Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 46 / Олий мажлис сенатида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2014 йил 13–14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.  

 

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Мажлисда қайд этилганидек, бозор ислоҳотлари, давом этаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгартиришлар шароитида 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари макроиқтисодий барқарорликни ҳамда мамлакат ЯИМ юқори суръатлар билан ўсишини таъминлашга, диверсификация қилинган ҳамда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилганлиги стратегик аҳамиятга эга. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари иқтисодий ҳамда солиқ-бюджет сиёсатини янада модернизациялаш, бозор ислоҳотлари ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлари, мақсадлари ҳамда вазифалари асосида ишлаб чиқилган.

Муҳокама асносида келаси йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтиришдан, солиқ солиш тизимини соддалаштиришдан, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашдан ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришдан иборат бўлиб қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Солиқ юкини янада камайтириш бўйича энг муҳим чоралардан бири сифатида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг базавий ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга тушириш назарда тутилмоқда, натижада юридик шахслар ихтиёрида қўшимча равишда 89,4 миллиард сўм қолади. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида микрофирмалар ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, микрофирмалар ва кичик корхоналар бўлмиш қурилиш ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солишнинг тўрт босқичли шкаласи жорий этилмоқда. Бу шкала даромадларнинг биринчи гуруҳи (энг кам иш ҳақининг бир бараваригача) бўйича ноль ставкасини белгилашни назарда тутади. Мазкур чора ўртача иш ҳақидан кам ёки ўртача иш ҳақи даражасида даромад оладиган жисмоний шахсларга тушадиган солиқ юкини камайтиришга қаратилган.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатини муҳокама қилиш асносида сенаторлар томонидан ижтимоий соҳа харажатларини кўпайтириш тамойили сақланиб қолаётганлиги қайд этилди. Чунончи, Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари жорий йилдагига нисбатан келаси йилда 1,2 баравар кўпаяди. Хусусан, мамлакат олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқув-лаборатория корпусларини, шунингдек, тиббиёт муассасаларини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга катта миқдорда маблағ йўналтирилади. Давлат бюджетидан 138 та соғлиқни сақлаш объектини қуриш ва батамом замонавий техника билан жиҳозлашга 495 миллиард сўм, 246 та умумтаълим мактабини, 42 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежини реконструкция қилишга, шунингдек, 246 та ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасини мукаммал таъмирлашга 479 миллиард сўм ажратиш назарда тутилган. 72 та туман тиббиёт муассасаси қурилади. Умуман, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялашга қилинадиган давлат харажатларининг ўсиши 2014 йилдагига нисбатан қарийб 22 фоизни ташкил этади.

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этишга, шу жумладан, қишлоқ жойларда янги ташкил этилаётган уй-жой массивларини сув билан таъминлаш объектлари қурилишига зарур маблағлар ажратилади.

Умуман, 2015 йилги Давлат бюджетида, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларида ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини оғишмай ошириб бориш назарда тутилмоқда. Бунга иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдорини инфляция суръатларидан юқори даражада ошириб бориш йўли билан, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилигини кучайтириш, бюджетлараро муносабатлар тизимини янада ислоҳ қилган ҳолда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетлар даромад базасини кенгайтиришдан ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашдан манфаатдорлигини ошириш ёрдам беради.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

Сенаторлар ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг бутун салоҳиятини ишга солиш, демографик омилларни ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштиришнинг самарали шаклларини ривожлантириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар.

Дастурни рўёбга чиқариш доирасида 2015 йилда мамлакатимизда 987,5 мингта иш ўрни, шу жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ишламаётган корхоналарни қайта тиклашнинг мақсадли дастурларига мувофиқ 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш, шунингдек, кичик корхоналар ва микрофирмаларда, якка тадбиркорлик ва касаначилик соҳасида, фермер ва деҳқон хўжаликларида 725,9 минг нафар одамнинг бандлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Мамлакатнинг олис туманларида иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

2015 йилда Дастур параметрларига мувофиқ ташкил этиладиган янги иш ўринларига, шунингдек, мавжуд бўш ва захира қилинадиган иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги Қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Мажлисда амалдаги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун ўрнига қабул қилинаётган янги Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишининг қўшимча кафолатларини таъминлаб беришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Мурожаатларни замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда киритиш имконияти ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳам қонуннинг муҳим янгилиги бўлди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Олий Мажлис палаталари томонидан 2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини (янги таҳрири) кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

* * *

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ парламент юқори палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Ушбу масалани кўриб чиқиш асносида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилинишини инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган, амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этадиган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин кўриниши эканлигини кўрсатиб ўтдилар. Ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Сенат ўз қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорини қўлланиш тартибини белгилади. Ушбу тартибда жиноий жавобгарликдан ва жазодан амнистия ҳужжатига мувофиқ озод қилинадиган шахслар хусусидаги ишлар ва материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланмоқда. Бунда амнистия актининг қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини ва қарорни қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлашда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шундан кейин сенаторлар, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар ушбу қонун 2015 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг концепциясини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларини рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратилишини, шунингдек, солиқ солиш соҳасида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашини таъкидладилар.

Қонун билан «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунларга, Солиқ кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун умуман олганда, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга ҳамда солиқ маъмуриятини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқиш вақтида сенаторлар ушбу қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларига, 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2013 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ тайёрланганлигини кўрсатиб ўтдилар.

Ушбу қонун билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Банкротлик тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Солиқ кодексига, Ҳаво кодексига, Жиноят кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва бошқаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароитлар яратишга, фуқаролик суд ишларини юритиш самарадорлигини оширишга ва бошқаларга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 10 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштириб боришга ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 5 та қонун кўриб чиқилди, уларнинг рўёбга чиқарилиши аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликнинг қудратли омили бўлади.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Матбуот хизмати материаллари асосида.

Прочитано: 1440 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика