Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 7 / Паспорт масалалари

У шахсингизни тасдиқлайдиган асосий гувоҳнома

Катталар ва 16 ёшга тўлмаган болалар, республикадан ташқарига чиқиб кетаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини қандай қилиб олишлари мумкин? Бунинг учун ички ишлар органларига қандай ҳужжатларни тақдим этиш лозим?

– Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга1 мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортига қуйидаги маълумотлар қайд этилади: ҳужжатнинг номи ва тури, ким томонидан берилганлиги, шахслаштириш органи, эгасининг фамилияси, исми-шарифи, туғилган санаси, рақамли фотосурати, у ҳақдаги машинада ҳисобланадиган маълумотлар, биографик маълумотлар, қўл бармоқларининг излари.

Фуқаро паспорт олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойидаги кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига (хорижда – консуллик рўйхати органига) паспортининг амал қилиш муддати тугагач бир ойдан кечикмасдан, биринчи марта паспорт олаётган шахс эса 16 ёшга тўлганидан кейин бир ойдан кечикмасдан мурожаат этади. Фамилия, исм-шариф, миллат ўзгарганда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар учун ҳам ана шу муддат назарда тутилган.

Паспорт муддатидан аввал алмаштиришнинг зарурлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида унинг амал қилиш муддати тугашидан бир йил аввал берилиши мумкин.

Фуқаро паспорт олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклда биометрик паспорт бериш тўғрисидаги ариза (Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномага2 1-илова);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта паспорт олинаётганда);

илгари берилган паспорт;

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти расмийлаштирилади, берилади ва алмаштирилади:

шахс 16 ёшга тўлганда;

паспортнинг амал қилиш муддати тугаганида;

фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганида;

ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

алоҳида маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида;

паспорт бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

паспорт йўқотиб қўйилганида;

16 ёшга тўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётганида.

Паспорт эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан паспорт алмаштирилаётганида, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Ўқиш, халқаро спорт ва ижтимоий тадбирларда иштирок этиш, даволаниш, доимий яшаш, дам олиш учун хорижга чиқаётганда, шунингдек ота-она, васийлар, ҳомийлар республикадан ташқарига узоқ муддатли хизмат сафарига чиқиб кетишда 16 ёшга тўлмаган шахсларга амал қилиш муддати 5 йилдан ошмаган паспорт, 15 ёшдан катта, бироқ 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларга 10 йилга паспорт берилади.

Визали режимдаги мамлакатга чиқиб кетаётган 16 ёшга тўлмаган шахсга паспорт бериш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

белгиланган намунада муассаса ёки ташкилотнинг буюртманомаси – мазкур муассаса ёки ташкилот орқали чиқиб кетилганда;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

35 х 45 мм ўлчамли 4 фотосурат (вояга етмаган шахс таълим олаётган ўқув юрти тасдиқлаган хорижга чиқиш тўғрисидаги ариза-анкетага ёпиштириш учун);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирга яшайдиган ота-она, васий (ҳомий)ларнинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги;

фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни кузатиб борадиган шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти;

давлат божи ёки консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар тўланганлиги тўғрисида квитанция.

16 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онадан бири билан хорижга вақтинча чиқишда ота-онанинг иккинчиси розилик бериши шарт.

Визасиз режимдаги мамлакатга чиқиб кетаётган 16 ёшга тўлмаган шахсга паспорт бериш учун ариза-анкета ўрнига ота-она, ҳомийлар, васийларнинг эркин шаклдаги аризаси ёки ташкилот, корхона ёхуд муассасанинг илтимосномаси тақдим этилади.

Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ, экспертимиз.

Прочитано: 2758 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика