Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 25 / Мутахассис шарҳи

Молиявий хизматлар доим ҚҚСсиз кўрсатилган

2008 йил 1 январдан Солиқ кодекси амалга киритилиши билан илгари амал қилган, солиқ солишни тартибга соладиган барча меъёр ва қоидалар тизимлаштирилди ва солиқ қонунчилигининг ягона базаси яратилди.
Солиқ кодексининг (СК) 209-моддаси билан мустаҳкамланган қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган молиявий хизматлар рўйхати ҳам ана шундай меъёрлар жумласига киради. СК 209-моддасини ҳуқуқий қўллашнинг беш йиллик амалиёти ҚҚСдан озод этиладиган молиявий хизматлар жумласига кирувчи ҳар бир операцияни бандма-банд очиб бериш заруратини юзага келтирди.

Шу муносабат билан Молия вазирлиги, Марказий банк бошқаруви, Давлат солиқ қўмитасининг Адлия вазирлиги томонидан 29.05.2013 йилда 2460-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан Қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган молиявий хизматларга тааллуқли операциялар рўйхати* тасдиқланган. У СК 209-моддаси бандларининг расмий матни ва Ўзбекистон Республикасининг молия бозорида кўрсатиладиган хизматлар турларига тааллуқли бўлган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий, шу жумладан идоравий ҳужжатларнинг меъёрларидан фойдаланган ҳолда уларнинг батафсил шарҳини ўз ичига олади.
Шу тариқа, ушбу Рўйхат ҚҚС солинмайдиган молиявий хизматларга тааллуқли операцияларнинг мазмунини очиб беради. Уларнинг баъзиларини кўриб чиқамиз.

КРЕДИТЛАР, заёмлар бўйича фоизларни ҳисоблаб чиқариш ва ундириш, кредитлар, заёмлар бериш, кафилликлар (кафолатлар), шу жумладан банк кафолатлари бериш бўйича операцияларга СК 209-моддасининг 1-бандига мувофиқ ҚҚС солинмайди. Бундайлар жумласига қарз мажбуриятлари бўйича фоизлар ҳисоблаш ва ундириш, шунингдек ҳар қандай заёмлар, кредитлар тақдим этиш, шу жумладан лизинг шартномаси бўйича кредитлаш билан боғлиқ пулли хизматлар кўрсатиш, икки ёки ундан ортиқ банклар ўртасидаги биргаликдаги битим асосида банк синдикатига кирувчи банклар томонидан синдикатлаштирилган кредитлар бериш билан боғлиқ молиявий хизматлар киради. Синдикатлаштирилган кредит деганда бу ерда бир неча банклар томонидан йирик инвестицион лойиҳаларни биргаликда кредитлаш тушунилади.
Ушбу хизматлар шартномани расмийлаштириш учун ҳужжатларни тайёрлаш ва кўриб чиқишни (аризани кўриб чиқиш, кредитга қобилиятлиликни баҳолаш, операция баҳосини ёки фоизини аниқлаш, шартномани тайёрлаш ва уни тузиш), ҳисобварақ ва кредит линиясини очиш, қарзни бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш, заёмлар ва кредитлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш, пост-молиялаштириш ва кредитлар, кафиллик бериш, банк кафолати ва лизингга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа шунга ўхшаш операцияларни ўз ичига олади.
Шунингдек ҚҚС солинмайдиган операцияларнинг ушбу гуруҳига кафолат (кафиллик) бериш бўйича хизматлар учун ҳақ, жумладан банк кафолатини (кафиллигини) берганлик учун ҳақ киради. Булар операцияларнинг қуйидаги турларидир: мажбуриятларни пул шаклида бажаришни назарда тутиб, ўз мижозлари ва учинчи шахслар фойдасига берилган банк кафолатлари (кафиллиги), аваллар ва кафиллик бериш ҳамда бекор қилиш; кўрсатиб ўтилган кафолат (кафиллик) шартларини тасдиқлаш ва ўзгартириш; ушбу кафолат (кафиллик) бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва текшириш, шунингдек ушбу операциялар бўйича пост-молиялаштириш ва менежмент.
Бунда ушбу хизматларни кўрсатишдан олинадиган даромадларга ҚҚС солинмайди. Яъни: шартномаларда белгиланган ставкалар бўйича кредитор томонидан олинадиган ва (ёки) пост-молиялаштириш билан боғлиқ бевосита фоизли даромаднинг ўзи; воситачилик ҳақи; қарздор томонидан шартномада келишилган суғурта ва бошқа қўшимча тўловларни қоплаш; мазкур хизматларни кўрсатиш муносабати билан олинган бошқа турдаги даромадлар (шу жумладан, халқаро молия институтлари ва чет эл банклари томонидан ажратилган кредит линияларидан фойдаланиш ҳисобига) озод этилади.

ДЕПОЗИТЛАР қабул қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан вакил банкларда ҳисобварақларини очиш ва юритиш бўйича операцияларга СК 209-моддасининг 2-бандига кўра солиқ солинмайди. Уларга қуйидагилар киради:
жисмоний ва юридик шахслар ҳисобварақларига омонатлар қабул қилиш, омонатдан омонатга суммалар ўтказиш ва уларни расмийлаштириш, омонатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига ўтказиш;
жисмоний ва юридик шахсларга, тижорат банкларига банк ҳисобварақларини очиш ва хизмат кўрсатиб бориш, шу жумладан банк мижозларига хос рақамни рўйхатдан ўтказиш ва тақдим этиш, шунингдек мижознинг аризасига кўра ҳисобварақларнинг режимини ўзгартириш ва (ёки) қайта расмийлаштириш, маблағларни сақлаш, ҳисобварақларни ёпиш, жорий ҳисобварақлар бўйича амалга оширилган операциялар ва ҳисобварақнинг ҳолати тўғрисида ҳамда мижозлар ҳисобварағини юритиш билан боғлиқ бошқа операциялар тўғрисида кўчирмалар, маълумотномалар тақдим этиш;
банк карточкалари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг банк карточкаларига, халқаро валюта банк карточкаларига (VISA, MASTER CARD, PRIORITY PASS, American Express ва бошқалар) хизмат кўрсатиш, шу жумладан ҳисобварақни очиш ва хизмат кўрсатиш, улардан фойдаланган ҳолда барча турдаги операцияларни амалга ошириш (пул маблағларини ҳисобга ўтказиш, кўчириш ва ҳисобдан ечиш), чиқариш, қайта чиқариш, алмаштириш, ҳисобварақ ва операциялар бўйича текшириш ўтказиш, PIN-кодни алмаштириш, блокировка қилиш, блокировкадан чиқариш, авторизация, транзакцияларни қайта ишлаш, бошқа ташкилотларда ўрнатилган банк карточкалари бўйича тўловларни қабул қилиш бўйича терминалларга хизмат кўрсатиш ҳамда банк карточкаларига хизмат кўрсатиш ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ бошқа операциялар;
банклараро депозитларни тақдим этиш, банкка ва унинг филиалларига (филиаллар ва бошқарув банки ўртасида) ресурслар тақдим этиш (ажратиш) бўйича вакил банк­лар депозит омонатлари ва филиаллараро депозитлар бўйича операциялар;
менежмент (битимларни бошқариш ва кузатиш), консалтинг ва ахборот операциялари (мижоз топшириғига кўра суммаларни қидириш, мижознинг бошқа банк операциялари ва ҳисобварақлар бўйича бошқа сўровларига асосан ҳисобварақлар бўйича амалга оширилган операциялар, ҳисобварақнинг ҳолати, чет эл валютаси билан операциялар бўйича ҳисобварақдан кўчирмалар ва уларнинг дубликатларини, маълумотлар, тасдиқномалар тақдим этиш).
Мазкур хизматларни кўрсатиш муносабати билан олинадиган фоизлар, шунингдек воситачилик ҳақи, абонент тўлови ва бошқа шу каби даромадлар озод этилади.

ТЎЛОВЛАР, ўтказмалар, қарз мажбуриятлари, чеклар ва тўлов воситалари билан боғлиқ операциялар, инкассо бўйича операциялар СК 209-моддасининг 3-бандига мувофиқ ҚҚС солишдан озод қилинган. Уларга қуйидагилар киради:
амалда бўлган барча турдаги ҳисоб-китоблар (жумладан чет эл валютасида ҳисоб-китоблар) бўйича пул маблағларини (шу жумладан банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда) ўтказиш (ҳисобварақдан-ҳисобвараққа пул ўтказиш), шу жумладан заём ва кредитларни беришда ва қайтаришда, пул маблағларини беғараз ўтказишда амалга ошириладиган тўловлар, шунингдек исталган бошқа ҳар қандай маҳаллий ва чет эл тўловларини, шу жумладан ихтисослаштирилган тўлов тизимлари (масалан, «Рaynet», «SMS-to`lov» ва бошқалар) орқали амалга ошириш, шунингдек тўловларни қабул қилишни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар (коммунал хизмати, процессинг марказлари ва бошқалар) орқали амалга ошириш;
банклараро пул ўтказмаларининг махсус халқаро тизимлари (масалан, Western Union, Contact, Money Gram ва бошқалар) бўйича ўтказмалар, тўловлар;
махсус телекоммуникацион банк тизимлари: SWIFT, TELEX, REUTERS, VISA, MASTER CARD ва бошқа шу кабилар орқали ҳисоб-китобларни (тўловларни) ўтказиш;
инкассога топширилган ҳужжатларни вакил банкка жўнатиш ёки қайтариш;
инкассони ижро этиш, экспорт қилинадиган ҳужжатлаштирилган инкассо бўйича ҳужжатларни қабул қилиш, текшириш ва жўнатиш, инкассо топшириғи шартларини ўзгартириш ёки уни бекор қилиш, ҳужжатлаштирилган ва бошқа аккредитивлар бўйича барча операциялар;
акцептли ва кафолатли-акцептли операциялар;
чеклар билан операциялар (сотиб олиш, сотиш), шу жумладан йўл чеклари, нақд ва нақдсиз пул маблағларига, эгасининг номи ёзилган ва бошқа чекларни инкассога қабул қилиш, авизолаш, чекларни экспертиза қилиш;
сўмли чек дафтарчаларига хизмат кўрсатиш (берилган чек дафтарчасини ҳисобга қўйиш реализация ҳисобланмайди);
банклараро тўловларни ўтказиш бўйича хизматлар;
тўловлар, ўтказмалар, чеклар ва бошқа тўлов воситалари ҳамда қарз мажбуриятлари билан бошқа операциялар.
Қуйидагилар ҚҚС тўлашдан озод этилади: мазкур хизматларни кўрсатиш муносабати билан олинадиган воситачилик ҳақи, абонент тўлови ва бошқа турдаги даромадлар, шунингдек халқаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда мижозларнинг топшириғи бўйича ҳужжатларни жўнатиш ва тўловларни ўтказиш бўйича хизматлар учун чет эл банклари ва компаниялари томонидан сўзсиз тартибда банк ҳисобварағидан ундириладиган шартнома шартларига асосан мижозлар томонидан қопланадиган воситачилик ҳақи.
Шу тариқа, Рўйхатда СКнинг 209-моддасида назарда тутилган молиявий хизматларнинг 17 тури очиб берилган. У амалда бугунги кунда амалга оширилаётган барча асосий молиявий операцияларни қамраб олади.
*«Норма маслаҳатчи» газетасининг 4.06.2013 йилдаги 22 (411)-сонида берилган ҳужжатлар пакетида чоп этилган.


Дилфуза ШУКУРОВА,
Молия вазирлиги Солиқ ва
божхона тарифи сиёсати бошқармасининг бўлим бошлиғи ўринбосари.

Прочитано: 2603 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика