Тоғам менга квартираларини қолдирмоқчилар, бироқ қайси йўл – васият қилишми ёки ҳадя қилишми – яхшироқ эканлигини билмаяптилар. Марҳамат қилиб айтсангиз, васият билан ҳадя ўртасида қандай фарқ бор ва уларнинг қайси бири маъқулроқ?
Т.Самойлова, талаба.
– Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Мерос қолдирувчи (мол-мулк эгаси) васият қилаётган пайтида ҳар қандай мол-мулк, ҳатто ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли (Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 1120-моддаси). Васиятномани тасдиқлаш чоғида васият қилувчи мол-мулкка бўлган эгалик (мулк) ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиши керак эмас. Яъни назарий жиҳатдан хоҳлаган нарсани: “Осмондаги ой”, қўшнининг квартираси ва ҳоказоларни васият қилиш мумкин. Агар мерос очиш пайтида бундай мол-мулк унга мулк ҳуқуқида тегишли бўлса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.
Ҳадя шартномасига мувофиқ эса бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади (ФКнинг 502-моддаси). Масалан, унинг қарзга олган йирик суммадаги пул ёки ижарага олинган автомобилдан воз кечиш – “совға қилиш” кўринишида. Бунда қонун ҳужжатларида ҳеч қандай шароитда бошқа шахсларга ўтказилмайдиган мажбуриятлар белгиланган.
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Шу сабабли ҳадя шартномаси ва васият турли нарсалар ҳисобланади. Кўчмас мулк (масалан, квартира) ҳадя қилинганда у шартнома давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин мулкка ўтади. Бунда ҳадя қилингандан кейин ҳадя қилувчининг мазкур мол-мулкка нисбатан ҳеч қандай дахли қолмайди. Ва агар квартира ҳадя қилинса, ундан маҳрум бўлиш хавфи мавжуд. Мазкур ҳолда ҳадя олаётган шахснинг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилиш керак, холос.
Васиятнома расмийлаштирилаётганда эса мол-мулк унда кўрсатилган шахс мулкига васият қилувчининг вафоти ва ворислик ҳуқуқлари расмийлаштирилгандан кейингина ўтади.
Бироқ васиятномани исталган пайтда ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкинлигини ёдда тутинг. Васият қилувчи васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун исталган вақтда исталган нотариусга мурожаат қилиши мумкин. Мазкур далил, бир томондан, васият қилувчини мероснинг ноҳалол ишқибозларидан амалда тўлиқ ҳимоя қилади, бироқ бошқа томондан эса, қариндошлар ва бошқа меросхўрларни лақиллатиш имконини беради.
Бундан ташқари, васиятномани тузиш пайтида мажбурий улуш олишга ҳақли меросхўрлар – мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлари, шунингдек унинг меҳнатга лаёқатсиз умр йўлдоши ва ота-онаси, шу жумладан фарзандликка олганлар бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиш керак (васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, уларнинг ҳар бири қонун бўйича меросхўр бўлишда ҳар бирига тегишли бўлган улушнинг камида ярмига (мажбурий улуш) ворис бўладилар).
Агар васият қилувчи васиятномани хоҳласа ҳар куни бекор қилиши ва қайта ёзиши мумкин бўлса, ҳадя шартномасини бекор қилиш анча мушкул. ФКнинг 507-моддасига кўра ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.
Бироқ ҳадя олувчи ҳадядан фақат у ўзига топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли (ФКнинг 503-моддаси).
Шунингдек ФКнинг 113-128-моддаларида битимни ҳақиқий эмас деб топиш мумкин бўлган асослар кўрсатилган, масалан:
руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим;
гарчи муомалага лаёқатли бўлса-да, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим;
жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим ва ҳоказо.
Қайси бири яхши – ҳадями ёки васиятми, деган саволган келсак – буни мол-мулк эгасининг ўзи ҳал қилсин.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.