Ташкилотимизга товар ҳақини тўлашди. Биз юкни жўнатишга юкхат ва ҳисобварақ-фактура ёзиб бердик. Ана шу даврда харидор қайта ташкил этиш жараёнида эди. Энди харидор ҳужжатларни ташкилотнинг янги номига ўзгартиришни сўраяпти. Бу вазиятда биз илгари ёзилган ҳужжатларни тузатишдан бош тортишга ҳақли бўламизми?
Д.Мансурова, бухгалтер.
– Агар юкхат ва ҳисобварақ-фактура ёзилган санада қайта ташкил этиш ҳали амалга оширилмаган бўлса, сотувчи харидорга расмийлаштирилган ҳужжатларни тузатмасликка ҳақли. Агар юкхат ва ҳисобварақ-фактура ёзилган санада қайта ташкил этиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган бўлса, сиз ёзган ҳужжатларни ўзгартириш лозим, чунки ушбу ҳолда харидор юридик шахс сифатида мавжуд бўлмай қолган эди.
Мазкур хулоса қонун ҳужжатларининг қуйидаги меъёрларига асосланади. Фуқаролик кодекси (ФК) 49-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш ҳолларини истисно қилганда, янгидан вужудга келган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.
Қайта ташкил этилаётган юридик шахс кредиторларни бундан ёзма тарзда хабардор қилиши шарт.
ФК 43-моддасининг олтинчи қисмига кўра таъсис ҳужжатларидаги ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунда белгиланган ҳолларда эса – давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган ана шундай ўзгартишлар ҳақида хабардор қилинган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга эга бўлади.