Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 4 / Хўжалик ҳуқуқи

Филиаллар нималарга ваколатли?

Шаклни танлаймиз

ОАЖ лойиҳани амалга ошириш тендерида ютиб чиқди. Мазкур соҳада илгари ишламаганимиз боис лойиҳа бўйича ишларни бажариш учун ОАЖ филиали ёки таркибий бўлинмасини (дирекция, департамент ва бошқалар) барпо этишни ўйлаяпмиз. Бундай таркибий бўлинмаларнинг афзаллик ва камчиликлари нимадан иборат?

 

– Фуқаролик кодекси (ФК) 47-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ филиал юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир. Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради.

Дирекция, департамент ва бошқа шу сингари таркибий бўлинмалар одатда юридик шахс жойлашган жойда барпо этилади, у ҳақидаги низомга асосан қатъий белгиланган вазифаларни амалга оширади. Бўлинмаган мол-мулк ажратилмайди. Унинг раҳбари одатда шартномалар тузиш, ишга қабул қилиш, ОАЖ номидан ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

Лойиҳани амалга оширишни ташкил этишни ўйлаганда бўлинмалар турли шаклларининг имкониятлари ҳамда камчиликларини таҳлил қилиш лозим. Чунончи, филиалга қуйидаги афзалликлар берилган:

1) ўзининг муҳр ва штампларига эга (Муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг1 45-банди, бундан ке-

йин – 1077-сон Низом);

2) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағини очиш ҳуқуқига эга (Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқноманинг2 14-банди, бундан кейин – 1948-сон Йўриқнома);

3) мустақил бухгалтерия ҳисобини юритади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг3 3-моддаси);

4) уни ва бошқа ҳисобот шаклларини албатта ОАЖнинг умумлаштирилган ҳисоботига киритиш йўли билан унга мустақил баланс ажратилиши мумкин («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси);

5) ўзининг солиқ мажбуриятлари бўйича мустақил жавоб бериши мумкин (Солиқ кодексининг (СК) 35-моддаси);

6) солиқ мажбуриятини мустақил равишда бажарадиган филиаллар ўзининг жойлашган еридаги ёки фаолиятни амалга ошираётган жойидаги солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилиши керак (СКнинг 79-моддаси);

7) филиал ходимларини ишга қабул қилишни филиал раҳбари амалга оширади (Меҳнат кодексининг (МК) 15-моддаси).

Айни вақтда шуни эътиборга олиш лозимки:

l акциядорлик жамиятларининг филиали фаолияти учун уларни барпо этган АЖ жавоб беради («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг4

8-моддаси, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун);

l филиал фаолияти билан боғлиқ қарзлар бўйича юридик шахс ўзига тегишли бўлган барча мол-мулк билан жавоб беради (ФКнинг 48-моддаси);

l кредитор исталган вақтда АЖга филиал фаолияти билан боғлиқ эътирозлар билдириши мумкин (Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 162-сон қарори5 9-бандининг иккинчи, учинчи хатбошилари);

l хўжалик судлари филиалга нисбатан даъволарни қондириш чоғида ҳукм қилинган суммани филиаллардан эмас, балки айни мазкур ишга жалб этилган юридик шахслардан ундирадилар (ОХС Пленуми 162-сон қарорининг 9-банди учинчи хатбошиси).

Агар лойиҳани амалга ошириш учун алоҳида бўлмаган таркибий бўлинмани (дирекция, департамент ва бошқалар) танласангиз, унда:

1) барча хўжалик шартномалари таркибий бўлинма номидан эмас, балки ОАЖ номидан тузилади;

2) унинг фаолияти учун ОАЖ раҳбари шахсан жавобгар бўлади;

3) таркибий бўлинма ўз муҳрини тайёрлаш ҳуқуқига эга. Бироқ ундан юридик шахс  номидан келиб чиқадиган ҳужжатларни, яъни шартномалар, хатлар, буйруқларни тасдиқлаш учун фойдаланиш мумкин эмас (1077-сон Низомнинг 12-банди);

4) у банкларда ҳисобварақ очишга ҳақли эмас (1948-сон Йўриқнома);

5) у мустақил бухгалтерия ҳисобини юритишга ҳақли эмас («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун);

6) ходимларни ишга қабул қилиш ОАЖ раҳбарининг буйруғи асосида амалга оширилади, чунки таркибий бўлинма иш берувчи бўла олмайди (МКнинг 15-моддаси).

Лойиҳани амалга ошириш учун ОАЖнинг алоҳида бўлмаган таркибий бўлинмасини барпо этиш афзалликлари орасида фаолиятни янада тезкор назорат қилиш, шунингдек уни акциядорлик жамияти директорининг буйруғи билан барпо этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш имкониятини айтиш мумкин.

Шу тариқа, лойиҳани амалга ошириш учун филиал ёки бошқа таркибий бўлинмани (дирекция, департамент ва ҳоказо) барпо этиш тўғрисидаги қарорни бўлғуси ишнинг ўзига хос хусусиятлари, уни бажариш миқёслари ва хусусиятлари ҳамда бошқа омилларидан келиб чиқиб қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Устав муносабатлари

ОАЖнинг кузатув кенгаши филиални барпо этиш ва унинг низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. ОАЖ уставида ОАЖнинг республикада фаолият юритаётган учта филиалининг номи ва жойлашган жойи ҳақида ахборот мавжуд. Биз яна бир филиал барпо этилиши муносабати билан уставга ўзгартиришлар киритишимиз керакми?

– АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ жамият уставида унинг филиаллари ҳамда ваколатхоналари тўғрисида маълумотлар берилган бўлиши керак. Мазкур меъёр бундай маълумотлар қандай шаклда бўлишини белгиламаганлиги муносабати билан, фикримизча, уставда филиаллар барпо этилиши ва фаолияти тўғрисида умумий кўрсатмалар бўлиши етарлидир. Филиалнинг таркиби ва фаолияти тўғрисидаги аниқ меъёрлар у тўғрисидаги низомда баён этилиши керак.

АЖ тўғрисидаги Қонун 82-моддасининг йигирма иккинчи хатбошисига кўра филиалларни барпо этиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш кузатув кенгашининг мутлақ ваколатлар доирасига киради. Шу сабабли ОАЖ филиали барпо этилган тақдирда акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш ва жамият уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш талаб қилинмайди.

Айни пайтда шуни назарда тутиш лозимки, агар ОАЖ уставида учта филиалнинг номи ва почта манзиллари кўрсатилган бўлса, нима учун улар тўғрисидаги маълумотлар уставда бору, тўртинчи филиал тўғрисида ахборот унда кўрсатилмаган, деган саволлар туғилмаслиги учун, унинг матнидан филиалларнинг номи ва почта манзилларини чиқариб ташлаш таклиф қилинади. Айни вақтда уставга филиалларни барпо этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисида умумий қоидаларни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур янгиликлар акциядорлар умумий йиғилишининг уставга ўзгартиришлар киритиш ва уларни тегишли рўйхатдан ўтказиш органида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан амалга оширилади (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 16 ва 18-моддалари).

 

Шартнома муддатга асосланади...

Бизнинг ОАЖ 24 ой ичида объектни қуриб битказиши керак. Лойиҳани амалга ошириш учун биз қарийб 50 кишини ишга қабул қилишимиз лозим. Ходимлар билан меҳнат шартномасини фақат лойиҳа муддатига тузиш мумкинми?

 

– МКнинг 75-моддасига кўра меҳнат шартномалари номуайян муддатга; беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга; муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Иккинчи ва учинчи ҳолларда муддатли меҳнат шартномалари тузилади. Уларни тузиш учун МКнинг 76-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлиши лозим. Уларнинг бири бўлғуси ишнинг хусусиятидир, яъни бажарилиши учун ходим қабул қилинган ишни, муайян давр тугаганидан кейин, объектив сабабларга кўра давом эттириш мумкин эмаслиги олдиндан маълумлигидир. Лойиҳанинг амал қилиш муддатига ишга жойлашиш бўлғуси ишнинг муддатли хусусияти, яъни лойиҳанинг тугашига қадар бўлиши билан асосланади. Айни вақтда, гарчи ходим муддатли тусдаги ишни бажариш учун ишга қабул қилинган бўлса-да, унинг тугаш санасини аниқ белгилаш мушкул. Зеро қурилиш объектини топшириш чоғида буюртмачида кўп ҳолларда эътирозлар юзага келади. Шу муносабат билан уларни бартараф этиш зарурати юзага келади. Қуриб битказилган объектни топшириш кейинроқ (ёки олдинроқ) амалга оширилиши мумкин, объект қурилиши бўйича ишларнинг бутун ҳажмини тугаллаш бўйича меҳнат мажбуриятларини бажариш заруратини юзага келтирадиган бошқа ҳолатлар ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу сабабли ишга қабул қилинаётган ходимлар билан лойиҳани амалга ошириш учун муайян ишни бажариш вақтига меҳнат шартномасини тузиш тавсия қилинади, унда ишни бажаришнинг календарь санаси кўрсатилади, меҳнат шартномаси амал қилишининг тугашини эса лойиҳа бўйича қурилишнинг якунланиши тақозо этади. Лойиҳа бўйича ишларни бажариш вақтига тузилган меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилиниши мумкин. Бироқ бу шартнома тузган ходим билан меҳнат муносабатларини бошқа асослар бўйича бекор қилиш мумкин эмаслигини билдирмайди.

Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан меҳнат муносабатларини бекор қилишга унинг муддати тугаган кунда ҳам, у тугагандан кейин бир ҳафта мобайнида ҳам йўл қўйилади (МКнинг 105-моддаси). Бунда шартноманинг исталган тарафи мазкур асосга кўра, ҳатто бошқа тарафнинг хоҳишига қарши бориб, бекор қилишга ҳақлидир. Шуни таъкидлаш лозимки, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шартнома муддати тугаши муносабати билан меҳнат муносабатларини бекор қилишга қарор қилган тарафнинг бу ҳақда иккинчи тарафни олдиндан хабардор қилиш мажбурияти назарда тутилмайди, чунки муддатли меҳнат шартномасини тузиш чоғидаёқ тарафлар унинг тугаш муддатини биладилар.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади. Шуни таъкидлаш лозимки, бир ҳафталик муддатни ўтказиб юборишни амалдаги қонун ҳужжатлари ҳеч қандай ҳолатлар ва узрли сабаблар билан боғламайди. Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш таътилида бўлиш, халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси ёки ҳимоячиси сифатида иштирок этиш даврларида ва бошқа сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда ҳам шартнома муддатининг тугаши билан меҳнат муносабатларини бекор қилишга йўл қўйилади.

 

Шартнома тузишга ҳақли

Агар ижро этувчи агент бўлиб ОАЖ ҳисобланса, лойиҳани амалга ошириш учун барпо этилган ОАЖ филиали унинг амал қилиш даврида хўжалик шартномаларини мустақил тузиш ва бажариш ҳуқуқига эгами? Филиал ўз номидан буюртмачи билан бажарилган ишлар далолатномалари, ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириши мумкинми?

 

– ФК 47-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ филиал юридик шахснинг ...унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддасига кўра филиал фаолияти учун жавобгарлик уларни тузган акциядорлик жамияти зиммасида бўлади. Филиалнинг ваколатлари, шу жумладан шартномаларни тузиш бўйича ваколатлари у тўғрисидаги низом билан белгиланади. Филиал раҳбарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ОАЖ берадиган ишончномада назарда тутилади.

Шу тариқа, шартномаларни тузиш ва ижро этиш имконияти (ёки имконсизлиги) локал ҳужжатларда – филиал тўғрисидаги низом ва унинг раҳбарига бериладиган ишончномада кўрсатилиши керак. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, ҳатто агар ОАЖ филиал раҳбарига шартномаларни тузиш ва ижро этиш ҳуқуқини берганда ҳам бу филиал лойиҳа бўйича ишларни бажариш даврида ОАЖ мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади деган маънони англатмайди, чунки унинг ижрочиси акциядорлик жамиятидир. Ана шу сабабга кўра филиал ўз номидан бажарилган ишлар далолатномалари, ҳисобварақ-фактуралар ва лойиҳа буюртмачиси билан бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда имзолашга ҳақли эмас. Уларни буюртмачи ва ОАЖ имзолаши керак.

Лойиҳани амалга оширишда филиал иштирокини тўғри расмийлаштиришни таъминлаш учун қуйидагиларни тавсия қиламиз:

  • лойиҳанинг бевосита ижрочиси бўлиб ОАЖ филиали ҳисобланиши тўғрисида буюртмачини хабардор қилиш;
  • филиал раҳбарига берилган ишончномада унинг ваколатлари ва лойиҳани амалга ошириш учун жавобгарлигини аниқ қайд этиш;
  • учинчи шахслар билан тузиладиган шартномаларда лойиҳани амалга оширишда филиал ОАЖ номидан фаолият юритишини кўрсатиш;
  • филиал томонидан бажарилган ишларнинг акциядорлик жамиятига топширилиш ва уларни имзолаш учун буюртмачига тақдим этиш тартибини белгилаш.

 

1Ички ишлар вазирининг АВ томонидан 27.10.2011 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

330.08.1996 йилдаги 279-I-сон.

426.04.1996 йилдаги 223-I-сон.

5«Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида».

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 3837 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика