Корхонамизда айрим ходимлар 0,5 ёки 0,25 ставка бўйича ишга қабул қилинган. Ушбу ишловчилар ишга кун оралаб чиқишади. Агар корхонамизда бир ойдаги иш кунлари сони 21 ни ташкил этса, ЯИТнинг ҳисоб-китобида бу ходимлар томонидан амалда ишланган деб қанча кунни ҳисоблаш керак?
Аваз Бекжонов, бухгалтер.
– Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилиш учун бир ойда барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари (бир кунда ишлаган соатларидан қатъи назар) сони, бироқ корхонада ўрнатилган бир ойдаги иш кунлари сонидан ортмаган ҳолда олинади.
Ходимлар томонидан амалда ишланган кунлар сонини аниқлаш учун бирламчи ҳужжат бўлиб иш вақтидан фойдаланишни ҳисобга олиш табели ҳисобланади.
Шу тариқа, сизнинг ҳолатингизда агар меҳнат шартномалари шартлари бўйича ходимлар учун тўлиқсиз иш куни белгиланган бўлса, айрим ходимлар иш кунининг давомийлигидан қатъи назар, корхона бўйича иш кунлари ҳисобланган 21 куннинг ҳаммаси амалда ишланган кунлар деб қабул қилиниши лозим.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.