Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 13 / Устуворликлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЎН БИРИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

2013 йил 28–29 март кунлари Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган ва бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган иккита қонунни кўриб чиқишдан бошладилар.

Чунончи, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун (янги таҳрирда) билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишдаги, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган ёшлар никоҳдан ўтаётганида ҳамда тўй тантаналарини ўтказаётганида уларга моддий ёрдам кўрсатиш, боласи 2 ёшга етмаган, ишламаётган оналарга, шунингдек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш каби ваколатлари анча кенгайтирилди. Сенаторлар ушбу қонунни маъқулладилар.

Сенаторлар «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунни (янги таҳрирда) муҳокама қилар эканлар, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат  фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилганлигини, бу тизим катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда аҳолининг ҳурмати ва ишончини қозонган муносиб фуқаролар раислар ва уларнинг маслаҳатчилари этиб сайланишини, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови тизимини янада демократлаштиришнинг очиқлигини таъминлашини таъкидладилар.

Қонун билан фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланмоқда, жорий этилаётган тартибга кўра фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ўз чиқишларида келгусидаги фаолиятлари дастурини эълон қилишлари керак.

Қонун билан Олий Мажлис Сенатининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказишдаги ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Шундан кейин сенаторлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни (янги таҳрирда) кўриб чиқдилар. Қонуннинг янги таҳририда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, давлат бошқаруви, бу ишни ташкил этишда жамоатчиликнинг иштироки масалалари аниқ тартибга солинган.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни кўриб чиқдилар. Қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, депутатларнинг профессионал фаоллигини ҳам, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳларининг қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашдаги, уларни муҳокама қилиш ва такомиллаштиришдаги ролини ҳам оширади. Бу эса қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатига, қонун ижодкорлиги жараёнини янада демократлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин парламент юқори палатасининг аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқдилар. У билан Ҳаво, Жиноят, Меҳнат, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Божхона, Оила кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Муҳокама вақтида сенаторлар таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга ёрдам беришини таъкидладилар.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Сеул, 2012 йил сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни ҳам муҳокама қилиб, маъқулладилар.

Сенат аъзолари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисида»ги масалани кўриб чиққач, конституциявий ваколатларига мувофиқ бир қатор муассасалар, вазирликлар ва идораларнинг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ва ҳисоботини тингладилар.

Чунончи, сенаторлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам тинглаб, тасдиқладилар.

Шундан кейин сенаторлар Ҳисоб палатасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, муҳокама қилдилар.

«Бюджет тизими тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан ўтган йилда Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилиб, баҳоланди, 2013 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети лойиҳаси экспертиза қилинди. Давлат бюджетининг шакллантирилишини ва ижро этилишини назорат қилиш, бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланилишини текшириш асносида вазирликлар ва идоралар фаолиятида аниқланган камчиликлар ҳамда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилди.

Сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни қисқартириш ҳамда келгусида уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Шу билан Олий Мажлис Сенати ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи куни ўз ишини тамомлади.

* * *

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган амалдаги қонунчиликка риоя қилинишининг аҳволи ва бу борадаги прокурор назоратини янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тинглашдан бошладилар. Ҳисоботда кўрсатиб ўтилганидек, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш прокуратура органлари фаолиятининг мазмуни ва шаклларини жиддий ўзгартирди, унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш вазифаларини кучайтирди.

Маърузада кўрсатиб ўтилганидек, Бош прокурор томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларини жавобгарлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини киритиш мўлжалланмоқда.

Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар давлат тузилмаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш соҳасидаги ишини тубдан яхшилаш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Бу соҳадаги қонунларни сўзсиз ижро этиш демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ғоят муҳим шартидир.

Сенаторлар томонидан прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар баён этилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳисоботини муҳокама қилиш вақтида қайд этилдики, Қўмитанинг 2012 йилдаги фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга қаратилди.

 Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини ҳам тингладилар.

Муҳокама давомида сенаторлар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятида қонунийликка риоя этилиши устидан тизимли назоратни кучайтириш, шунингдек, уларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги фаолиятини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш масалаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлиси давомида 17 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ҳамда изчил чуқурлаштиришга ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган 7 та қонун кўриб чиқилди. Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг рўёбга чиқарилиши аҳоли турмуш даражасини, мамлакатда барқарорлик ва ободликни янада оширишнинг қудратли омили бўлади.

Шу билан Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 2524 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика