Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 15 / Долзарб мавзу

Савдо-саноат палатасида: солиқ тизимини янада такомиллаштириш масалалари

Яқинда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси давра суҳбати ўтказди. Унда кўтарилган мавзу муҳокамасида Молия вазирлиги, Солиқ маслаҳатчилари палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, тадбиркорлик тузилмалари ва Тошкент оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Видеоконференция алоқаси мусоҳаба доирасини кенгайтириб, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Наманган, Андижон ва Сирдарё вилоятларидаги ишбилармон кишиларни ҳам мунозара доирасига тортди. Масалага бунчалик қизиқилиши бежиз эмас. Зотан анжуманда гап мамлакатимизнинг кейинги йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш ҳақида борди.

Савдо-саноат палатасининг раиси А.Шайхов мажлисни очар экан, муҳокама қамрови доирасини аниқ айтиб ўтди. Бу доира кичик ва хусусий бизнесга ҳар тарафлама қулай ва мақбул режим яратиб беришга доир, мамлакатимизда рағбатлантирувчи ишбилармонлик муҳитини барпо этишга, бизнес юритишни либераллаштириш, шарт-шароитларини соддалаштириш ва арзонлаштиришга, аҳолининг фаровонлиги ва бандлигини оширишга қаратилган стратегияни амалга ошириш вазифалари билан белгиланади.

Ана шу вазифаларни ҳал этишда солиқ сиёсати катта роль ўйнайди. Ўзбекистонда мана, неча йилдирки, солиқ тўловчиларнинг зиммасидаги солиқ юкини камайтира бориш йўли изчил ўтказиб келинмоқда. Келаси, 2014 йилда ҳам шу йўл қатъий давом эттирилади.

Молия вазири ўринбосари М.Мирзаев давра суҳбати иштирокчиларини солиқ тизимини янада либераллаштириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай, мақбул шароитлар яратиш мақсадида мазкур тизимни янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар киритишга чақирди. Муҳокама натижалари асосида ишлаб чиқиладиган оқилона таклифлар 2014 йилги солиқ сиёсати концепциясини ишлаб чиқишда инобатга олиниши учун Молия вазирлиги ва бошқа нуфузли давлат тузилмаларига тавсия этилади.

Иқтисодиётнинг айни ана шу соҳаси кенг қўллаб-қувватланишни тақозо этиши тушунарлидир. Зеро, жорий йилнинг бошларида кичик ва хусусий бизнес соҳасида мамлакатимиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 75 фоиздан ҳам кўпроғи банд эди. Ўтган йили бу секторда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 54,6 фоизи ишлаб чиқарилди.

 

СОЛИҚ ТАЪТИЛИ БЕРИЛГАНДА ЭДИ...

Янги очилган кичик корхоналар, микрофирмалар ва оилавий корхоналарга солиқ солиш масаласи теварагидаги мунозаралар давра суҳбатини янада қизитди: амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, улар Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистрида рўйхатдан ўтказилиши билан дарҳол солиқ тўлашлари шарт.

Тўғри, ҳар қандай бизнес иши аввалига сарф-харажат, чиқим талаб этади, даромад деганлари эса кейинроқ келади. Бизнес соҳасидагилар  ишни бошламасдан турибоқ солиқ тўлашлари керак. Якка тартибдаги тадбиркорлар эса ой бошлангунга қадар бюджет билан бўнак орқали ҳисоб-китоб қиладилар. Кейинги ойда улар ишлайдиларми-йўқми, фойда оладиларми-йўқми, буниси сира ҳам эътиборга олинмайди. Иш бошланишидаги ана шу ва бошқа қийинчиликлар бизнес оёққа туриб олишига ғов бўлишидан ташқари, тадбиркорлик қилишни мўлжаллаётган кишиларнинг аксариятини чўчитиб қўяди.

Мусоҳаба  иштирокчилари мазкур муаммони ҳал этиш учун энди иш бошлаётганларга солиқ бобида «таътил белгилаш»ни, бинобарин, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашни 6 ойгача бўлган муддатга кечиктириб туришни таклиф этдилар. Ана шу вақт ичида фирма (корхона) фаолиятни бошлаб, оёққа баралла туриб олиши ва солиқларни ортиқча зўриқишсиз тўлаши мумкин.

 

ЯСТнинг ЭНГ КАМ МИҚДОРИДАН «ПАНАГА ҚОЧИЛМАСИН»

Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори белгиланганлиги муҳим масалалар сирасига киради. Бугунги кунда ана шу миқдор корхона жойлашган ер участкасидан олинадиган ер солиғининг 3 карраси суммасига тенгдир. Баъзи микрофирма ва кичик корхоналар солиқлар ва мажбурий ундирувлар суммасидан кўп бўлмаган миқдорда фойда оладилар. Натижада улар ё фирмани ёпадилар, ёки ўзларини «панага олиб», яширин бизнес юритадилар. Муҳокама чоғида ана шу муаммони ҳал этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Масалан, ер участкаларига эга бўлган ягона солиқ тўлови тўловчилар учун солиқ тўланадиган базани белгилаш ўрнига ер солиғи тўлашни назарда тутиш мумкин-ку!

Бироқ ягона солиқ тўловининг энг кам миқдоридан воз кечиб бўлмайди. Бинобарин, бу миқдор, таассуфки, анчагина кенг тарқалган иллат – даромадларни солиқ солишдан яшириш иллатига қарши курашнинг самарали воситасидир. Шу боис мазкур масалани ҳал этиш учун савдо ёки хизмат кўрсатиш корхонаси эгаллаб турган майдонга қараб ҳисоблаб чиқариладиган белгиланган даромаддан солиқни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Гарчи бу солиқ ҳам ер майдонига боғлиқ бўлса-да, аммо маконнинг ҳаммаси, айтайлик, савдо жойи бўлмаслиги инобатга олинади, албатта. Шу сабабли ҳам бундай солиқни ҳисоблаб чиқишнинг асосли ва ўринли услубияти ишлаб чиқилса, у ягона солиқ тўловининг ҳозир амалда бўлган энг кам миқдорига яхшигина муқобил бўлиб қолиши турган гап.

 

СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ЁРДАМГА ТАЙЁР

Давра суҳбатида бошқа қизиқарли таклифлар ҳам ўртага ташланди. Деярли барча солиқ текширувлари тадбиркорларнинг молия-хўжалик фаолиятида қонунбузарликларни аниқлаб бераётганлиги сир эмас. Буни иккита нарса билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, назорат қилувчи органларнинг саъй-ҳаракати ҳуқуқбузарлик ва қонунбузарликларни излашга қаратилган. Шу сабабли ҳам текширувчилар қонун ҳужжатлари талабларини ҳамиша ҳам солиқ тўловчи фойдасига талқин этадилар деб бўлмайди.

Иккинчидан, кичик ва хусусий корхоналарнинг талайгина қисми мушоҳадали, билимдон, катта маош оладиган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва унга киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчаларни яхши билган ҳолда иш кўрадиган бухгалтерни ишга олишга қурби етмайди. Билим ва уқув доирасида кемтиклиги бўлган мутахассислар эса тадбиркорларнинг жавобгарлигига сабаб бўлувчи хатоликларга йўл қўядилар.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси аъзоларининг хизматларига мурожаат этиш амалиётининг кенгайиши ана шу хилдаги ҳолатлар камайишига ёрдам беради. Палата аъзолари орасида бухгалтерия соҳасида, солиқ органларида яхшигина тажриба ва иш стажига эга бўлган юқори малакали мутахассислар кўп. Улар хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартнома асосида: солиқлар ва мажбурий тўловларни пухта ҳисоблаб чиқишлари, молия, солиқ ва статистика ҳисоботларини топширишлари мумкин. Тадбиркорнинг вазифаси эса солиқ маслаҳатчиси тайёрлаган ҳисоб-китоблар асосида бюджет билан вақтида ҳисоб-китоб қилишдан иборат. Солиқ маслаҳатчиси ўз навбатида молия-хўжалик фаолияти текширилаётганда солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, борди-ю, текширув асносида солиқлар кам тўланганлиги аниқланса, жавобгарликни зиммага олади. Бундай амалиёт кўпгина мамлакатларда кенг кўламда қўлланиб келмоқда. Бу йўсин иш тутиш микрофирма ва кичик бизнес соҳасидагиларга солиқ тўлашда хатоликлардан холи бўлиш ва ўзининг асосий иши – савдо қилиш, хизмат кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш билан хотиржам шуғулланиш имконини беради.

 

ОШХОНАНИНГ ИЖТИМОИЙ ТЎЛОВЛАРИ

Мутахассислар билан тадбиркорлар умумий овқатланиш корхоналари томонидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш масалаларини давра суҳбати доирасида муҳокама этдилар. Бугунги кунда уларнинг ходимлари сонини ҳисоб-китоб қилишда хизмат кўрсатиладиган столлар миқдори асос қилиб олинади. Лекин бу мезон муқим эмас. Муҳокама иштирокчилари ЯИТ ва ходимларнинг энг кам сонини жой майдонидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилишни таклиф этдилар. Бундай қарор умумий овқатланиш корхоналарнинг ижтимоий тўлов тўлайдиган базасини холисона тарзда аниқлаш, қолаверса, ҳисоб-китоб қилишни бирмунча соддалаштириш имконини беради.

 

ҲУНАРМАНД УЧУН БАДАЛ ИХТИЁРИЙ БЎЛСА...

«Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари томонидан таклиф этилган мавзу* иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бундай қараганда, ҳунармандлар хўжалик юритиш маъносида фойдали шарт-шароитга эга. Улар йил юзасидан энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорига тенг йиллик бадал тўласалар бас. Зиммаларида бошқа ҳеч қандай солиқ мажбуриятлари йўқ. Аммо Пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида мажбурий ажратмалар ажратишлари керак. Бугунги кунда бу 79 минг сўмдан ортиқни ташкил этади. Айтайлик, бир ҳафтада қиймати 50 минг сўмга борадиган нақшинкор, кашта тикилган ёстиқ жилди тайёрловчилар учун бу анчагина катта сумма ҳисобланади. Чунки каштачи аёл бир ойда нари борса 4-6 та шундай маҳсулот тайёрлайди. Ундан ташқари, маҳсулотини сотиш учун уйига назорат-касса машинасини ўрнатиши керак. Бундай машина эса ҳазилакам пул турмайди. Тайёрлаган маҳсулотидан ҳаминқадар даромад олаётган бундай ҳунарманд ўз фаолиятини расмийлаштириши мақсадга мувофиқмикин?! Барча талабларга қатъий риоя қилган бу чевар нари борса тушумнинг ярмига эга бўлади. Тўғри, Пенсия жамғармасига мажбурий ажратма ана шу касб эгасининг кексалигини пенсия билан таъминлаш талаби тақозосидир. Аммо бу анча олисдаги гап. Бугунги кунда эса болалари тарбияси, таълими билан боғлиқ ташвишлар, кундалик харажатлар бундай ҳунарманд учун долзарброқдир.

Шу муносабат билан «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари учун Пенсия жамғармасига бадал тўлашни ихтиёрий қилиб қўйиш таклифи билдирилди. Мабодо ҳунармандлар мазкур жамғармага ажратмалар ажратишса, меҳнат стажлари ҳисоби давом этаверади, борди-ю, ажратишмаса, меҳнат стажи ҳисобланиши тўхтатиб турилади. Донабай маҳсулот тайёрлайдиганларга уларни ўз хонадонларида НКМсиз сотишга, шунингдек маҳсулотларини кўргазма ва ярмаркаларда сотишга рухсат бериш тавсия этилди. Муҳокама иштирокчилари стендлардан сотишга ижозат беришни ҳам таклиф этдилар. Уларнинг фикрича, бундай тадбирларни ўтказишдан солиқлар тўлашни тадбир ташкилотчилари зиммасига юклаш керак. Бундай оқилона ёндашув тадбиркорлик жабҳасига ҳунармандлар жадалроқ жалб этилишини таъминлайди.

 

ПРИНЦИП АМАЛДА ИШЛАСИН ДЕСАК...

Солиқ кодексининг «Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи» деб номланган 11-моддасини такомиллаштиришга доир таклиф ҳам давра суҳбати иштирокчиларида жонли қизиқиш уйғотди. Бу муҳим принцип хусусан тушунча аниқ очиб берилмаганлиги ҳамда бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни аниқлаш механизми йўқлиги учун амалда ишламаяпти. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ана шу йўналишда мукаммаллаштириш солиқ тўловчилар манфаатлари ҳимоя этилишини таъминлашнинг муҳим шартидир.

Давра суҳбати иштирокчилари солиқ сиёсатини такомиллаштиришга доир барча масалаларни муҳокама этиши ва таклифлар билдиришига уч соат камлик қилди. Шу сабабли ҳам мунозара ташкилотчилари уни яқин келажакда давом эттиришни таклиф қилдилар.

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

 

 

Прочитано: 2791 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика