Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 5 / Хўжалик ҳуқуқи

Корхоналар қўшилишига розилик олиш осонлашди

Товар ва молия бозорларимиздаги хўжалик юритувчи субъектларни қайта ташкил этиш билан боғлиқ рухсат берувчи тартиб-таомиллар жорий йилда мамлакатимиз тадбиркорлари учун янада тушунарли ва очиқ-ошкора бўлиб қолди. Ўтган йилнинг охирларида Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2013 йилдаги 344-сон Қарори (бундан буён матнда 344-сон Қарор деб юритилади) билан Хўжалик юритувчи субъектлар бирлашмаларини ташкил этишга, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга олдиндан розилик бериш тартиби тўғрисидаги низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) тасдиқланди. Унда монополияга қарши курашни тартибга солиш соҳасида рухсат этиш тартиб-таомилларидан ўтиш механизми муфассал тарзда расамадга солинган. Мазкур ҳужжат ана шу ҳаракатларни унификация қилишга, бозор субъектлари зиммасига тушаётган маъмурий юкни камайтиришга, тадбиркорлик фао­лиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Хўш, бундай субъектлар бирлашмаларни ташкил этишга, субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга олдиндан розилик олиш нима сабабдан қонун ҳужжатлари билан улар зиммасига юкланмоқда? Ана шу жараён қай йўсинда тартибга солинади, 344-сон Қарор унга қанақа янгиликлар киритмоқда, қайта ташкил этишга киришишдан аввал тадбиркорлар нималарни билиб қўйиши лозим? Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (бундан буён матн­да Қўмита, Монополияга қарши кураш органи деб юритилади) Рақобат муҳитини ривожлантириш ва ноҳалол рақобатга йўл қўймаслик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Валентина ДУБРОВСКАЯ ана шулар ҳақида сўзлаб беради.

 

Бозор ва рақобатлашувга қаратилган таҳдидларни камайтиришни кўзлаб

– Валентина Константиновна, хўжалик юритувчи субъектларнинг қўшиб юборилиши ва қўшиб олиниши бозорда қандай таҳдид-таваккалчиликларни келтириб чиқариши мумкин?

– Тадбиркорлар уларнинг ёрдамида биргаликдаги фаолиятдан муайян афзалликлар олишга, айтайлик, иқтисодий самарадорликни оширишга, янги жабҳаларни ўзлаштиришга, ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга, бошқа жўғрофий бозорларда ҳам жавлон уришга ҳаракат қиладилар. Айни бир вақтда улар бирлашув асносида устун мавқени қўлга киритишлари, монополия тузилмасини барпо этишлари, мавжуд ёки янги бозорлар ҳамда иқтисодий фаолият соҳаларини эгаллаб олишлари мумкин. Натижада бу ҳол монополиялашувни кучайтиради, бошқа тадбиркорларнинг бозорга чиқиш йўлига ғов-тўсиқ бўлади. Қўмита рақобатга таҳдид келтириб чиқарувчи ҳаракатлар устидан назорат олиб боради. Юқорида зикр этилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликнинг салмоқли воситаларидан бири ана шундай битимларни амалга оширишга Монополияга қарши кураш органи томонидан олдиндан розилик берилишида тажассум топади.

Тўғри, хўжалик юритувчи субъектларнинг қўшиб юборилиши ва қўшиб олиниши ҳолларининг ҳаммаси ҳам бозорда жамланувни кучайтириб юборади деб бўлмайди. Масалан, баланс активлари мўъжазроқ, ишлаб чиқариш ҳажми унча кўп бўлмаган кичик корхоналарнинг бирлашуви рақобатга таҳдид солади деб ўйлаш ўринсиздир. Одатда уларнинг муассиси битта бўлади, молиявий аҳволни яхшилаш учунгина йириклашиш йўлини ихтиёр этадилар. Бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи, ўзаро рақобатлашув ҳолатидаги хўжалик юритувчи йирик субъектларнинг қўшилиши таҳдид-таваккалчилик келтириб чиқариши мумкин. Улар ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ ҳажмларини қўшиш билан ­реал ва потенциал рақобатчиларга таҳдид солишлари мумкин.

Энди товар бозорларига эътибор қара­тайлик. Молия бозорига доир монополияга қарши кураш талаблари «Рақобат тўғрисида»ги Қонун (6.01.2012 йилдаги ЎРҚ-319-сон Қонун) қабул қилиниши билан жорий этилган бўлиб, қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳаракатларини такомиллаштиришга доир нормалар Низомда ҳам ўз ифодасини топди. Молия ташкилотларининг қўшиб юборилишини назорат қилиш амалиёти айтарлик эмас.

– Бозор субъектларининг интеграциялашувида рақобатни чекловчи хавф-хатар ва таҳдидларни камайтириш учун қонун ҳужжатларида, хусусан янги Низомда нималар назарда тутилмоқда?

– Олдиндан розилик олиш «Рақобат тўғ­рисида»ги Қонунда назарда тутилган бўлиб, Низом мазкур Қонун талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Айни бир вақтда унда «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон Қонун) талаблари ҳам инобатга олинган.

«Рақобат тўғрисида»ги Қонун қабул қилингунига қадар бозор субъектларининг қайта ташкил этилиши хусусида Қўмитани хабардор этиш тизими амал қиларди. ­Аммо ҳамма субъектлар ҳам бу борадаги ниятларидан бизни хабардор этардилар деб бўлмайди. Рўйхатга олувчи идора тадбиркорлар ўз тузилмалари йириклаштирилаётгани хусусида Монополияга қарши кураш органига хабар берган-бермаганлигига ишончлари комил бўлмасди. Рақобатлашувни ҳимоя этиш мақсадида бир туркум қонунларимизга хўжалик юритувчи субъектларни рўйхатга олишдан аввал олдиндан розилик беришга оид талаблар киритилди. Агар бу иш вақтида қилинмаса, бундай ҳаракатлар монополлашувга олиб келиши мумкин. Кейинчалик ана шундай тузилмаларни бўлиш жуда мураккаб­лик туғдиради.

Бу йўсин битимларни давлат йўли билан назорат қилиш ва тартибга солиб бориш тартиб-таомиллари «Рақобат тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши билан анчагина соддалашди. Бунга қадар Монополияга қарши кураш органи, башарти битимда иштирок этувчи активларнинг баланс қиймати жами энг кам иш ҳақининг 2 000 карраси миқдорини ташкил этадиган бўлса, уларга олдиндан розилик берар эди. Оқибатда бозорга таҳдид этмайдиган майда корхоналар ҳам назорат остига тушиб қола бошлади. Шу сабабли «Рақобат тўғрисида»ги Қонунда бу борадаги чегара энг кам иш ҳақининг 100 000 карраси даражасига кўтарилди. Башарти бир хил маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар бир бозорда фаолият олиб бораётган бўлса, улар бирлашган тақдирда нималар ўзгаришини кузатиб боришимиз зарур. Борди-ю, майда субъектлар қўшилаётган бўлса, улар бунга рухсат олишлари шарт эмас. Янги Низомда ўз бизнесини йириклаштиришни ўйлаётганларнинг ҳаракатлари муфассал тарзда расамадга солинмоқда. Низом рухсат бериш борасидаги талабларни, рухсат бериш ёки рад этиш қарорини қабул қилиш шартлари ва асосларини белгилайди, зарур шакллар рўйхатини ўз ичига олади, аризаларни кўриб чиқиш муддатлари ва ҳоказоларни назарда тутади. Тартиб-таомиллар «ягона дарча» принципи асосида амалга оширилади. Ҳужжатларни Монополияга қарши кураш органига электрон ифодада тақдим этиш мумкинлиги эса тартиб-таомилларни янада осонлаштиради.

 

Қўшиб юбориш ҳам, қўшиб олиш ҳам қонун доирасида бўлгани маъқул

– Корхоналарнинг қўшиб юбориш ва қўшиб олиш тарзидаги йириклашуви кўпроқ қандай ҳолларда содир бўлади? Бу борада қарор қабул қилинаётганда нималарга эътибор қилинади?

– Қўшиб юбориш ва қўшиб олишнинг тўртта асосий турини ажратиб кўрсатиш мумкин. Горизонтал усул бир хил маҳсулот таклиф этаётган, ўзаро рақобатлашиб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашувида мужассам бўлади. Вертикал усул маҳсулот етказиб берувчи билан истеъмолчининг бирлашувига асосланади. Мувозий усулда ўзаро бир-бири билан боғлиқ товарлар ишлаб чиқарувчи субъектлар қўшилуви содир бўлади. Чунончи, фотоаппаратлар ишлаб чиқарувчи корхона билан фотоплёнкалар ишлаб чиқарувчи корхона бирлашади. Конгломерат (қурама) усул ҳам мавжуд бўлиб, бунда ишлаб чиқариш ёки маҳсулот ўтказиш муносабатлари борасида ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлмаган тузилмалар қўшиб юборилади ёки қўшиб олинади. Бундай бирлашувда иштирокчилар турли тармоқ субъектларидан ташкил топган бўлиб, маҳсулот етказиб бериш, уни истеъмол этиш борасида ҳам, рақобатлашув маъносида ҳам бир-бирларига алоқадор бўлмайдилар.

Турли бозорларда фаолият юритаётганларнинг қўшилиши ҳоллари бот-бот учрайди. Тадбиркор бизнес соҳасидаги тузилма ишини йўлга қўйди, аммо ўз кучларини тўғри ҳисоблай олмади дейлик. Шунда у бир неча корхона ташкил этади ва бу корхоналар фаолиятнинг турли соҳалари билан шуғуллана бошлайдилар. Улар ҳам умидни оқламагач, муассис молия­вий ресурсларни жамлаш мақсадида мазкур корхоналарни бирлаштиради. Моҳият-эътибори билан бундай тузилма бозор учун хавфли эмас. Аммо вазият бошқача бўлиши ҳам мумкин. Хўжалик юритувчи иккита субъект қўшилганда улардан бири бозорда устун мавқени эгаллаб келганлиги боис, қўшилган шериги ҳам ўзига ўхшаш бўлса, устунлик мавқеи янада кучайиши мумкин. Бунга эса сира-сира йўл қўйиб бўлмайди, бинобарин мазкур хўжалик юритувчи субъектлар бирлашувига «Рақобат тўғрисида»ги Қонун ва Низомда назарда тутилган асослар ва тартибда розилик бериш рад этилади. Айни бир вақтда Низомда устун мавқе кучая­ётган тақдирда ҳам юқорида айтилган ҳаракатни содир этишга розилик беришга йўл қўядиган норма бор. Бундай ҳолларда юридик шахс ана шундай ҳаракатдан истеъмолчилар сезиларли даражада наф кўришини исботлаб бермоғи лозим. Биз истеъмолчилар ва хом ашё етказиб берувчилар қўшилмаслиги пайида бўламиз. Зотан бу нарса, аввало, бозор учун ортиқча таҳдид-таваккалчилик келтириб чиқаради. Қолаверса, тадбиркорлар бирлашиб олиб, бозорга хўжалик юритувчи янги субъектлар кириб келишини чеклаб қўйишлари мумкин. Мабодо, ана шу тамойил кузатилмаса, улар ўз рақобатчиларининг хом ашё ресурсларидан эмин-эркин баҳраманд бўлишига монелик қилмаса, биз розилик берамиз. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қўшиб юбориш ва қўшиб олиш билан боғлиқ битимларни монополияга қарши кураш негизида тартибга солиш оқибатида бизда биронта ҳам монопол корхона пайдо бўлмади. Бу яхши кўрсаткичдир.

Яна бир гап. Йирик корхоналар, уюшмалар, компаниялар Ҳукумат қарори билан ташкил этилиши мумкин. Бундай ҳолларда биз олдиндан розилик бермаймиз, лекин ҳужжат лойиҳасига виза қўйиш баробарида ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни қайд этиб ўтамиз, бундай тузилмаларнинг бозор орқали бўладиган фаолиятини назорат қилиб борамиз. Улар рақобат учун таҳдид-таваккалчилик келтириб чиқараётганлигини кўрсак, уларни Товар ва молия бозорларида устун мавқени эгаллаб турувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) киритиб қўямиз, хатти-ҳаракатларини эса кузатиб борамиз.

Уюшмалар, компаниялар, бирлашмалар барпо этилаётганда қарор қабул қилишда улар таркибига кирувчи юридик шахсларнинг фаолиятларини тартибга солиш вазифаси уставларида мужассам этилмаслигига эътибор қаратамиз. Бундай бирлашмалар умумий муаммоларни, масалан, қонунчилик хусусиятидаги муаммоларни ҳал этиш учун ташкил топади, аммо тартибга солиш ёки тақсимлаш вазифаларини зиммага олишга ҳақли эмас.

 

Ҳужжатлар борасида нима гап?

– Олдиндан розилик олиш учун қандай ҳужжатларни топшириш керак, уларни кўриб чиқиш муддатлари қанақа?

– Олдиндан розилик олиш учун Монополияга қарши кураш органига ариза; бирлашма таркибига кираётган, шунингдек қўшиб юбориш, қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг таъсис ҳужжатлари нусхаларини; ҳар бир иштирокчи ариза берилган кунга қадар икки йил мобайнида ёки фаолият муддати икки йилдан камроқ бўлса, фаолиятни амалга ошириш муддати мобайнида олиб борган фаолияти турлари ҳақидаги, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) номи ва ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни; ҳар бир иштирокчи ўтган икки тақвим йили юзасидан содир этган ҳаракатлари бўйича 1 ва 2-шаклдаги молиявий ҳисоботни топшириш керак. Рақобат чекланишига таъсир этиш эҳтимолларини ўрганиш асносида Қўмита бошқа идоралардан ҳам қўшимча ҳужжатлар сўраб олиши мумкин.

Олдиндан розилик берганлик учун йиғим ундирилмайди. Ҳужжатларни Қў­митанинг махсус комиссияси кўриб чи­қади. Мазкур комиссия ҳужжатлар олинган пайтдан эътиборан 10 иш кунидан кечиктирмай қарор қабул қилади. Субъектларнинг бирлашуви бозорда устун мавқени келтириб чиқариши ёки кучайтириши ёхуд рақобатни чеклаши мумкин деб ўйлашга асослар бўлса, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда аризачи хабардор этилиши шарт.

Низомда назарда тутилишича, қўшиб юбориш, қўшиб олиш қарори бир йил ичида бажарилмоғи лозим, акс ҳолда қарор ўз кучини йўқотади. Бозордаги вазият муттасил ўзгариб турганлиги сабабли ҳам мазкур чеклов жорий этилди. Негаки, бир йил мобайнида бозорда хўжалик юритувчи янги субъектлар пайдо бўлиши ёки тадбиркорлик тузилмаси устун мавқени қўлга киритиши ёхуд, аксинча, монополлик мавқеини йўқотиши мумкин.

Мабодо, хўжалик юритувчи субъект рухсат сўраб Монополияга қарши кураш органига мурожаат этган бўлса-ю, биз белгиланган муддатни, шу жумладан узайтирилган муддатни чўзиб юбориб вақтида жавоб бермаган бўлсак, у бизнинг розилигимизсиз йириклашуви мумкин. «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунда айни шу норма ўз аксини топган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Низом тадбиркорлар учун рухсат олиш механизмини имкон қадар соддалаштириб, уларни асоссиз талаблардан ҳимоя этиш билан бир вақтда тегишли қарор бериш муддатини қаттиқ назорат қилади, давлат органлари учун ҳам бу йўналишдаги талабларни белгилайди, талабларни аниқ, оғишмай ижро этиш регламентини ўрнатади.

 

Тақиқ белгиланса

– Монополияга қарши кураш органи қандай ҳолатларда олдиндан розилик беришни рад этишга ҳақли?

– Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги, уларда нотўғри, ишончсиз, бузиб кўрсатилган маълумотлар борлиги, хўжалик юритувчи субъектнинг рухсат этиш талаблари ва шартларига номувофиқлиги розилик беришни рад этиш учун асос бўлади. Устун мавқе мавжудлиги ва бу билан субъектлардан бирининг рақобатлашуви чекланишини ёки хўжалик юритувчи тузилмалар интеграциялашуви натижасида шундай имко­ният юзага келишини субъектнинг талаб­ларга номувофиқлиги сирасига киритиш мумкин. Рад этиш ҳақидаги хабарномада асослантирилган сабаблар қонун ҳужжатлари нормаларига ҳавола этилган ҳолда кўрсатилмоғи, шунингдек тадбиркорлик субъекти уларни бартараф этишга ва такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатлар тақдим этишга ҳақли бўлган муддат (10 кун) кўрсатиб ўтилиши шарт (такроран кўриб чиқиш ҳам 10 кун мобайнида содир этилади). Шу билан бирга қарорда илгари баён этилмаган асосларни келтиришга, мақсадга номувофиқ деган важ билан рад этишга йўл қўйилмайди.

– Қўшиб юбориш ёки қўшиб олишга бундай ҳаракатлар учун рухсат олмай туриб йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қандай жазо чоралари кўрилади?

– Ҳозирча битта ҳам бундай ҳолат қайд этилмади. Шунга қарамай, бунақа ҳолатларда рақобат тўғрисидаги қонун ҳуж­жатлари бузилганлиги ҳақида иш қўз­ғатиш жоизлиги Низомда назарда тутилган. Бу иш ҳам Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Комиссия тақдимнома қабул қилади ва беради, қоидабузар уни 5 кун ичида бажар­моғи лозим. Комиссия шунингдек қонун­бузарни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилади. Хўжалик юритувчи субъект Монополияга қарши ­кураш органи қарорига рози бўлмаса судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Мурожаатларнинг таҳлили шуни кўр­сатмоқдаки, рухсат этиш тартиб-тамо­йиллари механизми аниқ таърифланганлиги ва кўрсатиб ўтилганлигига қарамай, йириклашув учун олдиндан розилик олиш талаб этилмайдиган тадбиркорлар бизга тез-тез мурожаат қилиб туришади. Афтидан, рўйхатга олувчи идоралар хўжалик юритувчи янги тузилма монополияга қарши қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилаётганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилишни истайдилар, шекилли. Бундай ҳолларда тадбиркорга 1 кун ичида хат берамиз, унда активлари катта эмаслиги боис бизнинг розилигимизга зарурат йўқлигини кўрсатиб ўтамиз.

Олдиндан розилигимизни олиш талаб этилмайдиган меъёрий чегара расамадга солинганлиги боис, унча катта бўлмаган тадбиркорлик тузилмалари назорат доирамиздан секин-аста четга чиқиб бораётир. Бу табиий ҳол. Рухсат олишнинг зарурати бўлмаган ҳолда бизга 2012 йилда мурожаат қилган тадбиркорлар 59 фоизни, 2013 йилда 75 фоизни ташкил этди.

Махсус мухбиримиз
Ирина ГРЕБЕНЮК суҳбатлашди.

 

Прочитано: 1109 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика