Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 43 / Хўжалик ҳуқуқи

Муаллифлик ҳуқуқларимни ҳимоя қилинг!

        Мен турли усуллар билан тирноқларни ўстириш технологиясини ишлаб чиқдим. Уларнинг ҳаммасини ўқитувчи DVD дискига ёзиб олдим. Мазкур дисклар Ўзбекистон ҳудудида сотиляпти. Яқинда Тошкентда менинг материалларимдан фойдаланиб, тирноқларни ўстириш бўйича сабоқ бераётган аёлни учратдим. Менинг материалларимдан фойдаланилганлиги учун бирор-бир гонорар олишга ҳақлиманми? Мазкур масалани қандай ҳал этиш мумкин – суд орқалими ёки судгача тартибдами? Ўз ишланмамни қўшимча равишда рўйхатдан ўтказишим зарурми? 

Оксана. Навоий шаҳри.

 

 

– “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг (20.07.2006 йилдаги ЎРҚ-42-сон, бундан кейин – Қонун) 5-моддасига мувофиқ мазкур материаллар муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Қонуннинг 10-мод­дасига кўра, фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун мазкур асарларни қўшимча рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди.

Қонуннинг 62-моддаси қуйидагиларни муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузишга киритади:

а) муаллифларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш;

б) ижрочининг исм-шарифга бўлган ва ижрони ҳар қандай тарзда бузиб кўр­сатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз қилинишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини бузиш;

в) ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш, шундай фойдаланишга шартнома тузмасдан йўл қўйиладиган ҳоллар бундан мустасно;

г) ҳақ тўлаш тўғрисидаги талабларни бузиш;

д) ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқ­ларини бошқача тарзда бузиш.

Қонуннинг 65-моддасига асосан муаллиф ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

ҳуқуқларни тан олишини;

ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаши ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини;

ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини;

зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини;

маънавий зиён қопланишини.

Чиқарилаётган дискларга муаллифлик ҳуқуқларингиз тўғрисида хабардор қилиш учун қўшимча равишда муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш белгисидан фойдаланиш мумкин, у асарнинг ҳар бир нусхасида жойлаштирилади ва уч элементдан иборат бўлади:

айлана ичидаги лотинча “С” ҳарфи;

танҳо муаллифлик ҳуқуқлари соҳиби­нинг исми (номи);

асар биринчи марта эълон қилинган йил.

Шу тариқа, сиз судга етказилган зарарларни қоплаш, маънавий ­зиённи компенсациялаш ва муаллифлик ҳуқуқларингизни эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан муро­жаат қилишингиз мумкин. Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, ишни суд инстанциясида кўриш чоғида сиз мазкур материалларга муаллифликни исботлашингиз, шунингдек маҳсулотнинг фирма логотипи билан биргаликда чиқарилаётган DVD дискларига тегишли товар белгисини олиш тўғрисида қайғуришингиз лозим.

 

 

 

Алексей НИЯЗМЕТОВ, юрист.

Прочитано: 2480 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика