Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 7 / Паспорт масалалари

Паспорт ҳақида ўйлаганда ёки «даққиюнусдан қолган» усул ўрнига «электрон ҳукумат»

Киши бутун ҳаёти мобайнида тез-тез турли давлат муассасаларига боради. Қандайдир ҳужжатларни олиш учун у талаб қилинадиган маълумотлар, нусхалар ва керакли ҳуқуқни тасдиқлайдиган бошқа қоғозларни тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар айланиши муқаррар ҳол, чунки жамиятимиз ана шундай тузилган. Бироқ ҳужжатлар ҳақида сўз кетса, дарҳол «Бюрократия ҳудуди» бошланади. Бир томондан, ҳужжатлар билан ишлаш муайян қоидаларга бўйсуниши кераклигини ҳамма тушунади, бошқа томондан эса – шахсий тажриба давлат хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажаришидан доим ҳам кўнгил тўлмаслигидан дарак бериб туради.

Тўрачилик, яъни бюрократия машинаси аввало навбат кутишлар, мунозаралар билан бирга сансалорлик келтиради. Ўз кузатишларимга кўра Навоийда кишиларнинг узундан-узун навбатлари 3 жойда – вилоят маркази ҳокимлигининг кадастр хизмати бўлими, 2-сон нотариал идора ва шаҳар ИИБнинг паспорт столида мавжуд. Дастлабки икки жойда навбатни, эҳтимол, ташкилий-техник муаммолар келтириб чиқарса керак. Ўша иккинчи нотариал идора, нотариал хизматлар кўрсатишдан ташқари, кўчар мулк билан боғлиқ барча битимларни бир ўзи рўйхатдан ўтказади. Хуллас, идоранинг тўрт нафар нотариусида ишлар бошдан ошиб-тошиб ётибди.

Паспорт столида эса тўрачилик бутун бўй-басти билан намоён бўлмоқда дейиш мумкин. Ҳатто керагидан ортиқча ортиқча ҳам бор. Буни 16 ёшга тўлган, биометрик паспорт олиши керак бўлган фарзандим учун ҳужжатлар тўплаб, паспортчилар билан мулоқотлар ўрнатгандан кейин тушуниб етдим.

Биз паспорт столига қуйидаги ҳужжатларнинг кўчирма ва асл нусхаларини тақдим этишимиз керак эди:

биометрик паспорт берилиши тўғрисида ариза;

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

яшаш жойидан маълумотнома;

ўқиш жойидан (мактаб) маълумотнома;

никоҳ гувоҳномаси (ота-онанинг ҳужжати);

ариза берувчининг таржимаи ҳоли;

онанинг таржимаи ҳоли;

отанинг таржимаи ҳоли;

ота-она паспортларининг нусхалари;

уй дафтаридан белги қўйилган варақлари нусхаси;

давлат божи тўланганлиги тўғрисида чек.

Кейин виза ва рухсатномалар бўлимига келиш ва суратга тушиш керак. Бу ерда вилоятда ягона бўлган, биометрик паспортларга сурат олинадиган кабинет жойлашган. Шунчаки келиб, суратга тушишнинг иложи йўқ. Аввал фамилиянгиз рўйхатда бор-йўқлигини ва қабул кунини билиш зарар қилмайди. Бутун минтақада ягона мўъжизали техникаси бўлган кабинет ҳафтанинг ҳар бир кунида муайян шаҳар ва туманларга бириктирилган. Айтайлик, душанбада фақат Хатирчи ва Нурота туманлари аҳолиси суратга тушади. Навоийликларга бу, одатда, ноқулайлик туғдиради, бироқ бошқа илож йўқ. Учқудуқ, Томди, Зарафшон аҳолиси учун эса вилоят марказига келиб суратга тушиш арзонга тушмайди.

Бу ҳаммаси эмас. Барча ҳужжатлар алоҳида йиғмажилдга тўпланганидан кейин улар шаҳар маъмурияти ҳузуридаги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг тавсиялари асосида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинади. Шу билан «томоша» якунига етади.

Мантиқан олиб қараганда, республиканинг 16 яшар бўлғуси фуқаросига Ўзбекистон фуқароси паспортини беришда комиссиянинг хулосалари ва маҳаллий маъмурият раҳбарининг қарори қандай аҳамиятга эгалигини тасаввур этиш қийин. Амалдорлар «паспорт берилмасин» деган ҳукм чиқаришлари учун ўсмир қандай гуноҳлар қилган бўлиши мумкинлигини ақлимга сиғдира олмайман. Нима учун республикамизда туғилган, биринчи марта паспорт олаётган шахс учун ўз ҳуқуқларини тасдиқлашда туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ва яшаш жойидан маълумотноманинг ўзигина етарли эмаслигини ҳам тушуниш мушкул. Ўсмир ва унинг ота-онаси таржимаи ҳолларини тақдим этиш талаби ҳам ғоятда таажжуб уйғотади. Бу таржимаи ҳолларнинг бола паспорт олишига қандай алоқаси борлиги тушунарсиз.

Таржимаи ҳолда 16 яшар қиз нима ҳам ёза оларди? Албатта, икки-уч қатор ёзиш мумкин: қачон ва қаерда туғилган, қайси мактабда ўқийди. Таржимаи ҳол қисқагина бўлиб чиқади. Шу боис бир оз кўпиртириш, «моҳир қўллар» тўгарагида шуғулланаман деб ёзиш мумкин. Барибир ҳеч ким текшириб ўтирмайди. Мен идоранинг манфаатларини ҳисобга олиб, боланинг таржимаи ҳолини ёзиб, унга қуйидагиларни қўшиб қўйдим: «илгари судланмаганман, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмаганман, милициянинг болалар хонасида ҳисобда турмайман».

Албатта, яна «мукофотлар олмаганман, халқ ҳокимияти органларига сайланмаганман, илмий асарларим йўқ...» деб ёзиш ҳам мумкин эди. Бироқ бу ҳақда ке-йинроқ ўйлаб қолдим. Ҳужжатларни қабул қилиб олаётган милиция сержанти ғалати мазмундаги таржимаи ҳол бўйича ортиқча саволлар бермади. У ўқиб ҳам ўтирмади. Шунчаки талаб қилинаётган ҳужжатларнинг борлигини текширди, шу билан тарқадик.

Паспорт столига сафарлар вақтида ҳатто навбатда туриш муаммосининг ҳам ечими топилди. Бу усул оригинал бўлмаса-да, бироқ фойдаси тегади. Агар эрта тонгдан келиб олинса, айниқса бошлиқнинг кабинетига кириш керак бўлса, навбатда тушлик вақтигача туриш мумкин. Муассасага тушлик танаффусдан ёки иш куни тугашидан ярим соат олдин келинса, иш тез битаркан. Навбат ҳам камайиб қолган, паспорт столи ходимлари ҳам охирги келганлар билан ишни тезроқ тугатишга ҳаракат қиладилар.

Албатта «даққиюнусдан қолган» усуллар билан бюрократиядан халос бўлиш ва давлат хизматлари самарадорлигини ошириш муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Бироқ уни ҳал этиш калити бор, у «электрон ҳукумат» деб аталади. Давлат органлари фаолиятини ташкил этиш ушбу янги шаклининг асосий хусусияти ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳисобланади. Улар фуқаролар ва ташкилотларга хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги даражасини таъминлайди. Электрон ҳукуматни жорий этишнинг долзарблигини бугунги кунда баҳолаш қийин – технологияларнинг арзонлашиши ва Интернетнинг ҳамма жойга кириб бориши жамиятда АКТ истеъмолининг барқарор ўсишига олиб келди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари туфайли ахборот технологиялари Ўзбекистонда фаол жорий этиляпти. Электрон давлат хизматларини оммавийлаштириш мақсадида зарур чоралар ва дастурлар қабул қилиняпти. Масалан, мамлакат солиқ органлари 2014 йилнинг охиригача солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларини электрон шаклда қабул қилишга ўтишлари керак.

Навоий вилоятида вилоят ва маҳаллий маъмуриятларнинг сайтлари ишлай бошлади. Улар алоҳида хусусиятлари билан фарқланмайди ва хизматларнинг стандарт пакетларини тақдим этади. Ҳокимликларнинг интерактив хизматларида фаолиятнинг баъзи бир лицензияланадиган турлари тақдим этилган. Тадбиркорлар нафақат қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини билибгина қолмай, бланкалар шаклларини чиқариб олишлари ҳам мумкин. «Мурожаат қилиш тартиби» бўлимида маъмурият бошлиғининг номига online-қабулхонага ариза топшириш имконияти мавжуд.

Виртуал маконда бизнес учун ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилаётган тижорат тузилмаларининг сайтлари ҳам анча оммалашган. Улар давлат тузилмаларининг хизматлари билан рақобатлаша олмасалар-да, бироқ, бир-бирларини тўлдириб, барибир ўзаро муносабатда бўлишларига тўғри келади. Масалан, вилоят ва Навоий шаҳар ҳокимликлари сайтларида «ЦИТО-Навоий» МЧЖнинг интернет-порталида минтақа ва шаҳар, уларнинг тарихи, инфратузилмаси, иқтисодий салоҳияти тўғрисида хилма-хил ахборотлар бор. Бироқ, фикримча, тижорат порталида улар қизиқарлироқ ва жозибадорроқ жойлаштирилган, зеро маълумотлар истеъмолчиларнинг кенг доирасига қаратилган. Мисол учун «ЦИТО-Навоий» отель ва меҳмонхоналар, уларнинг жойлашиш жойи, алоқа боғлаш телефонлари ва ҳоказолар тўғрисида тўлиқ ахборот беради. Бунинг устига давлат тузилмаларининг сайтларига очиқ-ошкоралик етишмайди. Чунончи, вилоят маъмурияти раҳбарининг сайтида «Ҳокимнинг қарорлари» бўлими мавжуд, бироқ унда ҳоким имзолаган қарорлар тўғрисидаги ахборотнинг ўрнига унинг лавозим ваколатлари рўйхати баён этилган. Фаолиятнинг лицензияланган турлари реестрларида махсус рухсатномалар олган корхоналар тўғрисида бирор-бир сатр йўқ.

Эҳтимол, интерактив хизматлардан фойдаланувчилар кўпайган сари бу «касалликлар»нинг ҳаммаси барҳам топиб қолар. Вақти келиб Интернетга уланган компьютерни телевизорни ҳар қадамда учратганимиздек учратадиган бўлганимизда, албатта, шундай бўлади ҳам.

Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

Прочитано: 2722 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика