Корхонамизда кадрлар бўлими бошлиғи таътилга чиқди. Бош бухгалтер қўшимча ҳақ эвазига унинг вазифаларини бажаришни хоҳлаяпти. Бу қонуний бўладими?
А.Тожиев, касаба уюшмаси
қўмитасининг раиси.
– Меҳнат қонунчилиги иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимнинг қўшимча ҳақ эвазига бошқа ишни бажаришини тақиқламайди.
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг (18.10.2012 йилдаги 297-сон) 2-бандига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан, ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотлари ходимларинингбир неча касб ва лавозимда ишлаши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади (Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 21-банди).
Шу тариқа, бош бухгалтерингиз, агар корхонангиз давлат ва хўжалик бошқаруви органи ёки бюджет ташкилоти ҳисобланмаса, ўз ишини ва кадрлар бўлими бошлиғининг вазифаларини бир вақтда бажариши мумкин. Агар юқорида қайд этилган орган ёки ташкилот ҳисобланса, буни Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишиш лозим.