Бизнинг МЧЖ буюртмачи билан пудрат шартномаси тузишни режалаштиряпти. Биз йирик битим тўғрисида қарор қабул қилишимиз керакми?
В.Аҳмедов.
– Агар пудратчи жамият уставда назарда тутилган одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида пудрат шартномасини тузса, шартнома жамият учун йирик битим ҳисобланмайди ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг (6.12.2011 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 44-моддасида назарда тутилган тартибда қарор қабул қилишни талаб қилмайди.
Агар пудрат шартномасини тузиш жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти учун хос бўлмаса, у йирик битим тузиш масаласини ўзининг хоҳишига кўра ҳал қилади. Агар унга доир ишларга ҳақ тўлаш ҳажми битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан аввалги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосида белгиланган жамият мол-мулки қийматининг 25 фоизи ва ундан кўпни ташкил қилса, пудрат шартномасини йирик битим сифатида маъқуллаш тавсия қилинади.
Умумий қоидага кўра жамиятнинг йирик битим тузиш тўғрисидаги қарорни иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қабул қилиши керак. Бироқ, агар жамиятда кузатув кенгаши ташкил этилган бўлса, қиймати жамият мол-мулки қийматининг 25%идан 50%игача қисмини ташкил этадиган мол-мулкни жамият томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита харид қилиш, бошқа шахсга ўтказиш ёки ўтказиш имконияти билан боғлиқ йирик битимларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилишни устав унинг ваколат доирасига киритиши мумкин (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 44-моддасининг тўртинчи қисми).