Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 45 / Аудитор хабарномаси

Аудиторга биржа керакми?

Электрон биржа савдолари бозоримизда нисбатан яқинда пайдо бўлди. Улар Президентнинг “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори (7.02.2011 йилдаги ПҚ-1475-сон) билан давлат корхоналарининг эҳтиёжларини таъминлаш учун ташкил этилган. Жорий йилда Президентнинг “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги қарори (5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон) билан биржа савдолари  иштирокчиларининг рўйхати устав фондида давлат улуши 50%дан кўп бўлган табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари ҳисобига кенгайтирилди.

           Аудиторлар палатасига шундай савол келиб тушди: аудиторлик хизматлари устун даражада давлат улушига эга бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхона ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон респуб­лика товар-хом ашё биржасининг устун даражада давлат улушига эга бўлган табиий­ монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича махсус ҳукумат комиссияси белгилайдиган электрон кимошди савдоларида сотиб олинадиган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг товарлари (ишлари, хизматлари) рўйхатига кирадими?

Қизиқиш тушунарли. 2012 йилги аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг таҳлили аудиторлик текширишларини ўтказишга доир шартномаларнинг 51%и истеъмолчиларнинг айни шу қисми билан тузилганлигини кўрсатади. Мазкур гуруҳ республика аудиторлик ташкилотлари бутун тушумининг 64%ини таъминлади (ушбу ҳисоб-китобга уларнинг бундай истеъмолчиларга профессионал хизматлар кўрсатишдан олган тушуми кирмаган).

Иқтисодиёт субъектларининг янгиликдан фойда олиши тушунарли. Бу кам деганда харидлар таомилларининг очиқ-ошкоралиги ва очиқ рақобат ҳисобига маблағлар тежалишини англатади. Кимошди савдолари натижалари билан Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитаси сайтларида, шунингдек Ўзбекистон рес­публика товар-хом ашё биржаси (бундан кейин - ЎзРТХБ) порталида танишиш мумкин.

Электрон харидлар бўйича ҳукумат комиссияси Президентнинг ПҚ-1948-сон қарорига кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган. У ўзининг 31.07.2013 йилдаги 1-сон баённома қарори (бундан кейин – Баённома) билан 300 мингдан 100 минг АҚШ долларигача эквивалент суммада бир контракт бўйича ЎзРТХБ ўтказадиган электрон савдоларда ушбу субъектлар томонидан сотиб олинадиган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари товарлари (ишлари, хизматлари) гуруҳларининг рўйхатини (бундан кейин – Рўйхат) тасдиқлади. Унга товарлар (ишлар, хизматлар)нинг 16 гуруҳи кирган. Рўйхатга аудиторлик хизматлари киритилмаган. Бироқ Рўйхат келгусида ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин.

Агар Рўйхатга аудиторлик хизматлари ҳам кирса, аудиторлик ташкилотлари учун нима ўзгаради?

Республика комиссиясининг қарорига кўра устун даражада давлат улушига эга бўлган табиий монополиялар субъектлари, ташкилотларга 2013 йил 1 августгача тузилган шартномаларни уларда назарда тутилган муддатларда, бироқ жорий йил охиридан кечиктирмай бажариш ҳуқуқи берилган (Баённоманинг 7-банди). Бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ устав капиталида давлатнинг устун улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобот умумий йиғилишларини устав билан белгиланган муддатларда, бироқ молия йили тугаганидан кейин 6 ойдан кечиктирмай ўтказадилар. Акциядорлар (муассислар) ҳисобот умумий йиғилишида аудиторлик текширишини ўтказиш, аудиторлик ташкилоти ва унинг хизматларига ҳақ тўлашнинг энг юқори миқдорини белгилаш тўғрисида қарорлари ҳам қабул қилинади. Бунинг маъноси шуки, мажбурий аудиторлик текширишидан ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар аудиторлик ташкилотларини одатда ҳар йилнинг 1 августигача танлайдилар. Аудиторлик хизматларининг ўзига хослиги шундаки, жорий йилда тузилган шартномалар кейинги йилда – молия йили тугаганидан ва унинг якунлари бўйича молиявий ҳисобот тузилганидан кейин ёпилади.

Шу сабабли мажбурий аудиторлик текширишлари бўйича хизматлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган истисно ҳол ҳисобланади деб фикр юритиш мумкин, Президентнинг ПҚ-1948-сон қарорига мувофиқ жорий йилда Рўйхатга кирмаслиги эҳтимол. Аудиторлик ташкилотларининг профессионал хизматлари эса унга истиқболда киритилиши мумкин.

Савдоларнинг ўзига хослиги шундаки, товарларни (хизматларни) буюртмачига етказиб берадиган у ёки бу ташкилотни танлашда нарх ҳисобга олинади: нарх қанча паст бўлса, контрактга эга бўлиш имкониятлари шунча юқоридир. Бундай савдоларнинг устувор жиҳати – нарх. Агар аудиторлик хизматлари Рўйхатга кирса, аудиторлик ташкилотлари ЎзРТХБда аккредитация қилинган брокерлик идоралари билан шартномалар тузишлари, ўз оферталарини ва, хусусан, нарх таклифини тўғри тайёрлашлари керак бўлади.

Бунда аудиторлик хизматлари бозорининг ўзига хослигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Мажбурий аудит хизматларини етказиб борувчини танлаш мавсуми ҳар йили июль–август ойларига тўғри келади. Ҳар бир аудиторлик ташкилоти электрон харидлар якунида уларни қайси хўжалик юритувчи субъектлар танлашини билмаган ҳолда барча савдоларда иштирок этишга интилади. Аудитор энди бўлғуси мижознинг раҳбарияти билан учрашмаслиги, умумий йиғилишларда иштирок этмаслиги мумкин. Амалда унинг биржа эълонларини кузатиши ва ўз вақтида буюртманома бериши етарлидир. Демпинг нарх белгилаш чоғида бир аудиторлик ташкилоти кўпчилик истеъмолчилар томонидан танланиш ва аудиторлик хизматлари бозорининг катта қисмини эгаллаб олиш имкониятига эга бўлади. Ушбу хизматлар истеъмолчилари учун ва аудит бозорининг ўзи учун ҳам бундай “ғалаба”нинг оқибатларини башорат қилиш қийин эмас.

Болтиқбўйи мамлакатларидан биридаги ҳамкасбларимиз ҳаётидан қизиқарли воқеани мисол сифатида келтираман. Бу ерда маҳаллий аудиторлик ташкилоти нархлар демпинги туфайли аудиторлик хизматларига буюртмаларнинг 80%ини эгаллаб олган.

Шу сабабли мажбурий аудит бўйича аудиторлик хизматларини Рўйхатга киритган ҳолда алоҳида аудиторлик ташкилотининг электрон харидларда “ялпи ғалабаси”нинг эҳтимолий салбий оқибатларининг олдини оладиган тартибни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, аудиторни танлаш чоғида аудиторларнинг профессионал сифатлари, уларнинг малакаси, фирманинг халқаро тармоққа мансублиги ва бошқа хусусиятлар ҳисобга олиниши учун уларда иштирок этишнинг оммавийлигини чек­лаш керак.

Паст нарх сифат дегани эмас. Тегишинча, аудиторлик ташкилотлари савдоларда ғалаба қозониш мақсадида энг паст нархни эълон қилиш учун иш сифатини пасайтиришлари мумкинлиги хатари мавжуд.

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Аудиторлар

палатасининг раиси.

Прочитано: 2436 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика