Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 41 / Кадрлар бўлими

Касаба уюшмасига муқобил кенгаш

Корхонамизнинг меҳнат жамоаси 25 ходимдан иборат. Корхонада касаба уюшмаси ташкилоти йўқ.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, хусусан МКнинг 21-моддасида белгиланишича, корхонадаги касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйиладиган органлари ёки ходимлар сайланадиган бошқа органлар ходимларнинг манфаатларини меҳнат муносабатларида ифодалайдилар ва уларни ҳимоя қиладилар. Сайлаш тартиби, улар ваколатларининг муддатлари ва миқдорий таркиби меҳнат жамоасининг йиғилиши (конференцияси) томонидан белгиланади. Ходимларнинг ўзлари улар манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилишни ишониб топширадиган органни белгилайдилар.

Ходимларимиздан ана шундай органни, яъни ходимларнинг манфаатларини меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ифодалаши ва уларни ҳимоя қилиши мумкин бўлган органни сайлаш тўғрисида таклиф келиб тушди. Шу муносабат билан бизда саволлар туғилади.

Агар вакиллик органи умумий йиғилиш томонидан сайланган ва унинг ваколатлари белгиланган бўлса, у ҳақда низом ишлаб чиқиш мажбурийми ва ушбу орган (ёки у ҳақидаги низом) рўйхатдан ўтказилиши керакми ва у қаерда амалга оширилади?

Меҳнат жамоалари томонидан сайланадиган вакиллик (касаба уюшмаси эмас) органларини барпо этадиган, фаолиятини тартибга соладиган бошқа, МКдан ташқари, меъёрий ҳужжатлар ёки бирор-бир тавсиялар мавжудми?

МКнинг 19-моддасига кўра бевосита меҳнат жамоасининг ўзи – ходимларнинг умумий йиғилиши (бирор-бир вакиллик органларини сайламасдан) ходимларнинг манфаатларини ифодалаши ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинми (корхонамиз жамоаси аъзоларининг камлигини ҳисобга олганда)?

Е.Гулмитдинова.

 

– Амалиётда сизнинг мисолингизда бўлганидек, корхона ходимлари бирор-бир ташкилотга бирлашмаган ҳолатлар мавжуд.          

Бундай ҳолатларда ходимлар орасидан бошқа вакил (вакиллик органи), масалан, Меҳнат жамоаси кенгаши (3 аъзодан иборат таркибда) сайланиши мумкин.

Ушбу Кенгашни сайлаш тартиби, унинг ваколатлари муддати ва миқдор таркибини меҳнат жамоасининг йиғилиши (конференцияси) белгилайди. Ходимлар вакиллик қилишни ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя этишни ишониб топширадиган органни ўзлари белгилайдилар (Меҳнат кодексининг 21-моддаси, бундан кейин – МК). Масалаларни улар ўзларига (меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида тасдиқланган низомга би­ноан) берилган ваколатларга кўра ўтказиладиган мажлисларда ҳал этишлари мумкин.

Мазкур модданинг мазмуни Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг Корхонада меҳнаткашларнинг вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга бериладиган имкониятлар тўғрисидаги 135-сон конвенциясининг (Женева шаҳри, 23.06 1971 йил, Ўзбекистон Республикаси учун 1997 йил 15 декабрдан кучга кирган) энг муҳим қоидаларини акс эттиради.

Унда “меҳнаткашларнинг вакиллари” тушунчаси, улар фаолиятининг мақоми ҳамда меҳнаткашларнинг вакилларини улар фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳар қандай ҳаракатларга қарши ҳимоя қилишга доир самарали чоралар, шу жумладан уларни ноқонуний ишдан бўшатишлардан ҳимоя қилиш очиб берилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг барча турлари ва ташкилий-ҳуқуқий шакллари учун “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун (14.04.1999 йилдаги 763-I-сон, бундан кейин – ННТ тўғрисидаги Қонун) базавий, универсал қонун ҳисобланади. Ушбу Қонун нотижорат ташкилотлари фаолияти, мақсадлари, аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уларни барпо этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди. ННТ тўғрисидаги Қонун томонидан давлат билан нотижорат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар тартибга солинади ҳамда айрим ташкилий-ҳуқуқий шаклларга тааллуқли меъёр ва қоидалар янада батафсил ишлаб чиқилган.

Фуқароларнинг жамоат бирлашмаларини тузишга доир конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлаган яна бир аҳамиятли қонун ҳужжати “Ўзбекистон Рес­публикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун шубҳасиздир (15.02.1991 йилдаги 223-XII-сон).

Кўрсатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бир қаторда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун (3.01.2007 йилдаги ЎРҚ-76-сон) нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, мазкур ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Нотижорат ташкилотларининг таъсис ҳуж­жатлари тўғрисидаги қоидалар юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатлари тўғрисидаги умумий қоидалардан келиб чиқади. ННТнинг таъсис ҳужжатлари бўлиб таъсис шартномаси, устав ёки устав билан биргаликда таъсис шартномаси бўлиши мумкин. Баъзи ННТлар қонунда назарда тутилган ҳолларда шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги умумий низом асосида иш олиб бориши мумкин. Баъзан муайян ташкилотнинг моҳиятига кўра, ўзининг устави бўлган таъсис ҳужжати “Низом” деб номланади (Фуқаролик кодексининг
43-моддаси).

Уставни қабул қилиш ва ННТ раҳбар органларини ташкил этиш тартиби ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддаси билан белгиланади. Ушбу модда қоидаларига кўра нотижорат ташкилотининг ташаббускорлари ёки муассислари таъсис съездини (конференциясини) ёки умумий йиғилишни чақирадилар, унда устав қабул қилинади ҳамда раҳбар органлари тузилади. Ушбу тартибни ННТ икки ёки ундан кўп миқдордаги муассислар томонидан барпо этиладиган барча ҳолларга қўллаш мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти, ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддаси талаб қилганидек, нодавлат нотижорат ташкилоти адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқини олади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтмасликка ҳақли. Ушбу ҳолда улар юридик шахснинг ҳуқуқларига эга бўлмайдилар, бироқ рўйхатдан ўтмаслик ва бунинг оқибатида юридик шахс мақомининг бўлмаслиги уларнинг ходимлар манфаатларини ифодалаш ва ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколатлари доирасини торайтирмайди (Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 50, 53, 54 ва ҳоказо моддалари; Жиноят-процессуал кодексининг 40, 42, 44 ва ҳоказо моддалари).

Ходимлар вакиллик органларининг ҳуқуқлари МКнинг 23-моддаси билан тартибга солинган.

Ваколатларни меҳнат жамоасининг ўзига, яъни ходимларнинг умумий йиғилишига бериш ва ҳар бир масала бўйича бутун меҳнат жамоасини йиғиш нотўғри, чунки ходимларнинг вакиллик органлари ҳуқуқларининг амалга оширилиши корхонада меҳнат самарадорлигини пасайтирмаслиги, ўрнатилган тартиб ва иш режимини бузмаслиги керак (МК 23-моддасининг учинчи қисми).

Прочитано: 2580 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика