Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 34 / Парламент хабарлари

Ўзбекистон республикаси олий мажлиси сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

22-23 август кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси очилди. Унда ялпи мажлисга таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

 

l Сенаторлар ўз ишларини Олий Мажлиснинг юқори палатаси муҳокамасига мамлакат Экологик ҳаракати ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этилган материаллар асосида «Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида»ги масалани муҳокама қилишдан бошладилар.

Муҳокамалар давомида қайд этилганидек, Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрида 1975 йилда қурилган, ишлаб чиқариш технологияси эскириб кетган, тозалаш тизими самарасиз бўлган алюминий корхонаси ҳар йили атмосферага 22-23 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддаларни, шу жумладан, 200 тоннадан ортиқ ғоят хавфли ҳамда одамлар соғлиғи ва атроф– муҳит учун зарарли бўлган фторли водородни чиқариб ташламоқда. Ушбу зарарли моддаларнинг талай қисмини ҳаво оқими «Талко» ДУКнинг атрофидаги Тожикистон ҳудудига ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудига, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё, Узун ва бошқа туманларига олиб ўтмоқда. Ҳозирги вақтда «Талко» ДУК фаолияти натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари ҳудудида атмосфера ҳавосидаги фторли водороднинг миқдори йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан ўрта ҳисобда 1,8-2 баравар, ёз ойларида эса 3,4 баравар ошиб кетмоқда.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Талко» ДУК чиқиндиларининг одамлар соғлиғига ва табиий муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича шошилинч чораларни кўриш, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий нормалар ва ресурсларни сафарбар қилишни, ушбу муаммони ҳал қилишга манфаатдор экологик ташкилотлар, БМТнинг тегишли тузилмалари, мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматлари имкониятларини жалб этишни назарда тутадиган қарори қабул қилинди. Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, трансчегаравий ифлослантириш муаммолари халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларини, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, БМТ тегишли қарорларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши керак.

Сенаторлар ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистондаги юз минглаб аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, ушбу минтақада яшайдиган ва меҳнат қиладиган келгуси авлодларнинг тақдири мазкур масалаларни тезроқ ҳал қилишга боғлиқ, деб қатъий ишонч билдирдилар.

l Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг иқтисодиётни эркинлаштириш ва демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ тайёрланган «Гаров реестри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишга киришдилар.

Ушбу Қонун кредитларни расмийлаштириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, гаров муомаласига кўчар мол-мулкни киритиш ҳамда тижорат банкларининг мол-мулкни гаровга олиб кредитлаб бериш вақтидаги таваккалчилигини камайтириш ҳисобига кичик бизнеснинг кредит воситасида молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу эса ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

 l Сенаторлар «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг асосий мақсади одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликнинг тарқалишига қарши курашишни, зарур профилактикани ҳамда аҳолини ОИВ инфекциясидан ишончли тарзда ҳимоя қилишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришдан иборат.

l Шундан сўнг сенаторлар маҳсулотни (ишларни, хизматларни) сертификатлаштириш ва стандартлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, маҳсулотнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашга, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга қаратилган «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Бу соҳадаги муносабатлар бугунги кунда турли соҳавий қонунлар: «Техник тартибга солиш тўғрисида»ги, «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Метрология тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, идоравий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Ушбу соҳада ягона базавий қонуннинг қабул қилиниши мувофиқликни баҳолашнинг бутун тизимини, шу жумладан, миллий аккредитацияни ҳам ташкил этишнинг умумий принциплари, қоидалари тартибга солинишини таъминлайди.

l Сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011-2012 йилларда қабул қилинган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги; «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги; «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ва давлат раҳбарининг бошқа фармонлари асосида тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Қонун билан Солиқ, Божхона, Хўжалик-процессуал, Меҳнат, Жиноят кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга ва бошқа қатор қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

l Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида сенаторлар ўзларининг конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Қайд этиб ўтилганидек, Марказий банкнинг 2012 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган вазифаларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги қарорига, шунингдек, Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурига мувофиқ амалга оширилди.

Чунончи, ҳисобот йилида банк тизими капиталининг етарлилик даражаси умумий қабул қилинган халқаро стандартлардан 3 баравар юқори бўлди. Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси талаб қилинадиган энг кам даражадан 2 баравар юқори бўлди.

Самарали банк назоратининг амалга оширилиши, активлар ликвидлиги ва сифати халқаро стандартларга мувофиқ доимий мониторинг қилиниши Ўзбекистоннинг тижорат банкларига дунёнинг етакчи рейтинг агентликларидан ижобий баҳолар олиш имконини берди. Чунончи, мамлакатнинг 28 та тижорат банки «Стандарт энд Пурс», «Мудис» ва «Фитч Рейтингс» рейтинг агентликлари томонидан берилган «барқарор» даражасидаги ижобий рейтинг баҳоларига эга.

2012 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми олдинги йилдагига қараганда 30,5 фоизга ошди. Шу билан бирга инвестиция мақсадларига берилган кредитлар улуши 1,3 баравар кўпайди. Ички манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфели умумий ҳажмининг 85,8 фоизини ташкил этди, муддати уч йилдан ортиқ бўлган узоқ муддатли қўйилмалар эса 30,9 фоизга ўсиб, умумий кредит портфелининг 76,8 фоизини ташкил қилди.

Муҳокама жараёнида тижорат банклари балансига ўтказилган 120 та иқтисодий ночор корхонани соғломлаштириш бўйича амалга оширилган самарали иш ишлаб чиқаришни қайта тиклашга ва бу корхоналарни стратегик инвесторларга реализация қилишга имкон берганлиги кўрсатиб ўтилди. Бу 25 мингдан ортиқ иш ўрнини яратиш имконини берди. Мазкур корхоналар томонидан жами 494,4 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти янада ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баравар кўп кредитлар ажратилди, шу жумладан ажратилган микрокредитлар ҳажми 1,5 баравар кўпайди.

Миллий иқтисодиётга чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб этиш мақсадида 2012 йилда банклар томонидан халқаро молия институтларининг 181,7 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилган бўлиб, бу 2011 йилдагига қараганда 1,3 баравар кўпдир.

Шу билан бирга, сенаторлар ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мамлакат банк-молия тизими барқарорлигини ва самарадорлигини таъминлашдаги, шунингдек, «Обод турмуш йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни рўёбга чиқаришдаги роли ва аҳамиятининг муҳимлигига эътиборни қаратдилар ҳамда унинг фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш бўйича айрим таклифларни баён қилдилар.

Сенаторлар мамлакат минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал қилишда банк-молия тизими субъектларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан янада яқиндан ҳамкорлик қилиши, банк назорати тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил рўёбга чиқаришни давом эттириш, банкларнинг ресурс базасини ошириш, юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришларни, корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш лойиҳаларини кредитлаш, банк хизматларини диверсификациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

l Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқдилар. Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

 

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 9 та масала, шу жумладан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоидаларини изчил рўёбга чиқаришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун мумкин қадар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга, ижтимоий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган 4 та қонун кўриб чиқилди.

Сенат томонидан Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисидаги масаланинг кўриб чиқилганлиги экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, инсоннинг соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2357 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика