Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 7 / Парламент хабарлари

Қонунчилик палатасида

ОМБУДСМАН ҲИСОБОТИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. С.Рашидованинг маърузасида Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш борасида тегишли ишларни амалга оширганлиги таъкидланди. Омбудсман фаолиятида ҳисобот даврида давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қонун ҳужжатларининг риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгини ошириш масалаларига катта аҳамият берилди.

2012 йилда Омбудсман манзилига фуқаролардан 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Омбудсман ўз фаолияти билан боғлиқ мавзулар бўйича 50 дан ортиқ тадбирда иштирок этди. Европа, Осиё, МДҲ мамлакатлари омбудсманлари билан амалий алоқалар ўрнатилди.

 

МАҲАЛЛА – ҲАМ ОТАНГ, ҲАМ ОНАНГ

Депутатлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун ло-йиҳасига алоҳида эътибор қаратдилар. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтиришга, уларнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги вазифаларини янада кенгайтиришга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантиришга қаратилгандир.

Хусусан, тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, маҳаллалар тегишли маслаҳат марказларини ташкил этиш бўйича ваколатлар олиши назарда тутилган бўлиб, бу маслаҳат марказлари тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни хоҳловчиларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этади, тадбиркорлик фаолияти субъектларини мавжуд имтиёзлар ва бериладиган афзалликлар ҳақида хабардор қилади, ёшларни ишга жойлаштиришга, уларнинг ташкилотлар ва ҳунармандларга бириктириб қўйилишига кўмаклашади.

Янги таҳрирда, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширишини, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлашини, фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи кишиларни иш билан таъминлашини белгилаб қўйиш таклиф этилмоқда.

 

ОҚСОҚОЛ ЮМУШДАН ЧАРЧАМАЙДИ

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш концепцияси билан «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни қабул қилиш назарда тутилади. Ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раислари сайлови тизимини янада такомиллаштиришга, уларни ўтказиш сифатини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришда ошкораликни оширишга, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини таъминлашда маҳалланинг аҳамияти ва ролини оширишга доир чора-тадбирлар қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилишини назарда тутади.

Лойиҳада фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қўйиладиган бир қатор қўшимча талаблар, хусусан, камида 5 йиллик ўтроқлик цензи, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ёхуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга бўлиш зарурлиги белгилаб қўйилмоқда.

 

ТУЗАТИШЛАР, ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР

Депутатлар амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чора-тадбирларини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни назарда тутади. Тузатишлар «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Хўжалик процессуал, Божхона, Солиқ кодексларига, мамлакатимизнинг бошқа қонунларига киритилмоқда.

 

АКЦИЯДОРЛАР – ХЎЖАЛИК СУДИГА

«Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси хўжалик судларида иш юритишни янада такомиллаштириш, судлар ва процесс иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар алмашинуви тизимини соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиш, уларга суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини электрон почта орқали юбориш учун хўжалик судлари замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиши назарда тутилган.    Хўжалик суди билан процесс иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжат айланиши тизимининг жорий этилиши одил судловнинг ошкоралигини кўпроқ таъминлашга қаратилгандир. Бундан ташқари, акциядор ва акциядорлик жамияти, бошқа хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг иштирокчилари ўртасида уларнинг фаолиятидан келиб чиқадиган низоларнинг, меҳнат низолари бундан мустасно, хўжалик судларига тааллуқлилигини назарда тутувчи норма жорий этилмоқда.

 

Қонунчилик палатаси батафсил муҳокамадан сўнг юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларининг концепцияларини маъқуллади ва депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда уларни биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати материаллари асосида.

Прочитано: 2378 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика