари ва уларни ўрнатиш бўйича хизматлар қийматини тўлаши лозим.

Алоҳида турган якка тартибдаги уй-жойда яшовчи маиший истеъмолчи билан ҲЭТК ўртасида ўзаро келишув мавжуд бўлганда, электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари турар жойларнинг фасадларига ёки электр узатиш линиялари опорасига ўрнатилади (чиқарилади). ҲТЭК приборларни чиқариш бўйича монтаж ишларини ҳақ олмасдан амалга ошириши лозим. Бироқ бунинг учун зарур материаллар маиший истеъмолчиларнинг маблағларига сотиб олинади.

Ҳисобга олиш приборларидан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва тўлов ҳужжатларини амалдаги тариф бўйича ёзиб бериш, илгаригидек, ҲЭТК вакили ёки истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади. Бироқ бундай маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, тўлов ҳужжатлари кўчирмаси олдинги давр учун ёки шартномавий миқдор бўйича электр энергиясининг амалдаги сарфи тўғрисидаги маълумотлар бўйича энергия билан таъминловчи корхона томонидан амалга оширилади. Тўлов ҳужжати маиший истеъмолчига имзо қўйдириб топширилади, у бўлмаган тақдирда эса — у билан бирга бир хонадонда (хусусий уйда) яшовчи вояга етган исталган шахсга топширилади ёки билдиришнома билан бирга буюртма хат орқали жўнатилади.

Тўлов даври аниқланди. Илгари банк ҳужжатидан кўр­сатилган сана олинган бўлса, энди эса тўлов тегишли ташкилот томонидан қабул қилиб олинган сана тўлов амалга оширилган сана деб ҳисобланади. Тўлов электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилган тақдирда, пул маблағлари истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилган (транзакция) сана тўлов амалга оширилган вақт деб ҳисобланади.

Тўлов ходимларнинг аризалари асосида, уларнинг иш ҳақидан чегириб қолиш йўли билан амалга оширилганда ҳар бир истеъмолчи учун пул маблағлари ўтказилгандан кейин пул тўлаган ходимларнинг номма-ном реестри ҲЭТКга тақдим этилган сана тўлов амалга оширилган сана деб ҳисобланади.

Пеняни ҳисоблаш тартибига ҳам ўзгартириш киритилди. Пеняни ҳисоблаш ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёзиб олингандан ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан кейин, шунингдек белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлаш ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамида акс эттирилган аниқлаштирилган қарздорлик (недоимка) суммасидан амалга оширилади.

Қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, тарифлар ўзгаргандан кейин истеъмол қилинган электр энергияси миқдори учун янги тариф бўйича ҳақ тўланади (илгари тарифлар ўзгаргунга қадар истеъмол қилинган электр энергияси миқдори аввалги тўлов давридан бошлаб ўртача суткали истеъмол бўйича аниқланарди ва аввалги тариф бўйича тўланар эди).

Маиший истеъмолчида ҳисобга олишни назорат қилиш приборини ишга тушириш схемаси ўзгарганда, у шикастланганда (истеъмолчининг айби билан) ёки пломбалар бузилганда, ҳисобга олишни назорат қилиш приборларидан ташқари бошқа электр қабул қилгичлар уланганда ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида бошқа қоида бузишларга йўл қўйилганда ҲЭТКнинг вакили қоида бузилиши ҳақида далолатнома тузади. Далолатнома асосида ҳисобга олишнинг назорат приборлари охирги алмаштирилган ёки уланиш схемалари текширилган кундан бошлаб ёхуд охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда давр учун ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати ҳисоб-китоб қилинади.

Ҳисоб-китоб миқдори ва тартиби аввалгидек қолди­рилди.

Маиший истеъмолчи энергия билан таъминловчи ташкилот қоида бузиш далолатномаси расмийлаштирган кундан бошлаб 3 кун муддатда эътироз билдириш ҳуқуқига эга.

 

АРХИТЕКТОРЛАР ВА ҚУРУВЧИЛАРНИ ИНСПЕКЦИЯ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 5.11.2013 йилдаги 296-сон қарори билан Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти тузилмасида Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати ходимларининг умумий сони доирасида Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ташкил этиш назарда тутилди.

Унинг штатига 5 нафар чуқур билимларга ҳамда архитектура ва қурилиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар киритилади.

Қуйидагилар Инспекциясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

а) архитектура соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Давархитектқурилиш», «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга доир белгиланган талабларга риоя этилиши; улар томонидан тасдиқланган бош режалар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларини қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича мақсадли ҳудудий инвестиция дастурлари изчил амалга оширилиши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ҳамда Аҳоли пунктларини комплекс қуришни назорат қилиш комиссияси қарорлари ижро этилишини юзасидан назоратни таъминлаш ва бошқа ваколатлар;

б) қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш соҳа­сида:

белгиланган тартибда рухсат олмасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтда ишлаб чиққан ва молиялаштирган ҳолда объектларни қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш;

объектларни қуриш ва реконструкция қилиш тартибига қўйиладиган техник талабларга риоя қилинишини ўрганиш;

рухсат берувчи тартиботларни амалга оширишнинг белгиланган тартибига ваколатли давлат органлари томонидан риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш;

ноқонуний қурилишнинг, ер участкаларидан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш чора-тадбирларини кўриш ҳамда бошқа назорат функциялари.

Ҳужжат билан Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди.

 

СУВ ВА ИССИҚЛИК УЧУН ЯНГИЧА

ҲИСОБ-КИТОБ

Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2013 йилдаги 300-сон қарори билан республика иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликлари томонидан иссиқлик таъминоти ташкилотлари ишини самарали ташкил этиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий ҳужжатлар ишлаб чиқишга доир ишлари қониқарсиз деб эътироф этилди. Вазирлар Маҳкамасининг Ишчи комиссияси Тошкент шаҳрида 2012 йилда иссиқлик энергиясининг меъёридан ортиқча истеъмол қилинганлиги сабаб­ларини ўрганиб чиқди ҳамда 2013 йил 28 мартда хулоса ва тавсиялари билан техэкспертиза далолатномасини тузди. Шунингдек иссиқлик таъминоти ташкилотлари ва «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзбекэнерго» ДАК ўртасидаги ўзаро қарздорлик бўйича қиёслаш далолатномалари тузилди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

Республика иссиқлик таъминоти ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси. Унда иссиқлик таъминоти тизимларини янгилаш ва модернизациялаш, замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш; ҳисоб-китоб ва ҳисоботни такомиллаштириш, аҳоли билан ҳисобга олиш приборларининг иқтисодий фойдаси ва экологик жиҳатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш назарда тутилган.

2014-2015 йилларда ишлаб чиқилиши лозим бўлган коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий ҳужжатларни такомиллаштириш ва янгилаш дастури. 34 ҳужжатни ишлаб чиқиш режалаштирилган, улар сирасида Сув таъминоти ва сув оқизиш тизимларидан техник фойдаланиш қоидалари, Турар жой ва нотурар жой бинолари мулкдорлари билан сувни умумий уй бўйича ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда ичимлик сувидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом, Маиший чиқиндиларни транспортировкалаш қоидалари ва бошқалар бор.

Ҳужжат билан аҳоли ва юридик шахслар билан иссиқлик ва сув таъминоти бўйича ҳисоб-китобларнинг янгича шартлари назарда тутилган. Шундай қилиб, 2013 йил 1 декабрдан бошлаб:

иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган янги истеъмолчиларнинг (абонентларнинг) иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларини ва иссиқлик тармоқларини улаш (кўп квартирали уйларда жойлашган юридик шахслар бундан мустасно) ва иссиқхона хўжаликларига иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланади;

ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган юридик шахс­ларга иссиқлик энергиясини етказиб берилган ҳолларда тарифнинг 2 баравари қўлланилади (кўп квартирали уйларда жойлашган юридик шахслар бундан мустасно);

ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган аҳолига етказиб берилган иссиқ ва совуқ сув учун ҳақ тўлашда белгиланган тарифларга 1,5 оширувчи коэффициенти қўлланилади;

фуқаролар прописка қилинмаган турар жой биноларида ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган тақдирда, иссиқ ва совуқ сув таъминоти ҳамда оқаваларни чиқариб ташлаш бўйича ҳисоб-китоб бир хонали ва икки хонали турар жойда 1 кишига; уч хонали уйда – 2 кишига; тўрт хоналида – 3 кишига; беш хоналида – 4 кишига ҳисоб-китоб қилинганда белгиланган тарифларга 1,5 оширувчи коэффициенти қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Ҳужжат билан Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида нафақалар оладиган кам таъминланган оилаларни коммунал хизматларни етказиб берувчилар ҳисобидан иссиқ ва совуқ сувнинг ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш вазифаси белгиланди. Бунда уй-жой мулкдори у билан етказиб берувчи ўртасида тузилган шартномага асосан ҳисобга олиш приборининг қийматини 12 ой давомида сўндириши лозим.

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлатиш учун киритиш назарда тутилган.

Мунтазам фаолият юритувчи Идоралараро комиссия тузилди, у тадбирларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиши, мувофиқлаштириши ва назорат қилиши, жойларда, вазирлик ва идораларда давлат ҳокимияти органларининг ҳисоботларини тинглаши лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимликларига ҳар бир иссиқлик таъминоти ташкилоти учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, моддий ва меҳнат харажатларини, номоддий харажатларни ва йўқотишларни асосланмаган ҳолда ошириб кўрсатилишига, энергия ресурсларидан норационал фойдаланилишига йўл қўядиган раҳбарларни жавобгарликка тортиш чораларини қабул қилиш юкланди. Шунингдек Қарор билан тасдиқланган жадвалга мувофиқ 2014-2020 йилларда республиканинг 28 та йирик шаҳарларида иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш чизмаларини ишлаб чиқиш топширилди.

 

БАНКЛАР ФАОЛИЯТИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Марказий банк бошқарувининг қарори (31.10.2013 йилдаги 2014-6-сон) билан Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат билан аниқлаштирилишича, устав капиталида давлат улуши бўлган юридик шахслар; давлат органлари; сиёсий партиялар; касаба уюшмалари; жамоат фондлари; диний ташкилотлар хусусий банк муассислари (акциядорлари) бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек Низом нормалари «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунига (22.07.2008 йилдаги ЎРҚ-163-сон) мувофиқлаштирилди, унга асосан банк акцияларининг 5 фоиздан ортиғи олинган тақдирда, Марказий банк хабардор қилиниши, 20 фоиздан ортиғини олишда эса, олдиндан унинг розилигини олиш талаб қилинади. Марказий банкнинг розилиги билан илгари олинган улуш миқдорини янгидан ошириш учун яна олдиндан унинг розилигини олиш лозим.

Бундан ташқари, белгиланишича, банк устав капиталидаги акцияларнинг 35 ва ундан ортиқ фоизини тасарруф этиш бўйича битимлар тузиш учун Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 230-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур бўлади.

Бинобарин, киритилган қўшимчалар билан банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчига рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда хабарнома юборилиши белгилаб қўйилди. Хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этилган ҳолларда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш улар олинган кундан эътиборан 15 кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Бунда хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рўйхатга олишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди. Агар буюртмачи томонидан кўрсатилган муддат ўтганидан кейин ариза берилган бўлса, у янгидан берилган ҳисобланади. Буюртмачи рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Қарор 4.11.2013 йилдаги 44 (596)-сон «Ўзбекистон Рес­публикаси қонун ҳужжатлари тўплами»да расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ОБОДОНЛАШТИРУВЧИЛАР СОНИ КЎПАЯДИ

«Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 29.10.2013 йилдаги 1989-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Аввалгидек, бош мутахассислар, етакчи мутахассислар ва мутахассисларнинг аниқ лавозимлари бошқарманинг тегишли тузилмавий бўлинмаларининг ўзига хос вазифалари ва функцияларидан келиб чиқиб, бошқарма раҳбари томонидан жорий этилади. Бош механик лавозими бошқарма балансида 50 дан ортиқ техника бирлиги мавжуд ҳолларда жорий этилади. Ҳар 10 гектар кўкаламзорлаштириладиган ер майдонига агроном лавозими жорий этилади. Шунингдек бошқарма зарур ҳолларда ҳар 10-15 ишчига (илгари эса – 30-40 ишчига эди) бригадир лавозими жорий қилади.

Йўриқномадан ходимларнинг умумий сони 200 бирликдан кам бўлган бошқармаларда «ходимлар бўлими бошлиғи» лавозими ўрнига «ходимлар бўйича назоратчи» лавозими жорий этилишини, шунингдек штати 300 бирликкача бўлган бошқармаларда – битта бирлик, штати 300 бирликдан ортиқ бўлган бошқармаларда иккита бирлик «моддий бухгалтер» ва «ҳисоб-китоблар бўйича бухгалтер» лавозими жорий қилинишини назарда тутувчи нормалар чиқариб ташланди.

Қарор 4.11.2013 йилдаги 44 (596)-сон «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»да расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни

эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва ­Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

 

Прочитано: 3034 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика