Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 45 / Аудитор хабарномаси

Баҳо ҳам бир сиёсат ёки арзон хизматларга учманг

Жорий йилнинг 1 майига бўлган ҳолатга кўра мамлакатимиз бозорида 104 та аудиторлик компанияси фаолият олиб бораётган бўлиб, шулардан 69 таси барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувлари, 12 таси эса хўжалик юритувчи субъектларда (ОАЖ, банк ва суғурта компаниялари бундан мустасно) ташаббус асосидаги ва мажбурий аудиторлик текширувлари ўтказишга ҳақли. 23 аудиторлик ташкилоти эса фақат ташаббус асосидаги аудиторлик текшируви ўтказиши мумкин. Ўтган йили аудиторлик ташкилотларининг жами тушуми (32 млрд сўм) ўсиши 8,4 фоизни ташкил этди.

Мамлакатимизда аудит зарур бўлган корхоналар оз эмаслиги, қолаверса, мунтазам равишда янги-янги компаниялар ташкил топаётганлиги эътиборга олинса, жами тушумнинг ўсиш суръати жуда суст деб айтиш мумкин. Сабаби нимада? Бу саволга жавобни аудиторларнинг ўзидан топиш мумкин. Гап аудиторлик компанияларининг баҳо сиёсати тўғри эмаслигида ёки бундай сиёсат умуман йўқлигидадир.

Бундай сиёсатнинг йўқлиги хўжалик юритувчи субъектларни текширув қиймати ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган маълумотлар асосида айрим аудиторлар демпинг қилишига олиб келмоқда, улар ҳатто ўтган йилга нисбатан ҳам камроқ қиймат таклиф этмоқдалар. Баҳо борасидаги бундай таклиф негизида арзонгаров аудит ўтказиш йўли билан аудитор бу мижозни ўзига оғдириб олади деган илинж бор деб тахмин қилиш мумкин. Сарф-харажатни компенсация қилиш мақсадида келаси йили қийматни оширишни мўлжал қилсалар керак. Бироқ келгуси йили бошқа аудиторлик компанияси келиб, бултургидан ҳам пастроқ баҳони айтади. Натижада аудиторлик хизматлари, айтайлик, 2009 йилда 2013 йилдагига нисбатан анча қимматроқ бўлади (алоқа, ахборот-излаш тизимлари хизматлари, тармоқ ва сайт техник мадади, банк, реклама хизматлари ҳамда аудит муваффақиятини таъмин этувчи бошқа хизматлар анчагина қимматлашган бир шароитда шундай бўлмоқда). Жуда ғалати туюлмаяптими? Наҳотки аудиторлик ташкилотлари фойдала­наётган хизматлар баҳоси кўтарилиб, ходимларининг иш ҳақи ошиб бораётган бир алфозда аудиторлик хизматлари баҳоси камайиб бораётган бўлса?!

Аудит ўтказишга қаратилган тендер ёки танловни ҳар қандай йўл, ҳар қандай баҳо билан ютиб чиқиш истагида талабгорлар ўз хизматлари қийматини бир неча баравар камайтиришга ҳам тайёр. Лекин сифатли аудит арзонга тушармикан, мижоз таннархидан арзонроқ бўлган хизматга мойиллик билдирганда, сифатли сервис олишни ўйлармикан, бундай аудитдан қандай наф бўлиши мумкин, шу йўсин хизмат кўрсатишга жазм этганлар зиммага қандай масъулият оладилар деган саволлар кўндаланг бўлиши турган гап. Негаки, мижознинг молия-хўжалик фао­лияти асносида қўшимча ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки ортиқча тўланган солиқ борасида таҳдид-таваккалчиликлар ҳам келиб чиқиши мумкинки, бу ҳол мижознинг фаолия­ти ривож топиши ва яхшиланиб боришига ёрдам бермайди, албатта.

Тўғри, аудиторлик ташкилоти ўз хизматларини таннархидан арзонроқ сотишга ҳам тайёр ҳолатларни истисно қилиб бўлмайди. Айтайлик, донғи оламни тутган фирма номига эга бўлган мижоз билан иш олиб бориш аудиторлик ташкилотига молиявий натижадан ҳам азизроқдир. Бироқ ана шу йўсиндаги ҳамкорлик фақат чоғроқ ­аудиторлик ташкилотини, хусусан, бундай бозорга эндигина чиққан ёки хизматининг сифати ва ишончлилиги кўпчиликка маълум бўлмаган аудиторлик ташкилотини қизиқтириши мумкин, холос.

Йирик аудиторлик компанияси бу таҳлид ишларга, аниқроғи демпингга шунчаки бўш вақтни банд қилиш, кафолатланган иш орасида қўли бўшаб қолган мутахассисларини ишлатиш учунгина жазм этиши мумкин. ­Аммо бу компания исталган вақтда, бирмунча қулай буюртма келиб тушиши билан рентабелли бўлмаган битимни бажаришни кейинроққа суриб қўйиши ёки бу ишдан умуман воз кечиши мумкин.

Ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, ҳамкасабаларга хизматлари қиймати калькуляциясини ишлаб чиқишни маслаҳат берган бўлур эдик. Калькуляцияда у ёки бу корхонани текширишда компания қиладиган барча харажатларни, хусусан, ходимларнинг иш ҳақини, шу жумладан сифатни ва менежерлар ишини назорат қилиш билан боғлиқ харажатларни, офис ижараси харажатини, ходимлар малакасини ошириш, ISO 9001:2008 билан боғлиқ харажатларни, аъзолик бадалларини, техник ва норматив-ҳуқуқий таъминот, транспорт ва бошқа харажатларни инобатга олиш зарур.

Мижозларнинг арзон аудитга муносабати эса бутунлай бошқа мавзу. Улар бундай аудитни ихтиёр этган тақдирда хизматлар баҳоси ўз қийматидан қанча кам бўлса, аудит ўтказишга сарфланадиган вақт ҳам шунча кам бўлишини эътибордан қочирмасликлари керак. Кейинчалик ҳисобот ва ҳисобларда аниқланмай қолган кемтиклик ва камчиликлар хусусидаги даъволарни тинглар экансан, бунга ўзингиз сабабчи деб айтгинг, арзон шўрва татимас деган мақолни эслатгинг келади. Аудитор аудитни арзон баҳода, сурункасига эмас, танлаб-танлаб ўтказган экан, қандайдир хатоликлар унинг диққат-эътиборидан четда қолиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, унга бу борада даъво қилиш ўринсиздир.

Шу сабабли ҳам камхарж аудиторлик хизматларини танлаган эканмиз, воқеалар ҳар қанақа йўналишда кечишига тайёр бўлишингиз, бинобарин, шартнома бажарилмаслиги, ишни охирига етказишдан бўйин товлаш, хизмат сифатли эмаслиги, кафолатлар йўқлиги, маҳсулот етказиб берувчининг банкрот бўлиши ва шу сингари “туҳфа”ларга тайёр туришингиз лозим.

Давлат улушига асосланган корхоналарда аудит ўтказиш борасидаги тендерларда йил сайин иштирок эта бориш асосида хизматлар қийматини пасайтиришимиз мумкин. Зотан ихтиёрида 10-15 нафар ходими бўлган аудиторлик компаниясининг 100 дан ортиқ бўлинмаси бўлган корхоналарда аудит ўтказаман деб чираниши мумкин эканлиги тушунарсиздир. Боз устига, у яна бошқа ўнлаб мижозлар билан иш олиб бориши зарур.

Ҳар қандай товарни танлашда бўлгани каби аудиторлик хизмати кўрсатувчини танлаш ҳам “баҳо – сифат”нинг энг мақбул нисбати принципида ўтказилгани яхши. Негаки, харид қилишдан олдин истеъмол хусусиятларига баҳо бериш мумкин бўлган товардан фарқли равишда аудиторлик хизматини кўрсатилганидан кейин ҳам баҳолаш ҳийла мураккабдир. Кўпинча бундай хизмат баҳоси назорат қилувчи идоралар корхоналарни текширган вақтдагина аён бўлади.

Аудиторларнинг талаб даражасидаги яхши иши, бундай ишнинг кафолати арзон бўлиши мумкин эмас. Мабодо мижоз корхонада бухгалтерия ҳисоби батартиб, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини истаса, энг аввало, аудиторлик компаниясининг ходимлари миқдори, аудиторлик текширувини ўтказишнинг шарт­номада ҳамда аудит режасида кўрсатилган муддатларини ва муносиб қиймати сингари кўрсаткичларига қараш зарур. Биз шунингдек шартномада аудиторлик ташкилотининг жавобгарлиги ва назорат қилувчи идоралар текшираётганда ҳамроҳлик қилиши сингари бандлар бўлишига эътибор қаратишни тавсия қиламиз.

Кўпгина корхоналар аудиторлик текширувларини йил чораги бўйича ўтказадилар. Бу эса МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТДАГИ КАМЧИЛИКЛАРНИ ЙИЛ ЯКУНИ БЎЙИЧА ТЕКШИРУВДА ЭМАС, БАЛКИ ЙИЛ МОБАЙНИДА бартараф этиш имкониятини беради. Бундан ташқари, йил чораги бўйича аудиторларнинг ҳамқадам бўлиши аудиторлар йил мобайнида мунтазам иш олиб боришини кафолатлайди.

Виктория ПЕТРЯЕВА,

“Marikon Audit” МЧЖ директори/аудитори.

Прочитано: 2127 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика