Васиятнома тузиб бўлинган квартирани совға қилса бўладими?
Дастлаб мен уни қиз неварамга қолдирмоқчи бўлдим. Бироқ энди унинг хулқ-атвори ва менга нисбатан муносабати туфайли квартирани ўғил неварамга совға қилишга қарор қилдим. Мен васиятномани ҳадяга қайта расмийлаштиришим мумкинми? Васиятномани бекор қилиш керакми ёки бошқа йўли борми?
Х.Бобоёров, қария.
– Сиз васиятномани бекор қилмасдан туриб квартирани ўғил неварангизга (ёки бошқа қариндошга ёки бегона шахсга) совға қилишингиз мумкин – зеро унинг квартирага нисбатан ҳақиқийлиги фақат мерос қолдирувчининг вафоти пайтида белгиланади.
Албатта, агар хоҳласангиз, васиятномани исталган вақтда ўзгартиришингиз ёки бекор қилишингиз мумкин. Бироқ васиятнома тузган шахс ушбу васиятнома билан боғланмаганлигини қайд этишни хоҳлардик. Яъни васият қолдирувчининг ҳаётлигида васиятнома ворисларга ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди. Илгари расмийлаштирилган васиятномани бекор қилиш ёки ўзгартириш ёхуд янгисини тузиш учун исталган нотариусга мурожаат қилиш мумкин.
Аслини олганда, васиятномага нисбатан умуман ҳеч қандай ҳаракат содир этмаслик ва квартирани ҳадя этиш шартномасини неварангиз номига дадил расмийлаштириш мумкин, чунки квартирага нисбатан васиятноманинг ҳақиқийлиги фақат мерос қолдирувчининг (васият қилувчининг) вафоти пайтидагина белгиланади. Агар мерос қолдирувчининг вафоти пайтида квартира совға қилинса, васиятномада эса ушбу квартирага нисбатан кўрсатма бўлса, васиятноманинг ушбу қисми ҳақиқий эмас деб топилади, чунки мерос қолдирувчининг мулкида унинг вафот этиш пайтида ушбу квартира бўлмаган.