Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 11 / 2013 йил – Обод турмуш йили

Мамлакатимизни янгилаш жараёнларида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда

Кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳамда аҳоли ҳаёт сифати ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.

 

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг* олтинчи бўлимида маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ёш ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, маҳаллалар ҳамда аҳоли турар жойларининг қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид масалаларни ҳал этиш борасидаги ўрни ҳамда аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари белгиланган.

Давлат дастурини бажариш доирасида маҳаллалар ва қишлоқларни обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилади. Шу мақсадда «Замонавий маҳалла» меъморчилик-режалаштириш намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилади, мавзе ва маҳаллалардаги йўллар ва кўчаларни капитал ва жорий таъмирлаш, шунингдек, уларнинг ташқи ёритиш тизимларини қайта тиклаш, реконструкция ва модернизация қилиш, капитал таъмирлаш дастури тасдиқланди. Намунавий лойиҳаларга мувофиқ якка тартибдаги ва кўп қаватли турар-жойлар, биноларнинг олд қисмини ва томларини таъмирлаш, маҳаллалар ҳудудидаги ирригация ҳамда дренаж тизимларини янгилаш кўзда тутилган. Кўчалар ва йўлаклар замонавий услубда таъмирланади, уларнинг ёритиш тармоқлари энергия тежовчи технологияларни қўллаш ҳисобидан яхшиланади. Аввал қурилган болалар майдончаларини реконструкция қилиш ва янгиларини барпо этиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Мини-футбол, баскетбол ва волейбол машғулотлари учун спорт майдончалари кўпаяди.

2013-2015 йилларда кўкаламзорлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Маҳаллалар ичидаги кўчалар бўйларига ва махсус ташкил этиладиган «яшил» ҳудудларга ҳар йили 15 миллионта манзарали ва 29,5 миллионта мевали дарахт, шунингдек, 10 миллионта бута ҳамда гул кўчатлари экилади. Буларнинг барчаси дам олиш, аҳолини эстетик тарбиялаш ва соғломлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Турар-жойларнинг санитария ҳолатини янада яхшилаш, узоқ туманлардаги маҳаллаларни тоза ичимлик суви билан таъминлашни кенгайтириш, қишлоқда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳам белгиланган муҳим вазифалар сирасига киради.

Ушбу муҳим ишларнинг аксарияти Давлат дастурида режалаштирилган қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича «Обод уйим» лойиҳаси орқали амалга оширилади. Бу ишларга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам кенг жалб этилади.

Одамлар, айниқса, болалар ва ёшларнинг интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини янада тўлиқ таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратишга ҳам катта эътибор қаратилган. Шу мақсадда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги клуб муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш орқали 2013-2018 йилларга мўлжалланган Маданият, санъат ва аҳолининг дам олиш марказларини ташкил этишга доир Давлат дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолининг мазмунли дам олишини ташкил қилиш, халқ ижодиётини ривожлантириш, маданият муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида 2013-2015 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтиришга доир белгиланган комплекс тадбирлар шаҳарлар ҳамда маҳаллалар ҳудудларида санитария-экологик вазиятни янада яхшилашга қаратилган. Чиқиндиларни йиғиш бўйича фаолият кўрсатаётган пунктларни модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш, замонавий контейнерлар билан жиҳозлаш, шунингдек, махсус техника паркини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган машиналар ҳисобидан янгилаш шулар жумласидандир. Маиший чиқиндиларни йиғиш, транспортировка ва утилизация қилиш бўйича жаҳон амалиётида синовдан ўтган услублар жорий этилади. Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилишга оид инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Кейинчалик бундай лойиҳалар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилади, бу борада тегишли ҳудудий дастурлар қабул қилинади. Чунончи, уларнинг биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, компьютер ва бошқа техника воситалари, мебель билан таъминлаш, янги маҳалла гузарларини ташкил этиш ҳамда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш кўзда тутилган.

Ёрдамга, меҳр-мурувватга муҳтожлар ҳақида ғамхўрлик қилиш халқимизга хос азалий фазилатлардан бўлиб, истиқлол йилларида улар янада ривожланмоқда. Аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат тузилмаларидан ташқари жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида оилалар, болалар, ёлғиз қариялар ва ногиронларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилади ва болани вояга етказиш бўйича ижтимоий нафақалар тўланади. Қаровга муҳтож ёлғиз қариялар ҳар ой тегишли моддий ёрдам олади. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёлғиз пенсионерлар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилаларга куз-қиш мавсуми арафасида уйларини таъмирлашда ёрдам кўрсатилади. Наврўз, Мустақиллик байрамлари, Хотира ва қадрлаш куни арафасида эса кам таъминланган оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига совғалар топширилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Маҳалла мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар, ватанпарварлик, инсонпарварлик, жамият олдидаги ўз бурчи ҳамда масъулиятини чуқур англаш руҳида тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган улкан ишларда муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун жорий йилда «Маҳалладан бошланур Ватан» шиори остида комплекс маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Маҳаллалар раислари иштирокида ўтказиладиган «Меҳрдан яшнар кўнгил», «Бир болага етти қўшни ота-она» фототанлови, шунингдек, «Энг яхши маҳалла», «Энг намунали оила», «Энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи», «Намунали профилактика нозири» каби кўрик-танловлар шулар жумласидандир.

 

*Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.02.2013 йилдаги ПҚ-1920-сон қарори билан тасдиқланган.

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2605 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика