Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 45 / Юридик маслаҳатлар

Норезидентнинг доимий муассасаси қарз берувчи бўлганда


Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Фуқаролик кодексининг
732-моддаси биринчи қисми.

 

Фуқаролик кодексининг (ФК) 732-моддаси (кредит шартномаси доирасидаги муносабатларни тартибга солувчи ФКнинг 744-моддасидан фарқли ўлароқ) қарз берувчига нисбатан фақат банклар ва микрокредит ташкилотлари қарзлар беришга доир фаолиятни амалга ошириши мумкин деган махсус талабларни қўймайди. Шу билан бирга банк фаолияти ва микрокредит ташкилотларининг фаолияти, шу жумладан қарз беришга доир молиявий хизматларни кўрсатиш лицензияланиши лозим. Шу муносабат билан қарз берувчининг фаолияти лицензияланмаган, яъни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда юритилган деб тан олиниши хатари долзарб масалага айланмоқда.

 

 

Молиявий хизматларни кўрсатишга (жумладан фоизли қарзларни тақдим этишга) доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензия фақатгина тижорат соҳасидаги юридик шахсларга берилади. Бу ҳолат мазкур фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланишидан далолат беради. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, шунингдек Олий суд Пленумининг «Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарори (11.12.2013 йилдаги 20-сон) 3-бандини эътиборга оладиган бўлсак, қарз бериш фаолияти қуйидаги ҳоллардагина лицензияланиши лозим:

● даромад олишга қаратилган ҳаракатлар тизимли равишда содир этилганда;

● бундай фаолият асосий фаолият сифатида амалга оширилганда. Бошқа бир қатор меъёрлар ҳам айнан шундан далолат беради. Масалан, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (25.04.1996 йилдаги 216-I-сон) 4-моддаси учинчи қисмига, шунингдек «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг (20.09.2006 йилдаги ЎРҚ-53-сон) 3-моддаси учинчи қисмига мувофиқ банклар ва микрокредит ташкилотлари ишлаб чиқариш, суғурта, савдо-воситачилик ва бошқа фаолият билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмас.

Айтиб ўтилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, қарз берувчи – тижорат ташкилоти учун қарз беришга доир фаолиятни лицензияланмайдиган деб эътироф этиш учун мазкур фаолият асосий бўлиши ва тизимлилик мезонларига жавоб бериши лозим.

Шу тариқа юридик шахслар (шу жумладан ЎзР ҳудудида доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият юритадиган норезидентлар) томонидан фоизли қарзлар (бундай операциялардан олинган даромадлар улуши реализациянинг умумий ҳажмида ҳисобот даври якунлари бўйича устунлик қилмаслиги шарти билан) бериш бўйича бир марталик битимлар тадбиркорлик фаолияти деб тан олиниши мумкин эмас. Агар бундай операциялар тизимли равишда содир этилса ва улардан олинган даромадлар ҳисобот даври якунлари бўйича реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, мазкур фаолият тадбиркорлик фаолияти деб тан олинади ва уни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия мавжуд бўлмаган тақдирда, фаолият лицензияланмаган деб тан олинишининг жиддий хатари юзага келади.

Фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик учун қарз берувчининг айбдор мансабдор шахслари қуйидаги жавобгарликларга тортилиши мумкин:

энг кам иш ҳақининг 20 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзидаги маъмурий ундирув чоралари қўлланган ҳолда маъмурий жавобгарликка (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси);

ЭКИҲнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 6 ойгача қамоқ билан жазолашни қўллаган ҳолда жиноий жавобгарликка (Жиноят кодексининг 190-моддаси).

Юридик шахсларга нисбатан молиявий жарималарни қўллаш амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган1.

Фоизсиз қарзларга келсак, назаримизда, бу масала мунозарага ўрин қолдирмайдигандек туюлади. Сабаби юқорида айтилганидек, қарзлар беришга доир молиявий хизматларни амалга ошириш учун лицензия фақатгина тижорат ташкилотларига берилади ва ушбу фаолият тадбиркорлик ҳисобланади. Фоизсиз қарзларни беришга доир фаолият эса даромад (фойда) олишга йўналтирилмаган. Шу боис бундай фаолият тадбиркорлик деб тан олинмайди ва, фикримизча, лицензияланиши керак эмас2.

Бироқ шуни ҳисобга олиш керакки, юридик шахслар (ДМ учун очилган ҳисобварақлар норезидентнинг ҳисобварақи ҳисобланади) ҳисобварақларидан белгиланган энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган суммадаги пул маблағларининг қарз сифатида кўчирилиши (операция амалга оширилиш кунида) шубҳали операция аломати ҳисобланади, банк бу ҳақда Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармасига (Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги) хабар бериши лозим3.

ЎзР норезидентининг доимий муассасаси томонидан фоизсиз қарзлар тақдим этилишининг бир неча ҳолатларини кўриб чиқамиз.

 

НОРЕЗИДЕНТДАН РЕЗИДЕНТГА

1-ВАЗИЯТ. ЎзР норезидентининг доимий муассасаси юридик шахс – ЎзР резидентига хорижий валютада фоизсиз қарз беради.

Ўзбекистон ваколатли банклари томонидан ДМ учун очилган валюта ҳисобварақларидаги валюта маблағларининг эгаси норезидент ҳисобланади4.

Мазкур ҳисобварақларда ҳисобда турган суммалар ҳисобварақ эгасининг ихтиёрига биноан норезидентнинг ЎзРнинг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши ёки уларни миллий валютага алмаштириш ҳамда белгиланган тартибга мувофиқ хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлашга ишлатилиши мумкин. ДМ ҳисобварақларидаги валюта маблағларидан бошқа мақсадларда фақат амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда фойдаланилиши мумкин5. «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Қонунда (29.08.1996 йилдаги 263-I-сон)6 ЎзР резидентига норезидентлар томонидан ўз активларини қарз шаклида тақдим этиш имконияти назарда тутилганлиги боис қарзларни беришга доир операцияларни, назаримизда, бундай ҳолатлардан бирига киритиш мумкин.

ЎзР ҳудудида ДМ орқали фаолиятни амалга оширадиган норезидент ва қарз олувчи резидент ўртасида бундай битимни амалга ошириш учун Ўзбекистон Марказий банкида мажбурий ҳисобга олинадиган фоизсиз қарз шартномаси тузилиши керак7. Бундай ҳисобга олиш қарз олувчи резидентнинг ваколатли банки томонидан мазкур қарз олувчи тақдим этган зарур ҳужжатларга асосан амалга оширилади.

Шу билан бирга қуйидагиларга эътиборни қаратиш лозим. Фоизсиз қарз шартномасига доир муносабатлар олиш-қайтариш тамойилига асосланганлиги боис қарз олувчи резидент норезидентнинг ДМ орқали фаолият юритиш учун очилган ҳисобварағидан ўтказилган валюта маблағлари миқдоридаги норезидент олдидаги қарзини сўндириши керак. Бироқ ҳозирги вақтда мазкур маблағларни ДМнинг валюта ҳисобварағига қайтариш имкониятини амалдаги банк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тақдим этмайди. Масалан, 511-сон Тартибнинг 5.2-бандига мувофиқ норезидентнинг ДМ валюта ҳисобварақларига норезидентнинг чет элдаги ҳисобварағидан ўтказилган чет эл валютаси ёки доимий муассасанинг ЎзРнинг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларидан ўтказилган чет эл валютаси киритилиши мумкин.

Шунинг учун ваколатли банк юқорида айтиб ўтилган 511-сон Тартибнинг қоидаларига асосланиб, транзит ҳисобварақдан келиб тушган қарз олувчининг пул маблағларини ДМнинг валюта ҳисобварағига ўтказишдан бош тортиши мумкинлигига доир хатарлар юзага келадиган бўлса, фоизсиз қарз шартномаси тарафлари қарз олувчи томонидан қарз суммасини қайтариш бўйича мажбуриятларни бажаришнинг бошқа вариантларини қўллаши мақсадга мувофиқдир. Масалан, контрагентлар қуйидагиларни амалга оширишлари мумкин:

1) қарздан воз кечиш тўғрисидаги битимни имзолаш (бу жами қарз суммасини резидентнинг даромади деб тан олишга олиб келади);

2) қарз суммасини ДМ ҳисобварағига эмас, балки норезидентнинг хорижий давлатда очилган бошқа валюта ҳисобварағига қайтариш ҳақида келишиб олиш. Бироқ қарз олувчи резидентнинг ваколатли банки бундай операцияни амалга ошириш учун асос талаб қилади. Қуйидагилар бунга асос бўлиши мумкин:

● дастлабки қарз шартномаси (агар унда қарз маблағлари норезидентнинг хорижий давлатда очилган ҳисобварағига қайтарилиши шарти назарда тутилган бўлса);

● қарз шартномасига юқорида айтиб ўтилган шартни назарда тутувчи қўшимча битим.

Қарзни талаб қилиш ҳуқуқининг норезидент ДМидан норезидентга ўтказилиши тўғрисидаги битим ҳам банк учун асос бўлиши мумкин. Бироқ, бизнинг фикримизча, бундай битимнинг имзоланиши қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайди, чунки:

а) ҳуқуқнинг ўтказилиши унинг бир шахсдан бошқа шахсга ўтказилишини назарда тутади (ФКнинг 313-моддаси);

б) ДМ учун очилган ҳисобварақлардаги маблағларнинг эгаси норезидент ҳисобланади8, бинобарин, қарз шартномасини тузиш натижасида юзага келган қарзни талаб қилиш ҳуқуқи ҳар қандай ҳолатда ҳам норезидентга тегишли бўлади.

Норезидентнинг хорижий давлатдаги ҳисобварағига тўғридан-тўғри пул маблағлари ўтказилганда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ташкилотлар бир ой ичида амалга оширилган операция ҳақида хабар топишларини ёдда тутиш керак9. Бундай хабар контрагентлар фаолиятини режадан ташқари текширишга сабаб бўлиши мумкин (айниқса норезидентнинг ҳисобварағи очилган банк ёки норезидентнинг ўзи оффшор ҳудудда жойлашган бўлса10);

3) қарзни у берилган чет эл валютасида эмас, балки миллий валюта – сўмда қайтариш тўғрисида келишиб олиш. Бу вазиятда шуни эътиборга олиш лозимки, ҳатто агар мазкур шарт айнан қарз шартномасида ёки унга қўшимча келишувда бевосита назарда тутилган бўлса ҳам, муайян ҳолатларда бундай операция (битим иштирокчилари ваколатли шахсларининг фикрлари қандай йўналтирилганлигига боғлиқ ҳолда) уни валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига зид деб эътироф этилиши хатари юзага келиши мумкин, қонун ҳужжатларига кўра ЎзР ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат ваколатли банклар орқали амалга оширилади11;

4) муқобил бир хилдаги талабларни ҳисобга олиш тўғрисидаги битимни тузиш. Талабларнинг муқобиллиги ва бирхиллиги икки контрагентда бир-бирининг олдида бир хилдаги мажбуриятлар мавжуд бўлишини назарда тутганлиги сабабли ушбу усулни қўллаш учун норезидентнинг ҳам резидентдан қарзи мавжуд бўлиши лозим. Агар бундай қарз валютадаги қарз бўлса, айтиб ўтилган битим тузилганда, резидентнинг ЎзР ваколатли банкларида очилган ҳисобварағига валюта тушумининг келиб тушмаганлигида чет эл валютасини яшириш аломатлари бўлиши мумкин. Норезидент сўмдаги қарзларга эга бўлганда, резидентнинг қарз шартномаси туфайли юзага келган мажбуриятлари тўхтатилган тақдирда, яна бир-бирига ўхшаш талабларни ҳисобга олиш йўли билан айбдор шахсларни валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликлари учун жавобгарликка тортиш хатари юзага келади.

Чет эл валютасидаги фоизсиз қарз шартномаси бўйича қарз суммасини қайтариш учун бошқа усуллар ҳам қўлланиши мумкин. Бунда мазкур битимлар уларни амалга ошириш натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий ва бошқа хатарларни камайтириш мақсадида қатъий тайёргарликни талаб қилади.

 

Давоми бор.

 

1Илгари фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун ташкилотларга нисбатан фаолиятнинг ушбу турларини лицензиясиз амалга ошириш даврида олинган соф фойда миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан кам бўлмаган миқдорда молиявий жарима санкциялари қўлланилар эди (Солиқ кодексининг 30.12.2009 йилдаги ЎРҚ-241-сон Қонуни таҳриридаги 117-моддаси). «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун (7.10.2013 йилдаги ЎРҚ-355-сон) қабул қилиниши муносабати билан тадбиркорлик субъектларига нисбатан айтиб ўтилган жарималарнинг қўлланилиши бекор қилинди.

2Бунда «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг (15.09.2006 йилдаги ЎРҚ-50-сон) 5-моддасида микрокредит ташкилотларига фоизсиз микроқарзлар беришга рухсат этилади.

3Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг (МБ бошқаруви ва СВОЖЖДЛҚК департаментининг АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 48-банди.

4Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартибининг (МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 511-сон Тартиб) 5.1-банди.

5511-сон Тартибнинг 5.3-банди тўртинчи хатбошиси.

6Бундай валюта операцияларининг амалга оширилиши валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмаслиги муносабати билан (7.05.1993 йилдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги 841-XII-сон Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмининг ўн олтинчи хатбошисига қаранг, 11.12.2003 йилдаги 556-II-сон Қонун таҳририда).

7Илгари қарз шартномасининг муддати 360 кундан ошадиган ҳолатлардагина МБда шартномани ва унга ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юзага келарди. Бунда ушбу мажбурият қарз олувчининг зиммасига юкланар эди («СБХ»нинг 26.03.2013 йилдаги 12 (972)-сонидаги «Қонун талаби қатъий, бироқ унга риоя этиш шарт» мақоласига қаралсин). 20.12.2012 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-341-сон Қонун ҳамда уни (ЎРҚ-341-сон Қонун) қўллашга йўналтирилган ВМнинг 15.08.2013 йилдаги 225-сон Қарори қабул қилиниши билан ташқи қарзлар бўйича шартномаларни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти қарз олувчи резидентнинг ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи ваколатли банклар зиммасига юкланди.

8511-сон Тартибнинг 5.1-банди мазмунидан келиб чиқилганда.

9Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом (ДСҚ, ДБҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 12.06.2013 йилда 2467-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 2467-сон Низом) 1-бандининг «д» кичик банди.

102467-сон Низом 1-бандининг «а» кичик банди ва 6-банди.

11«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси ҳамда Ваколатли банклар томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартибининг (МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5.2-банди иккинчи хатбошиси.

 

Екатерина АДЕЕВА,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари аудиторлик-консалтинг гуруҳи

юридик амалиёти раҳбарининг ўринбосари.

Прочитано: 826 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика