Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 31 / Оила муносабатлари

Гўдакнинг отаси ким?

Эрим болани ўзиники деб тан олмаяпти. Оталикни қандай қилиб белгилатишим мумкин?

 

– Ушбу ҳолда оталикни белгилашда фақат суд ёрдам беради. Сиз фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз керак.

Умумий қоидага кўра даъво аризалари жавобгар доимий яшайдиган ёки доимо банд бўладиган жойдаги судга тақдим этилади. Бироқ оталикни белгилаш тўғрисидаги даъволар даъвогар яшайдиган жойдаги судга ҳам берилиши мумкин.

Тўлиқ ойдинлик киритиш учун амалиётимдан ўхшаш вазиятни мисол сифатида келтираман.

Даъвогар аёл Н. фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга оталикни белгилаш тўғрисида жавобгар А.га нисбатан даъво билан мурожаат қилди. Аризада у А. унинг вояга етмаган қизининг отаси эканлигини кўрсатди. У билан Н. бир ярим йил аввал танишган ва шу давр ичида улар бирга яшашган. Бироқ А. унинг фарзанд кутаётганлигини билгач, уларнинг муносабатлари ёмонлашган. Кейин эса А. ундан ўзини бутунлай олиб қоча бошлаган.

Жавобгар даъвни тан олмади, судга ўзининг ота бўлган-лигидан шубҳаланаётганлигини тушунтириб, суддан ДНК экспертизасини тайинлашни илтимос қилди. Суд даъвогар аёл билан жавобгар амалда никоҳ муносабатларида бўлишганлигини, натижада уларнинг қизи туғил-ганлигини аниқлади.

Оила кодексининг (ОК) 62-моддасига мувофиқ ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ОКнинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Судга ариза билан ота-онадан бири ёки боланинг васийси (ҳомийси) ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахс, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи судга мурожаат қилиши мумкин.

Оталикни белгилаётганда суд қуйидаги шартларни эътиборга олади:

l боланинг онаси бола туғи-лишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги;

l улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини;

l жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа шартлар.

Даъвони ижобий ҳал этиш учун иш бўйича ана шу шартлардан бирини белгилаш кифоя қилади.

Жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳоказолар) мавжудлиги билан тасдиқланади. Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, ўз-ўзидан, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди, улар ҳомиладорлик бошлангунга қадар тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида» қарори (25.11.2011 йилдаги 8-сон) 14-бандига кўра зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳоказо) аниқлаш мақсадида суд, юқорида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизасини тайинлаши мумкин. Экспертиза хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳо-ланиши лозим.

Ушбу иш бўйича ўтказилган жавобгар ДНКсининг судбио-логик экспертизаси хулосасига кўра жавобгар А. туғилган боланинг биологик отаси бўлиб чиқди. Экспертиза натижалари олинганидан кейин жавобгар даъвони тан олди.

Юқорида баён этилганлар асосида суд даъвогарнинг жавобгарга нисбатан оталикни белгилаш тўғрисидаги даъво аризасини қондириш ва даъвогарнинг вояга етмаган қизига нисбатан А.нинг оталигини белгилаш тўғрисида қарор қилди.

Туман ФҲДЁ бўлимига боланинг туғилиши тўғрисидаги далолатнома ёзувига зарур ўзгартиришлар киритиб, туғилиш тўғрисида тегишли гувоҳнома беришни топширди.

Шунингдек жавобгардан даъвогар фойдасига у тўлаган ДНК экспертизаси қийматини ҳамда судга даъво аризаси топшириш чоғидаги давлат божини ундиришга қарор қилинди.

Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат.

Прочитано: 3729 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика