Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 42 / Божхона

Рухсат бериш таомиллари соддалашди

Президентимизнинг 16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон ва 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон фармонлари талабларини бажарар экан, Давлат божхона қўмитаси рухсат бериш тизимини мақбуллаштириш мақсадида идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқмоқда, рухсат беришга доир таомил ва нормаларни назарда тутувчи ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказмоқда. Cўнгги икки ой давомида бир қатор меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Газетамизнинг олдинги сонида биз “Вақтинча сақлаш” божхона режими тўғрисидаги низомга (17.06.1998 йилда 447-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилган янгиликлар ҳақида сўз юритган эдик. Бугунги суҳбатимиз Товарларни автомобиль транспортида божхона назорати остида етказиш қоидалари (АВ томонидан 19.01.2000 йилда 875-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда - Қоидалар деб юритилади) ҳақида боради. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон) мувофиқ, Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 25.09.2013 йилда 875-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНА НАЗОРАТИ ОСТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИШ

Божхона расмийлаштируви ва товарларни муайян режимга жойлаштиришдан олдин улар божхона назорати остида етказиб берилади. Божхона кодексининг 60-моддасига биноан ушбу таомилни бажариш вазифаси юк ташувчининг зиммасига юклатилади. Товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни божхона назорати остида етказиб бериш деганда автомобиль транспортида товарлар, транспорт воситалари ва уларга ҳужжатларни юк жўнатувчи божхона органидан юк келиб тушувчи божхона органига божхона назорати остида божхона божи, қўшилган қиймат солиғи, акцизлар, ундирилиши божхона органи зиммасига юклатилган бошқа солиқларни ундирмаган, шунингдек иқтисодий чораларни қўлламаган ҳолда ташиш тушунилади. Бу таомил божхона органи томонидан божхона чегарасини кесиб ўтиш тўғрисида ёки товарларни ташқарига олиб чиқиш нияти тўғрисида хабарнома олингандан кейин бошланади. Юк келиб тушувчи божхона органига товарлар етказиб берилишининг назорати учун махсус ҳужжат – юкларни етказиб беришни назорат қилиш дафтарчаси юритилади. Уни тўлдириш тартиби ва шакли ДБҚ томонидан белгиланади.

Чунончи, Қоидаларнинг 2.1-бандидаги биринчи ва иккинчи хатбошиларга ўзгартиришлар киритилган. Товарларни етказиб бериш жойини белгиловчи меъёр янги таҳрирда баён этилган. Илгаридек, товарнинг олувчиси ёки унинг таркибий тузилмаси жойлашган фаолият минтақасидаги юк келиб тушувчи божхона органи товарларни етказиб бериш жойи бўлиб ҳисобланади. Бироқ энди ташувчи билан келишувга кўра бошқа юк келиб тушувчи божхона органига товарларни етказиб беришга ҳам йўл қўйиляпти. Шунингдек Ўзбекистон божхона ҳудудидаги товарларнинг бориши йўллари бўйича жойлашган сўнгги божхона органи нафақат респуб­ликадан олиб чиқиб кетиладиган, балки унинг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган товарларни етказиб бериш жойи бўлиб ҳисобланиши аниқлаштирилган.

Ҳужжатдан рухсатнома олишга тааллуқли бўлган бир қатор қоидалар чиқариб ташланди. Масалан, Қоидаларнинг 1.6-банди бешинчи хатбошисида оралиқ божхона органи фаолият кўрсатиш ҳудудида етказиб бериладиган товарлар билан бўладиган, юк операциялари амалга ошириладиган божхона органи сифатида белгиланган (“рухсат этилган” сўзлари чиқариб ташланган). Мазкур банднинг олтинчи хатбошисидаги “қўпол товарлар” сўзлари “ўлчами катта товарлар” сўзлари билан алмаштирилди. Шу тариқа, талқин қилиниши ихтилофларни келтириб чиқараётган тушунча аниқ ва бир маънода қўлланиладиган бўлди.

Товарларнинг етказиб берилишига жўнатиш божхона органининг рухсати билан йўл қўйиладиган нормани белгиловчи Қоидаларнинг 3.1-банди ўз кучини йўқотди. Эндиликда Қоидаларнинг 3.2-бандида белгиланган шартларга риоя этишнинг ўзи етарли, ушбу банддаги матнлар таҳрири умуман олганда сақлаб қолинди. Хусусан, олиб кириладиган товарларга нисбатан, агар товарлар бундай назорат қилиниши лозим бўлса, ветеринария ёхуд фитосанитария назоратини амалга ошириш талаби сақлаб қолинди, бироқ  ветеринария ёхуд фитосанитария назорати органларининг тақдим этилган рухсатномасига асосланиб, етказиб бериш жойида бундай назоратнинг ўтказилиши бекор қилинди.

Қоидаларнинг божхона назорати остида товарларни етказиб бериш ва улар транзити қоидаларини аввал бузган ташувчиларга товарларнинг ташилишига оид рухсатнома божхона тўловларининг тўланиши ёки божхона кузатувини таъминлаб бериш шарти билан божхона органи томонидан берилишини белгиловчи 3.4-банди ўз кучини йўқотди.

Қоидаларнинг 11.1-бандига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, етказиб беришни назорат қилишга ваколатли бўлган жўнатиш божхона органининг мансабдор шахси товарларнинг божхона назорати остида етказиб берилиши тўғрисидаги қарорни қабул қилиши керак эмас. Энди товарларнинг божхона назорати остида етказиб берилиши мазкур Қоидаларнинг 3-бўлимида белгиланган шартларга риоя этилган ҳолда, юкларни етказиб беришни назорат қилиш дафтарчаси расмийлаштирилган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилган ҳолларда амалга оширилади.

Қоидалар 11.2-бандининг таҳрир қилинган учинчи ва еттинчи хатбошиларига мувофиқ, жўнатиш божхона органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар мавжудлигини текширади (илгари ушбу ҳужжатлар Қоидаларнинг 4.3-бандида санаб ўтилган эди). Қоидаларнинг 11.2-бандида санаб ўтилган ҳаракатлардан сўнг товарлар мазкур Қоидаларда белгиланган шартларга риоя этилган ҳолда, шу жумладан божхона ташувчиси ёки божхона кузатуви остида ташилиши мумкин (илгари товарларни ташиш мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилинар эди).

Ташувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларнинг янги рўйхатига эътиборни қаратиш лозим бўлади, улар Вазирлар Маҳкамасининг “Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (4.03.2013 йилдаги 63-сон) билан тасдиқланган.

Қоидаларнинг таҳрир қилинган 3.3-бандига биноан ушбу ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки товарларнинг етказиб берилиши чоғида божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлашга йўналтирилган божхона органи талаблари (транспорт воситалари тегишлича жиҳозланиши, божхона кузатуви, товарларнинг божхона ташувчиси томонидан ташилиши ёки божхона тўловлари тўланишининг таъминланиши) бажарилмаган ҳолларда товарлар Ўзбекистонга олиб кирилишига йўл қўйилмайди. Бунда божхона органлари етказиб бериш шартлари бажарилмаган товарларни ташувчилар томонидан республикадан ташқарига қайтариб олиш чиқиб берилишига тўсқинлик қилмайди (илгари товарлар рес­публика божхона ҳудудида товарларнинг олиб ўтилиши йўлидаги биринчи божхона органида эркин муомала учун чиқариш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин эди). Шунингдек, илгари бошқа божхона режимларига мувофиқ олиб кириладиган товарларнинг божхона расмийлаштирувини назарда тутувчи меъёр ҳам бекор қилинди.

Илгари ташувчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати белгилаб қўйилган Қоидаларнинг 4.3-бандида энди етказиб бериладиган товарларга оид ҳужжатлар ҳар доим товарлар билан бирга олиб юрилиши ва юклар келиб тушувчи божхона органига тақдим этилиши кераклиги қайд этилган. Етказиб берилаётган товарларга оид ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар юкларнинг етказиб берилишини назорат қилиш дафтарчасида кўрсатилади.

Транспорт воситаси белгиланган тартибда ташишга қўйилган тақдирдагина уларни етказиб бериш божхона муҳри ва пломбалари остида амалга оширилади.

Қоидаларнинг “МДҲга аъзо давлатларда ишлаб чиқариладиган ва улардан олиб кириладиган товарларни етказиб беришнинг хусусиятлари”деб номланган 9-бўлими ўз кучини йўқотганлигига эътиборни қаратиш керак. Қоидаларнинг ўзгартиришлар киритилган “Товарларнинг хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаларида етказиб берилиши” деб номланган 10-бўлимида, хусусан, товарлар Ўзбекистон Республикасининг автомобилда етказиб бериш борасидаги қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ етказиб берилиши белгиланган. Чет эллик эгалари номига рўйхатга олинган транспорт воситалари товарлар белгиланган божхона органигача етказиб берилганидан сўнг чет элга қайтариб берилиши лозим. Бу каби транспорт воситаларидан товарларнинг ички ташилишида фойдаланишга йўл қўйилмайди. 

Хулосада эътиборни яна бир бор шунга қаратмоқчи эдикки, Қоидаларга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалардан кўзланган мақсад рухсатнома олишнинг баъзи ортиқча ҳисобланган турларини қисқартириш, шунингдек божхона органларининг назорат функцияларини қисқартириш ва мақбуллаштириш орқали ТИФ иштирокчилари учун маъмурий юкни камайтиришдан иборатдир.

Материал

ДБҚнинг Ҳуқуқий бошқармаси кўмагида тайёрланди.

Прочитано: 2329 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика