Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 32 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

СУДЬЯЛАРНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ЧОРАЛАРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 2 августдаги 216-сон қарори билан судьяларни ижтимоий муҳофаза қилишни ва ушбу лавозимга номзодларни ўқитишнинг ташкилий асосларини яхшилаш чора-тадбирлари тасдиқланди. 
Ҳужжат билан белгиланишича ваколатлари муддати тамом бўлган судьялар учун ваколатларнинг янги муддатига қайта та­йинлаш (қайта сайлаш) учун уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш даврида ёхуд янги иш жойида ишга жойлашгунигача ўртача ойлик иш ҳақи уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга сақлаб қолинади.
Олий суд, Олий хўжалик суди судьяларига ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббиёт-санитария бирлашмаси муассасаларида таъминланади.
Судьялар лавозимида захирада турган ҳамда махсус курсларда ўқиш ва тегишли судларда стажировкадан ўтиш учун юборилган бошқа шаҳарлик шахсларга ўқиш ва стажировка даврида қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси доирасида хизмат сафарларида белгиланган тартибда ва миқдорларда суткалик пул тўланади, уй-жой ижараси ҳамда ўқиш (стажировка) жойигача бир марталик келиш ва асосий иш жойига қайтиб бориш харажатлари қопланади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳар йили, 1 июлгача Молия вазирлигига махсус курсларда мажбурий ўқишларга, шунингдек тегишли судларда стажировкага юборилган шахслар сони тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

ЯПОНИЯДА ЎҚИШ УЧУН

Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.2013 йилдаги 210-сон қарори билан мамлакатимиз вакилларининг Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида ўқишини ташкил этиш учун берилаётган Япония ҳукуматининг 204 млн Япония иенаси миқдоридаги грантларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари белгиланди. 
Ўқиш учун номзодларни танлаб олиш Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Япония Халқаро ҳамкорлик маркази, ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвес­тициялар ва савдо вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан республикамиздаги турли идораларнинг лойиҳани амалга ошириш доирасидаги ваколатлари белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш доирасида Японияда ўқиган Ўзбекистон мутахассисларининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нострификация қилинишига ва улар ишга жойлаштирилишига кўмаклашиш ҳамда улар меҳнат фаолиятининг доимий мониторингини олиб бориш вазифаси юкланди.

ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ УЧУН ИЈТИДОРЛИ ЁШЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.08.2013 йилдаги 215-сон қарори билан пойтахтдаги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Республика олимпия захиралари коллежидаги ўқув ўринлари 600 нафардан 660 нафарга оширилди.
Шуни эслатиб ўтамизки, Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2010 йилдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Олимпия захиралари коллежлари тўғрисидаги низомга мувофиқ Республика олимпия захиралари коллежи коллежлар учун ностандарт бўлган тузилмага эга. Бу ердаги ўқувчилар умумтаълим (7-синфдан 9-синфгача), шу жумладан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўйича таҳсил оладилар.
Энди мазкур иккита таълим бўғинларининг ҳар бирида 330 нафардан ёш спортчи таълим оладиган бўлди.
Ҳукумат қарори спортнинг олимпия турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш, шунингдек Респуб­лика олимпия захиралари коллежининг мавжуд моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш мақсадида Президентнинг «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарорини бажариш юзасидан қабул қилинди.

ПЕНСИЯЛАРНИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ ТАСДИҚЛАНДИ
Молия вазирининг буйруғи (АВ рўйхат рақами 07.08.2013 йил, 2497-сон) билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 11 июлдаги ПФ–4547-сон Фармони бўйича пенсияларни қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Маълумки, 2013 йил 15 августдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи — ойига 91 530 сўм;
ёшга доир пенсиялар — ойига
179 020 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 179 020 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 109 850 сўм миқдорида белгиланди.
Молия вазирининг буйруғи билан якка тартибдаги коэффициентларни (2011 йил 1 октябрдан амалга киритилган) қўллаган ҳолда янги тайинланадиган пенсиялар ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақини тенглаштириш учун ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари қўлланилади.
2013 йилнинг август ойи учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан пенсиялар ва нафақаларни тўлаш қайдномалари ҳамда почта пул ўтказмалари, пенсиялар ва нафақалар миқдорлари 1,075 бараварга ошганлигини инобатга олган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тузилади.
Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан (91 530 сўм х 8 = 732 240 сўм) ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи инобатга олинади.
Якка тартибдаги коэффициентлар қўлланилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг саккиз баравари ва ундан юқори миқдорида бўлган ҳолларда, пенсияларни қайта ҳисоблашни амалга оширишда иш ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг саккиз баравари 732 240 сўм (91 530 сўм х 8) билан чегараланиб, иш стажининг давомийлигига боғлиқ равишда пенсияларни ҳисоблаш учун қабул қилинган фоизларга кўпайтирилади.
Ёшга доир ёки I ва II гуруҳ ногиронлик бўйича пенсионерлар пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган тақдирда, қайта ҳисоблашдаги пенсия миқдори мавжуд стажга мутаносиб равишда белгиланади.
Барча ҳолларда пенсияларга устама 2013 йил 15 августдан Президентнинг 2013 йил 11 июлдаги пф–4547-сон Фармони билан белгиланган энг кам иш ҳақидан
(91 530 сўм) келиб чиқиб аниқланади.

ДОРИЛАРНИ РЕЦЕПТСИЗ СОТИШ


Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи (АВ  томонидан 29.07.2013 йилда 2494-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхати тасдиқланди. АВ томонидан 18.04.2012 йилда 2353-сон билан рўйхатдан ўтказилган аввалги Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхати ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди.
Янги Рўйхатга 1 378 номдаги (илгари 1 344 та эди) дори воситалари киритилган.
Ўзбекистон Республикасида  рўйхатдан ўтган ва дорихоналардан шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларига ушбу рўйхатга киритилган дори воситаларнинг худди шу таркибдаги таъсир қилувчи моддалари ва дори шаклига, дозасига эга бўлган дори воситалари ҳам киради. Дори воситаларининг ўрамлари, қўллаш бўйича йўриқномалари, илова-варақаларида кўрсатилган бериш тартибидан қатъи назар, дори воситаларини беришда ушбу рўйхатга амал қилиниши керак.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни таҳририят
экспертлари тайёрладилар.

Прочитано: 3982 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика