Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 45 / Аудитор хабарномаси

Низом қўллаш учун йўриқнома сифатида

Ички аудит институти Ўзбекистонда нисбатан яқинда шакллана бошлади. Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси ҳамда Аудиторлар палатаси ички аудитор сертификатини олишга дастлабки имтиҳонларни 2012 йил декабрда қабул қилдилар. Ушбу профессионал бирлашмалар ички аудит фанларини ўрганиш курслари ва малака имтиҳонларини мунтазам ўтказиб келяпти, уларнинг натижалари бўйича ички аудитор сертификатлари берилади. Сертификатларни олган янги мутахассислар республика корхоналарида ўз фаолиятларини юрита бошлайдилар.

Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисида низом (ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон қарорига 2-илова, бундан кейин – 215-сон Низом) билан активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган корхоналарда ички аудитни ташкил этишга қўйиладиган ягона талаблар белгиланган. Корхона раҳбарияти ушбу хизмат фаолиятини тартибга солишдан манфаатдор бўлиши керак, чунки бу унинг иши имкон борича сифатли бўлиши учун зарур. Айни шу сабабли мансаб мажбуриятлари ва хизматнинг, шу жумладан унинг фаолияти самарадорлиги учун ҳам жавобгарлиги соҳасини назарда тутиш ва ҳужжат билан қайд этиш керак. Бунинг учун ички аудит хизмати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ва унда мазкур хизмат мутахассисларининг базавий мажбуриятларини мустаҳкамлаш керак.

“Marikon Audit” МЧЖ аудиторлик компанияси Ўзбекистон корхоналари учун Президентнинг “Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (27.09.2006 йилдаги ПҚ-475-сон) талабларига мувофиқ келадиган ана шундай ички аудит хизмати тўғрисидаги низомни ишлаб чиқди. У ўз ичига: умумий қоидалар; ички аудит хизматининг асосий вазифалари ва функциялари; унинг ҳуқуқ ва мажбурият­лари; бу хизматга қўйиладиган талаблар; ички аудит хизматининг мустақиллиги; ички аудит ўтказишга ва уни ўтказиш натижалари бўйича йиғма ҳисобот тузишга қўйиладиган талаб­лар; ички аудит хизматининг жавобгарлигини олади.

Ички аудит ишининг тақдим этилаётган низомда мустаҳкамланган баъзи жиҳатларини кўриб чиқамиз. Чунончи, корхона ишини баҳолаш чоғида тасдиқланган бизнес-режа бажарилишига; корпоратив бошқарув принципларига риоя қилинишига; бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобнинг ҳолатига; солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисоблаб чиқилиши ва тўланишига; молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатларига риоя этилишига; активлар ва ички назорат ҳолатини текширишга эътибор қаратиш тавсия қилинади. Баҳолаш натижалари бўйича ички аудит хизмати қилинган иш ҳақида йиғма ҳисобот ва корхона бўлинмалари фао­лиятини тартибга солиш бўйича тавсиялар тайёрлайди. 215-сон Низомга мувофиқ йиғма ҳисобот таҳлилий қисм, якуний қисм ва тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини ўз ичига олиши керак.

Таҳлилий қисмда ички аудиторлар томонидан ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисидаги ахборотни акс эттириш, якуний қисмида эса корхонанинг ижро этувчи органи ва таркибий бўлинмалари фаолиятига, шунингдек ликвидлигига умумий баҳо бериш тавсия қилинади. Шунингдек унда аниқланган қонунни бузишларни бартараф этиш бўйича ҳамда корхонанинг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишга, корпоратив бошқаришни такомиллаштиришга доир тавсиялар берилади.

Йиғма ҳисоботга доир талаблардан ташқари, корхонада қабул қилинган низомда ҳисоботни кузатувчи кенгашга тақдим этиш муддатларини қайд этиш тавсия этилади. Уни чораклик текширув натижалари бўйича тайёрлаш учун мақбул муддат – 10 кун. Бунда шуни тушуниш лозимки, ҳисобот ортиб борувчи якун билан бажарилиши керак, бироқ унда олдинги босқичда бартараф этилган нуқсонларни кўрсатмаслик даркор.

Режали ишдан ташқари, ички аудит махсус масалалар бўйича ҳам ўтказилиши мумкин. Шу сабабли корхонада қабул қилинган низомда махсус текшириш натижалари бўйича ҳисоботни тақдим этиш муддатларини ҳам акс эттириш керак – уни тайёрлашга 3 кун етарли.

Ички аудит хизматининг мустақиллигига алоҳида эътибор қаратилиши керак. Ушбу муҳим шарт 215-сон Низомда қайд этилган. Бироқ, хизматнинг мустақиллигини сақлаш мақсадида ҳисобга олиш зарур бўлган омиллар мавжуд. Масалан, қариндошлик алоқаларининг борлиги. Чунончи, “Marikon Audit” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда қайд этилган бандларга кўра ички аудиторлар корхонада раҳбар лавозимларни эгаллаган, шунингдек молиявий хизматда ишлайдиган ходимлар билан яқин қариндош бўлмасликлари керак. Ички аудит муваффақиятли ўтказилишининг мезони бўлиб корхоналар фаолиятини мақбуллаштириш ва аудиторлик текшируви давомида топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича таклифларни амалга ошириш ҳисобланади.

Бироқ жавобгарликни ҳам унутмаслик керак, уни корхонада қабул қилинган низомда белгилаб қўйиш лозим. Чунончи, текширишлар натижалари бузиб кўрсатилганлиги; ички аудиторларга тақдим этилган ёки улар томонидан хизмат вазифаларининг бажарилиши муносабати билан уларга маълум бўлган корхонанинг тижорат сирини ташкил этадиган ахборотнинг махфийлигига риоя қилинмаганлиги; олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилиши таъминланмаганлиги; аудит давомида аниқланган қонунни бузишларни бартараф этиш бўйича чораларнинг етарли эмаслиги ва корхона молия-хўжалик фаолиятининг самарадор эмаслиги – булар хизматга жавобгарлик чораларини қўллашни тақозо этадиган муҳим омиллардир.

 

“Marikon Audit” МЧЖ компанияси томонидан ишлаб чиқилган ички аудит хизмати тўғрисидаги низом намунаси эркин фойдаланиш учун norma.uz порталида жойлаштирилган.

Наталья КОНДРАТОВА,

“Marikon Audit” МЧЖ молия директори.

Прочитано: 5005 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика