Жаҳон божхона ташкилотининг 1993 йил 25 январдаги қарорига асосан 26 январь Халқаро божхоначилар куни сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади. Бу кунни нишонлайдиган жаҳоннинг 800 мингдан зиёд божхоначилари орасида 4 мингдан ортиқ Ўзбекистон божхонаси ходимлари ҳам бор.
Айтиш керакки, дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши айнан Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар улушига тўғри келади. Ўзбекистон ҳам 1992 йил 28 июлдан бери мазкур ташкилотга аъзо ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2012 йилда божхона тўловлари бўйича давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2011 йилдагига нисбатан 44,6 фоизга кўпайган. Ўтган йилда республикамиз божхона постларида 341 мингдан ортиқ божхона юк декларацияси расмийлаштирилди. Уларнинг салкам 74 мингтасини экспорт божхона юк декларациялари ташкил қилади.
2012 йил давомида божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига оид 24 минг 179 та ҳолатлар аниқланди. Уларни бартараф этиш натижасида 107,6 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги ноқонуний олиб ўтилган товар-моддий бойликлар олиб қўйилди. Аниқланган ҳолатларнинг 877 таси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, салкам 22 мингтаси бўйича маъмурий ишлар юритилган.
Жаҳон божхона ташкилоти томонидан бериладиган «Хизмати учун» дипломи билан бугунга келиб 60 нафар ўзбекистонлик божхоначи тақдирланган.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Матбуот хизмати катта инспектори.