Тошкентда туғилган неварам 2002 йилда 6 яшарлигида ота-онаси билан Россияга, доимий яшаш жойига кўчиб кетди. Отаси ўша вақтда Россия фуқароси эди. Ҳозир неварам 17 ёшда, у РФ фуқароси, ички ва хорижий паспортларга эга. Бу йил ёзда Тошкентга таътилга келмоқчи.
Ўзбекистонга кириш учун у қандай ҳужжатларга эга бўлиши керак?
У Россия фуқаролигини олишда Ўзбекистон фуқаролигидан бош тортиши лозим эдими? Фуқароликдан бош тортмаганлиги боланинг Ўзбекистонга киришига тўсқинлик қилиши мумкинми?
Россия фуқаролигини олиш пайтида у 11 яшар эди. Унинг ота-онаси ҳозирги пайтда ажрашишган. Россиянинг қонун ҳужжатларига кўра боланинг ёзги дам олишга кетиши учун бундай вазиятда ота-онасидан бирининг рухсати етарлидир. Бу Ўзбекистонга кириш ва ундан қайтиш учун етарли бўладими?
И.Г.
– «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон) 22-моддасига кўра ота-оналарининг фуқаролиги ўзгарганлиги натижасида уларнинг ҳар иккаласи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанида, ўз навбатида уларнинг 14 ёшга тўлмаган болаларининг фуқаролиги ҳам ўзгаради.
Баён этилганларга келсак, Ўзбекистон фуқаросининг Россия Федерациясида яшайдиган невараси республикага Россия Федерациясида берилган хорижий паспорт асосида келиши мумкин. Республикага келгандан кейин у 3 сутка ичида хорижий паспортни кўрсатган ҳолда бувисининг яшаш жойидаги кетиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида рўйхатдан ўтиши лозим (ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидалари II бўлими).
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ,
экспертимиз.