Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 29 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

ЮРИСТЛАРНИ УНИВЕРСИТЕТ ТАЙЁРЛАЙДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.06.2013 йилдаги ПҚ-1990-сон қарори билан Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) этиб қайта ташкил этилди.
ТДЮУ 5 та мутахассислик – давлат-ҳуқуқий фаолият; фуқаролик-ҳуқуқий фаолият; жиноий-ҳуқуқий фаолият; халқаро-ҳуқуқий фаолият; тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият (бизнес ҳуқуқи) бўйича юристларни тайёрлайди.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон миллий университети, шунингдек Самарқанд давлат университетининг «юриспруденция» ихтисослиги ва йўналишлари бўйича магистр ва бакалаврлар тайёрлаш тўхтатилади. Бунда ушбу олий ўқув юртлари талабаларига мазкур олий таълим муассасаларида ўқишни якунлаш ва диплом олиш имкони берилади.
ТДЮУ «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадр­ларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий давлат олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди. Унинг ТДЮУ тизимида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилган Фалсафа ва ҳуқуқ институти базасида Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилади.



МАҲАЛЛАЛАР ҲИСОБГА ОЛИНАДИ


Жорий йил апрелда янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ЎРҚ-350-сон Қонунга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлади ва белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олинади. Қонуннинг ушбу нормасини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2013 йилдаги 196-сон қарори билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисида низом тасдиқланди.
Фуқаролар йиғини ташкил этилаётганда унинг раиси (оқсоқоли) сайланган кундан бошлаб 2 ҳафта муддатда фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш учун туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
маҳаллани ташкил этиш тўғрисидаги тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори;
фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши)нинг баёни;
фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) йиғин раисини (оқсоқолини) сайлаш тўғрисидаги қарори;
фуқаролар йиғини тўғрисидаги ни-
зом – 2 нусхада;
муҳр ва штамп намуналари эскизи –
2 нусхада.
Инспекция фуқаролар йиғинини уни статистика ва солиқ органларида ҳисобга қўйиш билан бирга ариза тақдим этилган кундан бошлаб 5 кун ичида ҳисобга олади. Инспекция фуқаролар йиғинига КТУТ коди, СТИРни беради, унинг муҳр ва штампи эскизларини тасдиқлайди.

ИНВЕСТОРЛАР УЧУН БИЗНЕСНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИНФРАТУЗИЛМАСИ

 Вазирлар Маҳкамасининг 1.06.2013 йилдаги 190-сон қарори билан 2013—2015 йилларда «Жиззах» махсус индустриал зонасининг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дас­тури маъқулланди. 
Дастурга автомобиль йўллари ва темир йўл инфратузилмаси участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари, сув таъминоти, ирригация ва канализация тизимини ривожлантириш тадбирлари, электр таъминоти ва газ таъминоти тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари – жами 17 лойиҳа киритилди. Уни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 21 млн дан кўпроқ АҚШ доллари сўм эквивалентида ажратилди.
Қарорга мувофиқ «Жиззах» МИЗнинг маъмурий кенгашига унинг ҳудудида янгидан ташкил этилаётган қувватларни транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш устуворликларидан келиб чиқиб, тасдиқланган Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, Дастурга киритилган «Жиззах» МИЗнинг инфратузилма объектларини, шунингдек «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳамда «Ангрен» МИЗ маъмурий биноларини, лойиҳа-смета ҳужжатларини айни бир вақтда ишлаб чиққан ҳолда, молиялаштириш, қуриш ва реконструкция қилишни 2014 йил 1 январгача амалга оширишга истисно тариқасида рухсат этилди.
«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК «Жиззах» МИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан унинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланди.
Дастурга киритилган чора-тадбирлар рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ва юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашадиган ва шу асосда янги иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган.

«ҲАВО ЙЎЛЛАРИ» УЧУН ЯНА ИККИТА БОИНГ-767


Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.2013 йилдаги 186-сон қарори билан учинчи ва тўртинчи «Боинг-767-300ER» самолётларини сотиб олишни молиялаш тартиби тасдиқланди. Шуни эслатиб ўтамизки, 2009 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 198-сон қарори билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилаш ва унификациялаш мақсадида «Боинг» компаниясидан (АҚШ) тўртта «Боинг-767-300ER» самолётининг сотиб олиниши маъқулланди.
2012 йилда дастлабки иккита самолёт келтирилди. «Боинг» компанияси лойиҳа доирасида Миллий авиакомпанияга 2013 йилнинг май ойида учинчи самолётни етказиб берди ҳамда қуриб битказилган ва фойдаланишга тайёр ҳолда турган тўртинчи «Боинг-767-300ER» самолётини унинг қиймати бўйича ҳақ тўланганидан кейин 2013 йилнинг июнь ойида етказиб беришини маълум қилди.
Қабул қилинган қарорда харид қилинаётган самолётларнинг нархи Ислом тараққиёт банки (ИТБ) молиявий маблағлари ҳисобига қопланиши белгиланган. ИТБ томонидан самолётлар учун ҳақ тўланганидан кейин улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига лизинг шартномасига кўра 12 йил муддатга лизингга, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга эса – сублизингга берилади.
Қабул қилинган қарорда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини шакллантириш бўйича молиявий операцияларнинг иштирокчилари учун бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари назарда тутилган.

ЭЛЕКТРОН СТАТИСТИКА ҲИСОБОТИ ҚОИДАЛАРИ

Давлат статистика қўмитасининг қарори билан (АВ томонидан 17.07.2013 йилда 2479-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом («СБХ»нинг навбатдаги сонида чоп этилади) тасдиқланди.
Низом статистика ҳисоботи, респондент (статистика ҳисоботини тақдим этувчи юридик шахс (зарур ҳолларда унинг ваколатхонаси ёки филиали), электрон намуна, статистика органининг электрон рақамли имзоси каби асосий тушунчаларни таърифлаб, статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш респондентнинг ўз хоҳишига кўра ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкинлигини, респондентлар статистика ҳисоботларининг қоғоз шаклидаги нусхасини тақдим этишга мажбур эмасликларини, уларни электрон шаклда тақдим этмайдиган респондентлар учун эса ушбу ҳисоботларни қоғоз шаклида, тегишли статистика органига тақдим этишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолишини белгилайди.
Статистика ҳисоботини киритиш, қайта ишлаш, текшириш, жўнатиш ва сақлаш бўйича махсус дастурий таъминот ва электрон намуна Давлат статистика қўмитасининг расмий сайти (www.stat.uz) орқали бепул тақдим этилади.
Статистика ҳисоботи шаклига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган тақдирда, Давлат статистика қўмитаси тегишли электрон намунага зарур ўзгартиришларни киритиб, расмий сайт орқали респондентни ўзгартиришлар тўғрисида хабардор қилади.
Низомда статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тартиби, уларни тақдим этишда электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлиги қоидалари белгиланган.

ДБД БЕКОР ҚИЛИНАДИГАН ҲОЛАТЛАР АНИҚЛАШТИРИЛДИ

 
Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 27.06.2013 йилда 2418-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди.
Дастлабки божхона декларацияси (ДБД) декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин. Агарда ДБДда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона постига декларация қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь куни ичида тақдим этилмаса, у топширилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолларда ДБД бекор қилинади (илгари декларацияланаётган товарларга нисбатан тақиқ ва чекловлар киритилган ҳолларда ҳам ДБД бекор қилинар эди).

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ
тайёрладилар.

Прочитано: 2663 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2013-07-26 20:55:32, Гость_:
Иш ҳақи, пенция ва ижтимоий нафақаларни ошириш ҳақидаги  июль 2013 йил кунги Президент Фармонини эълон қилинглар

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика