Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 13 / Бизнинг лойиҳалар

Жавоб олиш учун – семинарга

Ўтган йилнинг охирги чорагида «Norma» савдо белгисининг бонуслар қаторида бепул семинарлар ўтказила бошланди. Маслаҳатчиларимиз уларни «Солиқ ва божхона хабарлари» + «Норма маслаҳатчи» ҳамда «Налоговые и таможенные вести» + «Норма» + «top» ҳафталикларининг обуначилари, «Norma» электрон ахборот маҳсулотлари фойдаланувчилари учун ўтказадилар.

Улар учун семинарлар бепул ўтказилади. Белгиланган мавзудаги семинар мазмунини иштирокчиларнинг ўзлари шакллантирадилар. Семинарда иштирок этиш учун norma.uz сайтини очиш, «Встречаемся на семинаре!» («Семинарда учрашамиз!») рукнига кириш, сизга очилган семинар иштирокчисининг анкетасини кўчириб олиб тўлдириш етарли. Унда солиқ солиш, меҳнат қонунчилиги ёки сайтда кўрсатилган бошқа соҳалар бўйича сизни қизиқтирадиган аниқ саволларни кўрсатишингиз шарт.

19 мартда ўтказилган охирги семинарда меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш амалиётига оид саволлар кўриб чиқилди, иштирокчилар ўз анкеталарида уларни олдиндан берган эдилар. Бироқ семинарда иштирок этиб, нафақат ўзларининг, балки ҳамкасбларининг ҳам олдида турган бошқа масалаларнинг ечимини топдилар.

Семинарни газетамизнинг катта эксперти Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб борди.

Биз унинг саволларга берган жавобларини танлаб олдик, улар кўпчиликка қизиқарли бўлади деб ўйлаймиз.

Агар ишдан бўшатилган ходим меҳнат дафтарчасини олиш учун келмаса, нима қилиш керак? 1 йил ўтгандан кейин унга меҳнат дафтарчасини почта орқали жўнатса бўладими? Дафтарча ўз вақтида берилмаса, корхона учун бунинг оқибатлари қандай бўлади?

 

– Меҳнат кодексининг (бундан ке-йин – МК) 108-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Агар шу куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, сиз эртасига унга почта орқали огоҳлантирувчи хабарнома жўнатишингиз керак (Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг1 3.3-банди, бундан кейин – 402-сон Йўриқнома). Хабарнома ходимга почтальон орқали топширилади, у ходим билан меҳнат муносабатлари бекор қилинганлиги кўрсатилган хатнинг олинганлигини тасдиқлаб, бланкага имзо чекади. Бундан ташқари, унда меҳнат дафтарчасини олиш учун ишхонага келиш илтимос қилинади. Бундай хабарномани жўнатгандан кейин кадрлар бўлими меҳнат дафтарчасини 2 йил сақлайди, кейин уни ташкилот архивига топширади (402-сон Йўриқноманинг 5.2-банди).

Хабар берилган пайтдан бошлаб корхона ходим ушбу ҳужжатларни олмаганлиги учун жавобгар бўлмайди. Бироқ агар у бундай хабарномани ходимга жўнатмаса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача иш ҳақи тўланади (Йўриқноманинг 3.1-банди).

 

Вақтинчалик пропискада турган ходим билан ҳар 6 ойда меҳнат шартномасини қайтадан тузиш, меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тўғрисида ёзувни қайд этиш керакми? Агар бундан аввалги рўйхатдан ўтказиш ва янгидан ҳисобга қўйиш муддатининг тугаши ўртасидаги танаффус 3–10 кунни ташкил этса, нима қилиш лозим? Агар ходим ҳужжатларни туман ИИБга ўз вақтида топширган, бироқ бланкалар йўқлиги сабабли рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатни 2–3 ойдан кейин тақдим этган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш шартми?

 

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг2 12-бандига кўра, фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида бўлиш жойи бўйича вақтинча ҳисобга олиш 5 кундан 6 ойгача муддатга амалга оширилади. Бироқ ҳисобга қўйишнинг ўзи ушбу минтақада доимий ишга эга бўлиш учун ҳуқуқ бермайди. Шу боис Тошкентда ёки пойтахт вилоятида ишлайдиган компаниялар бошқа шаҳарлик фуқароларни доимий ишга қабул қилишга ҳақли эмаслар. Улар билан уларни рўйхатдан ўтказиш даврига, яъни олти ойдан кўп бўлмаган даврга муддатли шартномалар тузилиши керак (МКнинг 76-моддаси). Мазкур талабларни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига биноан мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридан 15 баравари миқдоригача жарима солиш назарда тутилган.

Ушбу жиҳатга масъулият билан ёндашинг. Зеро, МКнинг 105-моддасига кўра, агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади. Бу эса паспорт режимини бузиш ҳисобланиб, жавобгарликка олиб келади. Агар сизга ушбу мутахассис зарур бўлса, сиз туман ИИБга уни рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтириш ёки уни расмийлаштиришни тезлаштириш тўғрисида илтимос билан расмий равишда мурожаат этишингиз мумкин. Бундай қилинмаган тақдирда у билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш керак.

 

СОЛИҚ СОЛИШ ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ АМАЛИЁТИ МАСАЛАЛАРИГА БАЎИШЛАНГАН СЕМИНАРЛАРНИНГ БАҲОРГИ СЕРИЯСИ

Мавзу

Сана*

ЯСТ тўловчи ишлаб чиқариш корхоналарига солиқ солиш муаммолари

17 апрель, 22 май

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи ишлаб чиқариш корхоналарига солиқ солиш масалалари

3 апрель, 1 май

Сервис корхоналарига солиқ солиш масалалари

10 апрель, 15 май

Чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига солиқ солиш масалалари

27 март, 24 апрель

Улгуржи савдо корхоналарига солиқ солиш масалалари

29 май

Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш амалиёти

19, 28 март, 4, 11, 18, 25 апрель, 2, 16 май

 

*Семинарларни ўтказиш саналарига гуруҳларнинг бутланишига қараб тузатиш киритилиши мумкин.

 

Корхона ходимга меҳнат дафтарчаси очганда, унинг бланкаси қийматини ким тўлайди – хўжалик юритувчи субъектнинг ўзими ёки ходимми?

–          402-сон Йўриқноманинг 5.1-бандига кўра корхона унинг номига меҳнат дафтарчаси очиладиган ходимдан ЭКИҲнинг 10%игача миқдорда унинг қийматини ундириш ҳуқуқига эга. Агар дафтарча бланкасини корхона харид қилса, унинг қиймати жисмоний шахснинг жами солиқ солинадиган даромадига кирадиган даромади ҳисобланади.

 

Талабани ишга қабул қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг номига меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш керакми? Бундай ҳолда унинг меҳнат стажига олий ўқув юртида таълим олиш даври кирадими? Талабанинг таълими учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги уч тарафлама шартномада талаба олий ўқув юртини тугатгандан кейин корхонада 1 йил ишлаб бериши кераклиги тўғрисидаги шарт назарда тутилган. Агар у ўриндош сифатида ишга қабул қилинса, ушбу муддатни олий ўқув юртидаги ўқиши тугагунга қадар ишлаб бериши мумкинми?

 

–          Агар талаба кундузги бўлимда ўқиса, унинг иши асосий бўлиши мумкин. Уни МКнинг 119-моддасига мувофиқ тўлиқсиз иш кунига ишга қабул қилиш мумкин, бунда меҳнат келишувида унинг иши сменаси ва вақти кўрсатилади. Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига3 ҳам мурожаат қилиш ортиқчалик қилмайди. Агар сиз талабани қабул қилаётган лавозим олий маълумотли бўлишни назарда тутса, давлат бюджетидан молияланадиган ташкилотлар уни қабул қилишга ҳақли эмас. Бироқ хусусий компаниялар учун Классификатор тавсия тусига эга. Уч тарафлама шартномада назарда тутилган муддатни эса талаба фақат олий ўқув юртини битиргандан кейин ишлаб бериши мумкин.

 

Иш берувчи ишга қабул қилишда 2 ойга синов муддатини белгилаб, ушбу даврга ҳақ тўламаслиги қонуний бўладими?

–            МКнинг 85 ва 86-моддаларига кўра дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади. Яъни ушбу даврда синов муддати билан ишга қабул қилинган ходим иш ҳақи олиши керак, синовнинг ўзи эса 3 ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.

 

Ходимларнинг меҳнат режимини қандай қилиб ўзгартириш лозим? Ишлаб чиқариш зарурати боис буни бир ойда 5–6 марта қилиш мумкинми?

– МКнинг 89-моддасига кўра меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходим камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирилиши шарт.

Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.

Кўпчилик ходимлар гуруҳи учун меҳнат шартлари ноқулай тарзда ўзгарган тақдирда, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига бундай ўзгартиришларнинг сабаби ҳақида маълумот бериши шарт.

Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилганлиги устидан судга шикоят қилишга ҳақли. Низони кўриш вақтида иш берувчининг зиммасига аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Семинарда 20 киши иштирок этди. Бундай кичик гуруҳлар уларни интерфаол режимда ўтказиш, йиғилганларга нафақат маслаҳатлар олиш, балки ўз фикрлари ҳамда муҳокама қилинаётган саволларни ҳал этиш тажрибасини баҳам кўриш имкониятини беради.

 

1Меҳнат вазирлиги ва ИТВ тасдиқлаган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 20.08.2011 йилдаги 181-сон қарори билан тасдиқланган.

Ольга КИРЬЯКОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 2689 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_Quote не найден.Ошибка: Xbb_Tags_Font не найден.
2013-07-30 18:28:02, Гость_:
Вопрос направлен в редакцию
Вопросы экономико-правовой тематики, связанные с деятельностью Вашей организации или личные, Вы можете задать:
1)    отправив электронное письмо в редакцию газет «Норма» и «НТВ» по адресам: gazeta@norma.uz; ntv@norma.uz;
2)    по телефону «Горячей линии» 200-00-59, если Вы являетесь пользователем информационно-поисковых систем «Norma», подписчиком газет «Налоговые и таможенные вести» и «Норма»;
3)    воспользовавшись сервисом «Мы отвечаем!» в интерфейсе программных продуктов «Norma».

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика