Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 4 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

Бозор иқтисодиёти шароитларида ҳам ходимни ҳимоя қилиш лозим

Мамлакатимизда амал қилаётган Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган эди. Ўшандан буён мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий соҳасида катта ўзгаришлар юз берди. Шундай бўлса-да, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка кенгроқ эркинлик бериш, ички ва ташқи инвесторларни жалб этиш бўйича умумий тамойиллар, ХМТнинг зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги* ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги** конвенциялардан келиб чиқадиган Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш йўли билан иш берувчилар ва ходимлар манфаатларининг мувозанатини таъминлаши керак.

Ана шу мақсадда «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у Қонунчилик палатасининг биринчи ўқишида кўриб чиқилди. Унда 2 моддани чиқариб ташлаш, 14 моддага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Меҳнат кодексига янгидан 2 модда киритиш назарда тутилган.

 

Чунончи, Меҳнат кодексининг 57-моддасига таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчалар фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича воситачилик фаолияти билан шуғулланадиган тижорат ташкилотларига (кадр агентликларига) мурожаат қилиш йўли билан ишга жойлаштириш/иш қидириш имкониятини кенгайтиради. Қонун лойиҳаси улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ҳам қайд этади. 84-моддага киритиладиган янгилик таълим муассасаларининг ишга биринчи марта кираётган битирувчиларини ишга қабул қилиш чоғида дастлабки синовни белгилашни тақиқлайди.

121-модда давлат байрамлари арафасида ёки улардан кейин иш кунларини кўчириш чоғида қисқартирилган меҳнат режимини ўрнатиш тартибини белгилайди. 150-модда эса иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш муддатини 3 ой қилиб чеклайди. 239-модда ишга биринчи марта кираётган 18 ёшга тўлмаган шахсларни, шу жумладан олий ўқув юртида давлат грантлари бўйича ўқиган таълим муассасаларининг ундан катта ёшдаги битирувчиларини ишга қабул қилишда бериладиган кафолатларни кенгайтиради.

Меҳнат кодексига 2 та янги модда киритилади.

1021-модда ходимларни оммавий тарзда бўшатиб олиш шартлари ва мезонларини белгилаши керак (бу нарса ривожланган мамлакатларнинг амалиёти ва халқаро нормаларга мувофиқ келади). Чунончи, ХМТнинг меҳнат муносабатларини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги 158-сон конвенцияси*** ишдан бўшатиш режалаштирилаётган меҳнаткашларнинг миқдори кам деганда ходимларнинг муайян миқдори ёки фоизини ташкил этадиган ҳоллар учун чеклашни назарда тутади. Саноати ривожланган 27 мамлакатнинг 21 таси, шу жумладан Япония, Англия, Германия, Канада қонун ҳужжатларида эса иқтисодий ва ташкилий тусдаги сабаблар бўйича 10 нафардан ортиқ ходим жамоавий (оммавий) ишдан бўшатилганида чеклашлар мавжуд.

Киритиладиган 1021-модда ходимларнинг ўртача рўйхат миқдори қуйидагича бўлган корхоналар учун оммавий ишдан бўшатишнинг мазкур миқдор мезонларини белгилайди:

100 кишига қадар – 10 нафардан ортиқ ходимнинг;

100 дан 300 нафаргача бўлса – ходимларнинг 10%и;

300 дан 1 000 нафаргача бўлса – ходимларнинг 5%и;

1 000 нафар ва ундан кўп киши бўл-са – ходимларнинг 3%и;

шаҳар ҳосил қилувчи ва уларга тенглаштирилган корхоналар учун – ходимларнинг 1%и. Ана шу нисбатдаги ходимлар ишдан бўшатиб олинса, оммавий ишдан бўшатиш деб ҳисобланади.

Янгидан киритиладиган 1251-моддада ўриндошлик бўйича, бир неча касбни (лавозимни) бирга олиб бориш, хизмат кўрсатиш зоналарини кенгайтириш ва бажариладиган ишлар ҳажмларини кўпайтириш чоғида ишлашнинг умумий тартиби берилган.

Кодекснинг 251 ва 252-моддаларини долзарблигини йўқотган моддалар сифатида чиқариб ташлаш таклиф қилинади. Бу ҳам ўринли таҳрир – зеро уларда ишчи ёшларнинг кечки мактабларида таълим оладиган ходимлар учун иш кунини қисқартириш назарда тутиладиган қоидалар келтирилган.

Ушбу қонунни қабул қилиш қўшимча моддий харажатларни талаб қилмайди ва давлат даромадларини қисқартириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни талаб қилмайди. Айни вақтнинг ўзида бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни ўз кучини йўқотган деб топиш талаб этилмайди. Бироқ у ёлланма ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш имконини беради.

 

*Женева, 28.06.1930 йил. ЎзР ОМнинг 30.08.1997 йилдаги 492-I-сон қарори билан ратификация қилинган. 1932 йил 1 майдан кучга кирган.

**Женева, 17.06.1999 йил. ЎзРнинг 8.04.2008 йилдаги ЎРҚ-144-сон Қонуни билан ратификация қилинган. Ўзбекистон учун 2009 йил 24 июндан кучга кирган.

***Женева, 22.06.1982 йил. 1985 йил 3 ноябрдан кучга кирган.

Насимжон АЛИМОВ,

Қонунчилик палатаси

депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Прочитано: 2411 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика