Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 46 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Тадбиркорлар ҳуқуқи доимий ҳимояда

Зиддиятли масалалар мулкдор фойдасига талқин этилади

● Тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари – фақат суд тартибида

● Суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтмоқда

● Жойлардаги тадбиркорлар – видеоконференцалоқа режими ёрдамида ОХС раҳбариятининг «қабулида» 

 

Конституциямиз талаб ва қоидалари мамлакатимизни ислоҳ этиш ва ривожлантириш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси Козимжон КОМИЛОВ билан ЎзА мухбири хўжалик судлари тизимидаги янгиликлар ҳақида суҳбатлашди*.

 

– Мамлакатимиз иқтисодиёти равнақида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан хусусий мулкка кенг йўл очиб берилгани муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди К.Комилов. – Хусусий мулкнинг дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида экани Конституцияда кафолатлангани натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик жадал ривожланмоқда. Соҳа учун қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар яратиш, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада кучайтирилгани улар фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни чеклади. Жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда мулкдор ҳуқуқи устуворлиги тамойили мустаҳкамланди. Қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилади.

Мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги принципининг суд амалиётидаги натижалари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд томонидан қўлланилаётгани самаралари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги принципи ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келадиган масалаларда тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишда реал асос бўлди. Ушбу принципнинг мавжудлиги халқаро миқёсда ҳам давлатимизнинг тадбиркорлик субъектларига қаратаётган доимий эътиборини ифодаловчи муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.

Бош қомусимизда мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш хўжалик судлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд тартибида қўлланилиши белгилангани ушбу конституциявий қоидани амалиётда янада кенг қўллаш имкониятини яратди. Бундай тоифадаги низолар судларда ошкора, тарафлар тенг ҳуқуқлилиги асосида ҳал этилмоқда. Бу назорат қилувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан етарли асосларсиз таъсир чоралари қўлланилишига чек қўйди.

 

Хўжалик судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 19 мингдан ортиқ иш кўрилиб, 213,5 миллиард сўм маблағни уларнинг фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинди. Давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш идораларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига хилоф равишда чиқарилган 254 ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилди.

 

– Суд-ҳуқуқ тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Хўжалик судлари тизимида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

– Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда 2013 йил 1 январдан бошлаб хўжалик судларида даъво ариза ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни пайтда тадбиркорлик субъектлари Олий хўжалик судининг веб-сайти орқали мамлакатимизнинг исталган хўжалик судига нафақат даъво ариза ва илтимосномалар, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни ҳам ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда тақдим этмоқда.

2014 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларидан хўжалик судларига электрон шаклда юборган мурожаатлар ва уларга илова қилинадиган ҳужжатлар сони аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 45 бараварга кўпайиб, ҳозирги кунда 30 мингдан ошган. Бу 2014 йилда хўжалик судларига келиб тушган даъво ариза ва мурожаатларнинг 15 фоизи электрон шаклда жўнатилганини кўрсатиб турибди. Шу жумладан, суд муҳокамаси иштирокчиларига 42 мингдан зиёд хабар ва суд ҳужжатлари судлар томонидан маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юборилган.

– Президентимиз ташаббуси билан 2014 йил 1 сентябрдан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имконияти яратилди. Мазкур тизимни амалиётга татбиқ этиш, самарали ишлашини ташкил этиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

– Суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш деганда хўжалик ишини кўраётган суд мажлисига қатнашиши лозим бўлган бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари судга келмасдан ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик суди биносига келиб, видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессида иштирок этиши тушунилади.

Муҳими, бу янгилик тадбиркорларга катта қулайлик яратди. Эндиликда бошқа вилоятдаги суд мажлисига бориш, ортиқча вақт ва маблағ йўқотиш каби ташвишлар деярли барҳам топди. Мисол учун, агар даъвогар Андижон вилоятида, жавобгар эса Хоразм вилоятида бўлса, улар вилоят марказига келиб, хўжалик суди биносида видеоконференцалоқа режимида суд процессида иштирок этиши мумкин.

Шу ўринда бир маълумотга назар ташласак: 2011–2013 йиллар мобайнида хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб чиқилган 245 минг 846 ишнинг ўн фоизидан ортиғида бир тараф ишни кўраётган хўжалик судидан бошқа ҳудудда жойлашган. Шу боис 30 мингдан ортиқ тараф вакиллари бошқа вилоятдаги судга овора бўлиб келишига тўғри келган. Бундан ташқари, шу вақт мобайнида турли сабабларга кўра етти мингдан ортиқ ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган ва оворагарчилик янада чўзилган.

Эндиликда видеоконференцалоқа тизими ишга тушган кундан буён, яъни сентябрь ойидан ҳозирга қадар 506 суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида амалга оширилди. 1 063 суд иштирокчиси ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган масофавий суд процессларида қатнашиб, улар томонидан сарф қилиниши лозим бўлган йўл ҳақи ва бошқа харажатлари учун ўртача 260 миллион сўмга яқин маблағ тежаб қолинди.

Видеоконференцалоқа тизими Олий хўжалик судининг хўжалик судлари тизими фаолиятини ташкиллаштириш ва унинг устидан назорат, мониторингни олиб бориш борасидаги ваколатларини амалга оширишда ҳам ўз самарасини бермоқда. Натижада ушбу тизим видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётган жойлардаги суд процессларини кузатиб бориш, масофавий йиғилишлар, семинарлар ва конференцияларни ўтказиш, уларда қуйи хўжалик суди судьялари ва ходимларининг масофадан туриб иштирок этиш имконини бермоқда.

 

Видеоконференцалоқа тизимининг жорий этилиши вилоятлардаги тадбиркорлар, фуқаролар учун Олий хўжалик суди раҳбариятининг шахсий қабулларини ташкил этиш имкониятини яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.

Таъкидлаш керакки, видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга доир Хўжалик процессуал кодексига киритилган қўшимчалар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни кўраётган суд биносидаги мажлисда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини чекламайди.

Хўжалик иши бўйича суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши – бу тарафнинг ҳуқуқи ҳисобланади, яъни бундай суд мажлиси тарафнинг хоҳиши билан ўтказилади. Манфаатдор тараф низоли иш бўйича ўз хоҳиши билан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида ёки одатдаги суд мажлисида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Тарафларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишига суд жараёнларининг барча босқичларида йўл қўйилади. Тараф нафақат даъво аризасини, балки кўрилган иш натижаларидан норози бўлиб тақдим этган апелляция ва кассация шикоятларини ҳам видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўрилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Тарафларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқлари ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши белгиланган. Бу ҳақда ажрим ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ва уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган, улар жойлашган ҳудуддаги хўжалик судига юборилади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди эса суд жараёни пайтида ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган ёзма далилларни ишни кўраётган хўжалик судига юборилишини таъминлайди. Яъни ишни кўриш вақтида суд томонидан ҳар қандай ҳужжатларнинг нусхасини зудлик билан олиш имконини берадиган техник воситалар суд мажлиси залларига ўрнатилган.

 

*Материал қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда.

 

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 53-моддасидан.


ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 1028 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2014-11-23 23:04:30, Гость_Азизбек:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика