Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 13 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЯНГИ ХИИКлар УЧУН ЯНГИ ИМТИЁЗ

Президентнинг 15.03.2013 йилдаги ПФ-4515-сон Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокида янги ташкил этилаётган корхоналар учун 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб импорт божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз белгиланди. Улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб 2 йил мобайнида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мол-мулк олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан озод қилинадилар.

Ўзгартиришлар Президентнинг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.04.2012 йилдаги ПФ-4434-сон) ҳам тааллуқли бўлди. Унга ПФ-4515-сон Фармон билан тақдим этилган имтиёз ҳам қўшилди.

Фармон «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон) мувофиқ қабул қилинди.

 

«ЖИЗЗАХ» МАХСУС ИНДУСТРИАЛ ЗОНАСИ УЧУН ИМТИЁЗЛАР

Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ Президентнинг 18.03.2013 йилдаги ПФ-4516-сон Фармони билан Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлигининг Жиззах вилоятида Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида филиали бўлган «Жиззах» махсус индустриал зонасини (кейинги ўринларда — «Жиззах» МИЗ деб юритилади) барпо этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

Ҳужжат билан зона фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланди. «Жиззах» МИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин. Ушбу муддат мобайнида махсус индустриал зона ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилади. «Жиззах» махсус индустриал зонаси қатнашчилари:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Жиззах» МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинади.

Имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилади, шу жумладан эквиваленти:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 5 йил муддатга;

10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 7 йил муддатга берилади.

 

ЭСТОНИЯ БИЛАН ҲАМ БИТИМ ТУЗИЛДИ

Президентнинг 7.03.2013 йилдаги ПҚ-1932-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эстония Республикаси Ҳукумати ўртасида икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капиталдан солиқ тўлашдан бўйин товлашга чек қўйиш тўғрисида Конвенция тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат 2012 йил 28 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Комилов ва Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Паэт томонидан имзоланганлигини эслатиб ўтамиз.

Шуни қайд этиб ўтамизки, икки давлатда биргина давр учун биргина объектга нисбатан биргина солиқ тўловчидан таққослама солиқларни ундириш халқаро икки томонлама солиқ солиш деб белгиланиши мумкин, бу эса давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли Конвенциянинг мақсади аҳдлашувчи давлатларнинг солиқ тўловчилари биргина даромад ёки капиталдан ўз давлатида ва ҳамкор давлатда солиқларни икки марта тўлаши ҳолатига барҳам бериш саналади. Ушбу масаланинг ҳал этилиши ўзаро фойдали самарали иқтисодий ҳамкорлик қилиш, инвестициялар жалб этилиши ва ташқи савдо товар айланмаси ўсишини рағбатлантиради.

Эстония Ўзбекистон икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик тўғрисида икки томонлама битимлар имзолаган 51-давлат бўлди.

УЛУШНИ ОШИРДИЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 7.03.2013 йилдаги

70-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Uz-China Uran» МЧЖ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига (28.08.2009 йилдаги 251-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда «Uz-China Uran» МЧЖ қўшма корхонасининг устав капитали миқдори 8 576 минг АҚШ долларини ташкил этади (илгари у 4,6 млн АҚШ долларига тенг эди).

Бунда муассислар улушининг фоизли нисбати (50:50) аввалгидек қолди. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг улушига тузатиш киритилди, энди у Навоий вилоятидаги истиқболли Бўзтов ва Мешетин майдонларида илгари олиб борилган уран бўйича геология-қидирув ишлари давомида олинган геологик, геофизик ва бошқа маълумотлар ҳисобига шакллантирилади.

Қарор билан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига муассисларнинг қўшма корхона устав фондига қўшимча улуши муносабати билан «Uz-China Uran» МЧЖ қўшма корхонаси таъсис ҳужжатларига 2013 йил 1 августгача бўлган муддатда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаш топширилди.

 

МИС ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРГА ИМТИЁЗЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 12.03.2013 йилдаги 72-сон қарори билан «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ОАЖ мис бойитиш фабрикасининг парчалаш ва майдалаш бўлинмаларини реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишда қатнашувчиларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилди. Чунончи:

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ОАЖ томонидан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, асбоб-ускуналар ва уларга эҳтиёт қисмлар, шу жумладан техник ва лойиҳа ҳужжатлари 2015 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ОАЖ қўшилган қиймат солиғидан;

«Тяжмаш» очиқ акциядорлик жамияти (Россия) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундириладиган фойда солиғини тўлашдан озод қилинди.

 

КОРЕЙС БАНКИГА НИДЕРЛАНДИЯ БАНКИ ҚЎШИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 13.03.2013 йилдаги 73-сон қарори билан белгиланишича, «Royal Bank of Scotland O`zbekiston МВ» ёпиқ акциядорлик жамиятидаги «Royal Bank of Scotland N.V» (Нидерландия)нинг улуши Корея тараққиёт банки (Корея Республикаси) томонидан сотиб олинганлиги муносабати билан ушбу ёпиқ акциядорлик жамиятлари акциядорларининг умумий мажлисларида:

«Royal Bank of Scotland O’zbekiston МВ» ёпиқ акциядорлик жамиятини «ЎзКДБ Банк» ёпиқ акциядорлик жамиятига бирлаштириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисида;

«ЎзКДБ Банк» ёпиқ акциядорлик жамиятини «КДБ Банк Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти деб қайта номлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 5.05.2006 йилдаги 76-сон қарорига мувофиқ Корея тараққиёт банки «ДЭУ Сикьюритиз» компаниясидан «ЎзДЭУбанк» ёпиқ акциядорлик жамияти устав капиталининг 61% акцияларини сотиб олганидан кейин «ЎзДЭУбанк» ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг умумий йиғилиши қарори билан «ЎзКДБ Банк» акциядорлик жамияти ташкил этилган эди.

Худди шу сингари Вазирлар Маҳкамасининг 13.11.2008 йилдаги 246-сон қарори билан Голландиянинг «ABN AMRO» банки RBS, «Fortis» ва «Santander» банклар консорциуми томонидан сотиб олинганлиги муносабати билан «АБН АМРО Банк Ўзбекистон МБ Ҳ.Ж.» ЁАЖ акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан банкни «Royal Bank of Scotland O’zbekiston MB» ЁАЖ деб қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, «Royal Bank of Scotland O’zbekiston MB» ЁАЖ ташкил этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 5.05.2006 йилдаги 76-сон ва 13.11.2008 йилдаги 246-сон қарорлари ўз кучини йўқотган.

 

ЭГАЛИК ҚИЛИШГА ЭМАС, БОШҚАРИШ УЧУН БЕРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 16.03.2013 йилдаги 79-сон қарори билан «Ўзавтосаноат» АКга Тошкент шаҳри, Ниёзов кўчаси (Кичик ҳалқа йўли), 17-уй манзилида жойлашган бинолар ва иншоотлар комплексини асбоб-ускуналари ва туташ ҳудудлари билан бирга, шу жумладан реконструкция қилинган ҳамда янгидан барпо этилган иморатларни тезкор бошқарув ҳуқуқи билан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети балансига ўтказишга кўрсатма берилди.

Шу тариқа, Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг фаолиятини ва моддий-техника базасини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (5.05.2009 йилдаги 130-сон) назарда тутилган мазкур объектнинг университетга бепул берилиши бекор қилинди.

 

ПЕНСИЯ ИСЛОҲОТИ

ДАВОМ ЭТМОҚДА

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2337-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди.

Агар олий таълим муассасаси, шунингдек клиник ординатура (интернатура), аспирантура, стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институти, докторантура ва катта илмий ходимлар-изланувчилар институти ўқувчиси имтиёзли пенсия таъминотига ҳуқуқ берувчи ишга қабул қилинган бўлса, ўқиш давридаги ишлаган вақти тўлиқ иш куни давомида ишлаган иш соатлари мавжуд бўлганда, махсус стажга киритилади.

Ўрмон қурилиши ишларида банд бўлган экспедициялар, гуруҳлар, отрядлар, участкалар, бригадалар ишчилари ҳамда мутахассислари эндиликда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан, қайси ташкилотда ишлашидан қатъи назар, фойдалана олмайдилар.

Ўзгартиришларга мувофиқ ғишт терувчи ишчиларга имтиёзли пенсия таъминоти, фақатгина метрополитенлар, ер ости қурилмаларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ишларни бажарадиган ташкилот таркибида доимий ишловчиларга қўлланилади (илгари фақатгина ғишт терувчилар бригадаси ёки комплекс бригадаларнинг ихтисослаштирилган ғишт терувчилари звеносида доимий ишловчиларга қўлланиларди).

Битумчилар, тоштарош ва тошдан ясалган буюмларга сайқал берувчилар, қурилиш ва монтаж ишлари усталари, шунингдек бино, иншоот ва бошқа объектлар қурилиши, реконструкцияси, техник қайта қуроллантириш, реставрация қилиш ва таъмирлаш бўйича фаолият олиб борувчилар имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини йўқотдилар.

Йўриқномага бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.

 

АКЦИЗ МАРКАЛАРИГА ОИД ЯНГИЛИК

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 1320-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Вазирлар Маҳкамасининг «Алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этиш тўғрисида»ги қарорига (5.02.2013 йилдаги 27-сон) мувофиқлаштириш мақсадида Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. 1 апрелдан алкоголли ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилганлигини эслатиб ўтамиз. Низомга ўзгартиришлар киритиш заруратини шу ҳол тақозо этди. Эски намунадаги акциз маркалари бўлган алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотишга рухсат бериш муддати 6 ойдан 9 ойга оширилди.

Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун муддат ҳам ўзгартирилди. Агар илгари янги акциз маркалари жорий этилганидан кейин улар эски намунадаги акциз маркалари бўлган маҳсулотни шундай маркали товарларни сотишга рухсат берилган муддат тугашидан 2 ой аввал сотишни тўхтатиш керак бўлган бўлса, эндиликда улар 5 ой аввал тўхтатишга ҳақлилар. Чунончи, агар акциз маркалари 1 апрелдан жорий этилаётган, эски намунадаги маркалар эса 2014 йил 1 январгача амал қиладиган бўлса, ишлаб чиқарувчилар эски маркали алкоголли ва тамаки маҳсулотларини 1 июлдан кечиктирмай сотишни тўхтатишлари керак.

Тақдим этилган ҳужжатларга

қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2449 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика