Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 7 / Хўжалик ҳуқуқи

Шартномани имзолангунча ўқиб чиқинг. кейин ҳам ўқинг

Мен қиймати 20 000 000 сўм бўлган ускунани ихтисослашган лизинг компанияси орқали лизингга харид қилдим. Шартномада 30% – 6  000 000 сўмни ўз пулларим билан тўлашим, қолган 70%, яъни 14 000 000 сўмни лизинг компанияси тўлаши назарда тутилган эди. Шунингдек унда лизинг компаниясининг хизматлари учун мен шартнома суммасидан йиллик 24%ни тўлашим қайд этилган. Бироқ тўлов жадвалини кўрганимда, маълум бўлишича, мен ҳар ойда 400 000 сўм фоизни тўлашим керак экан, бу эса амалда ускунанинг тўлиқ қийматидан, яъни 20 000 000 сўмдан ойига 2%ни (йиллик 24%ни) ташкил этади. Аммо мен ўз пулим билан 6 000 000 сўм тўлаган эдим-ку. Лизинг компаниясининг ҳаракатлари қанчалик тўғри?

Азиз.

– Фуқаролик кодексининг 590-моддасига ва «Лизинг тўғрисида»ги Қонун (14.04.1999 йилдаги 756-I-сон) 22-моддасининг биринчи қисмига кўра лизинг тўлови лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади. «Лизинг тўғрисида»ги Қонун 22-моддасининг иккинчи қисмида айтилишича: «Лизинг тўловлари шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тақсимланади ва бўлиб-бўлиб тўланади. Лизинг тўловларининг миқдорлари ва даврийлиги лизинг шартномаси билан белгиланади».

Шу тариқа, қонун шартнома тарафларига лизинг тўловларини тўлашнинг миқдори ва даврийлигини мустақил белгилаш ҳуқуқини беради.

Сиз лизинг шартномасини аниқ тарзда кўриб чиқишингиз ва шартнома суммасининг нимадан иборатлигини аниқлашингиз керак. Агар бу сумма қийматнинг лизинг берувчи тўлайдиган қисми бўлса, тўлов жадвали (кўпинча у шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади) нафақат нотўғри, балки қонунга хилоф ҳолдир ва лизинг берувчи мансабдор шахснинг ҳаракатлари фирибгарлик деб баҳоланиши керак (Жиноят кодексининг 168-моддаси). Чунончи, Олий суд Пленумининг 24.07.2009 йилдаги 8-сон қарори 4-бандига мувофиқ фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд мулк эгаси (30% – сизнинг мол-мулкингиз) ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади. Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти тааллуқли бўлиши мумкин.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш киради. Мазкур ҳолда мансабдор шахс – лизинг берувчининг ҳаракатлари математик алдаш йўли билан лизинг тўловларининг ҳақиқий миқдорини яширишга йўналтирилган.

Агар шартнома суммаси лизинг объектининг тўлиқ қиймати билан белгиланса, лизинг берувчининг ҳаракатларини қонуний дейиш мумкин. Тўлов таомилини тўлиқ тушуниш учун лизинг берувчи билан шартнома шартларини муҳокама қилиш ва лизинг берувчининг ўзи тўлаган суммага (лизинг объекти қийматининг 70%и) фоизларнинг реал миқдорини кўрсатиш маъқул бўлади.

Жавобларни юрист Алексей НИЯЗМЕТОВ тайёрлади.

Прочитано: 2640 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика