Norma.uz

Вақтида келишиб олинмагач

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Акциядорлик жамияти (Бош пудратчи) билан МЧЖ (Ёрдамчи пудратчи) 2013 йилнинг июлида қурилиш пудрати шартномаси туздилар. Шартномада олдиндан тўлов тўланган кундан эътиборан 60 календарь кун мобайнида 100 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишларини адо этиш назарда тутилганди. Шартнома шартларига кўра Бош пудратчи шартнома имзоланган кундан эътиборан 5 кун ичида шартнома умумий суммасининг 50 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши лозим. Қолган сумма бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати ҳақидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура имзоланганидан кейин 20 кун ичида тўланмоғи лозим. Ёрдамчи пудратчи қурилиш-монтаж ишларини шартномада назарда тутилган муддатда бажарди. Бироқ бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура имзоланганидан кейин 20 кун ўтган бўлса-да, Бош пудратчи шартнома бўйича келишилган сумманинг қолган 50 фоиз қисмини ўтказиб бермади. Бажарилган ишлар далолатномаси имзоланган кундан 30 кун ўтгач, Ёрдамчи пудратчи қолган 50 млн сўмни тўлаш талаби билан унга нисбатан даъво билан мурожаат этди. Бош пудратчи даъвога жавоб қилмади. Шу сабабли ёрдамчи пудратчи 50 млн сўмдан иборат асосий қарзни, тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун 5 млн сўм миқдордаги пеняни, 550 минг сўмлик давлат божини ва 7 200 минг сўмлик почта харажатларини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат этди.

Хўжалик суди ўзининг 25.12.2013 йилдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖ даъво талабларининг бир қисмини қаноатлантирди. Ҳал қилув қарорига кўра, акциядорлик жамиятидан МЧЖ фойдасига 50 млн сўм (асосий қарз суммаси), 1 млн сўм (тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня), 550 минг сўм (давлат божи) ва 7 200 сўм (почта харажатлари) ундирилмоғи лозим.

2014 йил февралида суднинг ҳал қилув қарори кучга кирганидан кейин акциядорлик жамияти (АЖ) хўжалик судига ҳал қилув қарори ижросини 2014 йил 1 июлга қадар кечиктириб туриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Хўжалик суди ўзининг ажрими билан унга ижрони кечиктириб туришни рад этди. Мазкур иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

 

МЧЖ ПОЗИЦИЯСИ

Ёрдамчи пудратчи шартнома бўйича зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ адо этди ва қурилиш-монтаж ишларини вақтида бажарди. Бироқ Бош пудратчи ҳақни тўлиқ тўламади. Шу сабабли у 50 млн сўмни, шунингдек шартномада назарда тутилган пеняни, қолаверса суд чиқимларини тўламоғи лозим. Бош пудратчига ижрони кечиктиришга ижозат бериш МЧЖни молиявий жиҳатдан мураккаб аҳволга солиб қўяди, оқибатда у иш ҳақи тўлови ҳамда солиқлар тўлаш бўйича мажбуриятларини вақтида бажара олмайди.

 

АЖ ПОЗИЦИЯСИ

Қурилиш пудрати шартномаси бўйича АЖ олдиндан тўлов тариқасида 50 млн сўм тўлади. АЖнинг асосий буюртмачилари ва АЖнинг ўзи «Ўзбекэнерго» ДАК тизимига киради. Вазирлар Маҳкамасининг баённомасига кўра «Ўзбекэнерго» ДАК корхоналарининг ички тизим бўйича қарздорлиги 2014 йил 1 июлга қадар кечиктирилган. Шунинг оқибатида АЖда вақтинча молиявий қийинчиликлар келиб чиққан ва у суднинг ҳал қилув қарорида эътироф этилган қарзни уза олмайди, шу боис қарзни узишни юқорида қайд этиб ўтилган муддатга қадар кечиктириш имконияти берилишини сўрамоқда. 

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важлари ҳамда жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама этиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил этиш асосида қуйидаги фактларни тасдиқлади:

1) АЖ (Бош пудратчи) ва МЧЖ (Ёрдамчи пудратчи) 2013 йил июлида умумий суммаси 100 млн сўм бўлган қурилиш пудрати шартномасини тузганлар;

2) Бош пудратчи қарзни тўламаганлиги муносабати билан Ёрдамчи пудратчи 50 млн сўмдан иборат асосий қарзни, тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун 5 млн сўмлик пеняни, 550 минг сўмлик давлат божини ва 7 200 сўмлик почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат этган;

3) хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан АЖдан МЧЖ фойдасига 50 млн сўм (асосий қарз), 1 млн сўм (тўлов ўтказиб юборилганлиги учун пеня), 550 минг сўм (давлат божи) ва 7 200 сўм (почта харажатлари) ундириладиган бўлган;

4) 2014 йилнинг февралида АЖ суднинг ҳал қилув қарори ижросини 2014 йил 1 июлга қадар кечиктириб туриш тўғрисида ариза билан хўжалик судига мурожаат этган.

Суд Фуқаролик кодексининг (бундан буён ФК деб юритилади) 244-моддасига амал қилиб, шунингдек АЖ важ-сабабларининг асоссизлиги муносабати билан унга (АЖга) аризани қаноатлантиришни рад этган.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 236-моддасига биноан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФКнинг 244-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди.

Хўжалик процессуал кодекси 217-моддасининг биринчи қисмига асосланиб, хўжалик суди ундирувчи, қарздор ёки суд ижрочисининг аризасига кўра суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга имкон беришга, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. ФК 244-моддасининг иккинчи қисмига биноан етарли асослар бўлган тақдирда суд қарздорга мажбуриятни бажаришни кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 32-моддасининг биринчи қисмига биноан ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда ҳужжатни ижро этилишини кечиктиришга суд имкон беради. Хусусан, давлат органларининг шартнома тарафларига у ёки бу ҳаракатларни содир этишга тўғридан-тўғри кўрсатма берувчи қарорлари, тарафлар ўртасида эришилган келишув, қарздорнинг банкрот деб эътироф этилиши, унинг қайта ташкил этилиши ҳамда ижро ҳаракатларини амалга оширишга объектив равишда монелик ёки тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар шундай ҳолатлар деб қаралиши мумкин. Бироқ «Ўзбекэнерго» ДАК тизимига кирмайдиган тадбиркорлик субъекти учун ички тизим қарздорлигини кечиктириб туриш ҳақидаги важ суднинг ҳал қилув қарори ижросини кечиктириб туришга имкон бериши учун етарли асос деб эътироф этилиши мумкин эмас. Шу сабабли суд АЖнинг суд ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этди.

Пировардида шуни таъкидлаб ўтишни истар эдикки, қарз тўлашни кечиктириш имкониятини олиш учун АЖ судловга қадар иш юритиш тартибида МЧЖ билан келишиб олишга ҳаракат қилмоғи лозим эди. Буни, хусусан, шартномага ҳақ тўлашни кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб тўлаш имконини назарда тутадиган тарзда ўзгартишлар киритиш йўсинида тажассум топтирса бўларди. Шундан кейингина қарзни узиш тўғрисидаги келишувни ва қарзни узиш жадвалини имзолаш зарур эди. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 33-моддасининг биринчи қисмига биноан суд ижрочиси ижро ҳаракатлари амалга оширилишини МЧЖнинг аризасига кўра, шу аризада кўрсатилган муддатга, кейинга қолдиришга, шу жумладан АЖга хизмат кўрсатувчи банкка МЧЖ томонидан қўйилган инкассо топшириғи ижро этилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2081 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика