Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 23 / Биз яшайдиган уй

Директор устидан шикоят қилгандик – ўзимизни жазолашди

2012 йил июлида биз ўзимизнинг «Шоҳи замон 1» ХУМШга мурожаат қилиб, уйимиз ертўласини тартибга келтиришни илтимос қилдик. Ширкат директори ваъда берса-да, бироқ ҳеч нарса қилиб бермади. 2012 йил октябрида биз Мирзо Улуғбек туман санэпидемстанциясига шикоят ёздик. Ертўлани тозалашлари ҳам, санэпидемстанциядан жавоб келиши ҳам чўзилиб кетгач, 2013 йил мартида биз туман прокуратурасига мурожаат қилдик, у директорни ертўлани тартибга келтиришга мажбур қилди, жуда қисқа муддат ичида ушбу иш бажарилди ҳам. Биз ҳамма ишлар жойидалиги тўғрисида далолатномани имзоладик. Бироқ охир-оқибатда санэпидемстанция ХУМШга қарийб 400 минг сўм жарима солди, у ... яшовчиларнинг пулларидан тўланди. Тушунтириб берсангиз, жаримани директорга эмас, балки уйда яшовчиларга солиш тўғрими? Зеро, агар ХУМШ директорининг нотўғри ҳаракатлари ва хизмат вазифаларини бажармаганлиги учун унинг ўзини эмас, балки яшовчилар жаримага тортилса, бизнинг ҳатто шикоят қилишимизга ҳожат бормиди?

Тошкент шаҳар Марказ-2 даҳасидаги 16-уйда

яшовчилар номидан ХУМШ тафтиш комиссияси.

– Сизнинг мурожаатингиздан амалдаги қонун ҳужжатларини бир нечта бузишлар кўзга ташланади, хусусан ХУМШ раиси ва ижрочи директори томонидан санитария қоидалари, молиявий интизом ва бухгалтерия ҳисоби, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган.

Аҳоли пунктлари ва ҳудудларни сақлаш, хўжалик-маиший чиқиндиларни утиллаштириш, тўплаш, сақлаш бўйича санитария қоидаларини бузиш фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса –

5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК)нинг 53-моддаси; «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 29, 30-моддалари; Президентнинг 2.03.1998 йилдаги ПФ-1933-сон Фармони).

Бироқ ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик 16 ёшга тўлган жисмоний шахслар ва мансабдор шахслар – вазифаларига раҳбарлик, ташкилий, фармойиш бериш, текширув-назорат вазифалари ёки моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган вазифалар кирадиган, маъмурий ҳуқуқбузарликлар субъектлари ҳисобланадиган ходимларга нисбатангина қўлланади (МЖТКнинг 13–17-моддалари).

Жарима ҳуқуқбузар томонидан унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда – шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмай тегишли банк муассасасига тўланиши лозим. Ҳуқуқбузар жаримани белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, жарима солиш тўғрисидаги қарор суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидаларга мувофиқ жаримани унинг иш ҳақи ёки бошқа маошидан, нафақасидан ёки стипендиясидан мажбурий тартибда ундириб олиш учун юборилади (МЖТКнинг 332-333-моддалари).

Мансабдор шахсга солинган жарима суммаси ташкилот ҳисобварағидан пул ўтказиш йўли билан тўланса, ташкилотда молиявий интизом ва бухгалтерия ҳисоби бузилган ҳисобланади. Исталган ходимнинг унинг иш ҳақи ва корхона билан тузилган қарз ёки ссуда шартномаси ҳисобига амалга оширилмаган шахсий тусдаги тўловлари ташкилот харажатлари таркибига киритилиши мумкин эмас, бундай таркиб иқтисодий асосланган ва меъёрий ҳужжатлар, устав ёки таъсис шартномасига, ХУМШ учун эса – унинг аъзолари йиғилишининг қарорига ҳам мувофиқ келиши керак. (Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом1; Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомнинг2 6–8-бандлари).

Агар ходим ушбу суммани ташкилотга тўламаса, унинг миқдорига корхона ёки ташкилотнинг фойдаси камайтирилади, у йўқ бўлган жойда эса, масалан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган ХУМШда бу ҳол смета бўйича режалаштирилган ишларни бажаришга маблағларнинг етишмаслигига олиб келади.

Бироқ амалиётда мансабдор шахсларга солинган жарималар ташкилотнинг фойдаси ҳисобига қопланадиган бундай вазиятлар кўплаб учрайди. Бунда жарима суммаси солиқ қонунчилигини бузишдан қочиш мақсадида ходимнинг олинган моддий нафига киритилади ва унга даромад солиғи солинади, бу билан мазкур сумма унинг моддий нафи ҳисобланиши эътироф этилади (Солиқ кодекси 177-моддаси биринчи қисми 1-бандининг бешинчи хатбошиси).

Мазкур ҳуқуқбузарлик ХУМШ тафтиш комиссияси ёки аудиторлик текшируви томонидан аниқланиши ва ҳуқуқбузарлик далили бўйича қарор қабул қилиш учун аъзолар йиғилишининг муҳокамасига киритилиши мумкин («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 19, 27-моддалари).

Айбдор мансабдор шахс, шу жумладан раҳбар ҳам, ташкилот кассасига киритиш йўли билан ташкилот зарарини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин, низони ихтиёрий равишда тартибга солишдан бўйин товлаган тақдирда, материаллар даъво тартибида мажбуран ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга берилиши керак (Меҳнат кодексининг 206, 208-моддалари).

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий тарзда рад этганлик, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик, асоссиз, қонунга зид қарор қабул қилганлик, шунингдек фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни, шикоят муносабати билан қабул қилинган қарорни реал бажаришни таъминламаганлик мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 43-моддаси). Фуқароларнинг ариза ёки шикоятлари

15 кундан бир ойгача бўлган муддат ичида, фавқулодда ҳолларда эса –

2 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади («Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси). Фикримизча, кўрсатилган муддатлар бузилган (санитария-эпидемиология станциясига дастлабки мурожаатда шундай бўлган) тақдирда, бўйсуниш тартибида юқори ташкилотга ёки бевосита фуқаролик ишлари бўйича судга унинг ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилиш керак эди.

Бироқ ХУМШ тўғрисидаги қонунчилик ташкилотни бошқаришнинг юқори органи сифатида унинг аъзолари йиғилишига кенг ваколатлар беришига ҳам эътиборни қаратмоқчимиз. Шу сабабли уй-жой мулкдорларининг фуқаролик позициясига, уларнинг назоратига маблағларни мақсадли сарфлаш ҳам, раҳбарларнинг иши ҳам боғлиқдир, зеро йиғилиш раҳбарларни улар ўз мажбуриятларини қониқарсиз ижро этган тақдирда муддатидан аввал қайта сайлашга ҳақли («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси).

Римма СОЛОДОВНИКОВА,

эксперт-юристимиз.

 

Таҳририятдан. Мазкур ҳолатда шундай савол туғилади: нима учун мансабдор шахс – ширкат директорининг айби учун ширкат уйда яшовчиларнинг бадаллари ҳисобига тўловни амалга ошириши, бу билан уларнинг уйдаги қандайдир ишларни бажармаганлиги учун жазолаши керакми? «Норма маслаҳатчи» ўзининг «Биз яшайдиган уй» нашрларидан бирида ушбу масалани кўтариб чиққан эди («ХУМШга нисбатан даъволар бўйича фуқаролар жавоб берадилар», 16.10.2012 йилдаги 41 (378)-сон). Бироқ, таҳририятга қилинаётган мурожаатларга қараганда, бу муаммо бугун ҳам долзарблигича қолмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Прочитано: 2625 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика