Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 21 / Оила муносабатлари

Ўғлим ишончнома берди, бошлиқ эса уни тасдиқламаяпти...

Эрим вафотидан кейин менга ва вояга етмаган икки фарзандимга квартира мерос бўлиб қолди. Бироқ мен ҳозиргача уни ўзимга қайта расмийлаштира олмаяпман, чунки ўғилларимдан бири озодликдан маҳрум этиш жойига тушиб қолган. Ўғлим хатда ўзининг розилигини кўрсатган. Бироқ розиликнинг ўзи етарли эмас. Нотариусга ўғлимнинг у жазони ўтаётган ахлоқ тузатиш муассасасининг бошлиғи томонидан тасдиқланган ишончномасини тақдим этиш лозим, бироқ бошлиқ ваколатларининг йўқлигини рўкач қилиб, уни тасдиқлашдан бўйин товлади. Нима қилиш керак? Қаерга мурожаат қилиш лозим?

Валентина.

Тошкент шаҳри.

– Озодликдан маҳрум этиш жойида жазони ўтаётган шахснинг ишончномасини тасдиқлашдан бўйин товлаган ахлоқ тузатиш муассасасининг бошлиғи, Фуқаролик кодексига асосан, уни тасдиқлаши шарт. Унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори инстанцияга ёзма тарзда шикоят қилиш керак, мазкур ҳолда Ички ишлар вазирлигининг тегишли бошқармаси ёки прокурорлик назорати органлари ана шундай инстанция бўлади (Жиноят-ижроия кодекси 14-моддасининг иккинчи қисми, 16, 17-моддалари).

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Одатда жисмоний шахслар учун бундай ҳужжат нотариал тасдиқлашни талаб қилади (Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 134, 135-моддалари). Бироқ ФКнинг 136-моддасида қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончнома­ларга тенг­лаштирилади:

госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳар­бий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса – ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Бундан ташқари, хат-хабарлар­ни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин (ФКнинг 137-моддаси).

 

Ишончнома беришдек жуда оддий ва тартибга солинган масалада камчиликлар ва ғайриоддий жиҳатлар бўлмаслиги керакдек туюлади. Бироқ саволда баён этилган вазият мазкур масала охиригача амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаганлигини кўрсатади. Республиканинг ахлоқ тузатиш муассасалари фаолият соҳасида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Жиноят-ижроия кодекси, Озодликдан маҳрум қилиш кўринишида жазони ижро этиш бўйича муассасаларнинг ички тартиб қоидаларида (ички ишлар вазирининг АВ томонидан 8.06.2001 йилда 1039-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) озодликдан маҳрум қилиш тарзида жазони ўтаётган шахсларнинг ишончномаларини тасдиқлаш зарурлиги тўғрисида қоидалар мавжуд эмас. Мазкур муассасаларнинг ўзига хослигини ҳисобга олиб, улар учун ишончномаларни тасдиқлаш тартибини белгилаш мақсадга мувофиқ бўларди.

Римма СОЛОДОВНИКОВА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2280 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика