Norma.uz
Норма маслахатчи / 2012 йил / № 52 / Хўжалик ҳуқуқи

Директор ишончномасиз ҳам директордир

Мен компания раҳбариман, Тошкентдан Урганчга хизмат сафарига йўл олдим. Қайтишга чиптани олдиндан харид қилмадим, чунки Бухорога автотранспортда боришни ҳам режалаштирган эдим. Бироқ вазият ўзгариб, тўғри Тошкентга қайтиш керак бўлиб қолди. Урганчдаги авиакассага келдим, паспортим ва директор сифатида менинг номимга расмийлаштирилган корпоратив банк картасини тақдим этдим. Кассада менга чипта сотишдан бош тортиб, аввал хизматлар кўрсатишга шартнома тузишни талаб қилишди. Касса ходимлари билан узоқ мубоҳаса қилиб, шартнома керак эмас, бироқ корпоратив банк картаси бўйича чипта ҳақини тўлашим учун ташкилотдан ишончнома тақдим этишим кераклиги хусусида битимга келдик. Мен мазкур ҳаракатларни авиачипталарни корпоратив карта бўйича реализация қилиш қоидаларини белгилайдиган бирор-бир ҳужжат билан асослашларини талаб қилдим. Бироқ касса ходимлари раҳбариятнинг кўрсатмаси борлигини айтдилар холос. Охир-оқибатда чиптани харид қилдим, тўловнинг бир қисмини нақд пул билан, бир қисмини эса ўзимнинг «иш ҳақи» карточкамдан тўладим. 

Авиакассалар ва (ёки) темир йўл кассаларида чиптани корпоратив пластик карта бўйича қандай харид қилиш мумкин? Ушбу тартиб қайси ҳужжат билан тартибга солинади, кейинги гал хизмат сафарига чиққанда ўзимиз билан қандай ҳужжатларни олишимиз керак?

МЧЖ директори.

– Кассада сизга корпоратив банк картаси бўйича тўловни қабул қилишдан асоссиз равишда бош тортишган.

Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – Низом) 1-бандининг «б» кичик банди корпоратив банк картасининг сақловчиси сифатида юридик шахсни ёки юридик шахс билан эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида корпоратив банк картасидан фойдаланувчи, у ваколат берган шахсни белгилайди.

Низомнинг 2-бандида назарда тутилишича, корпоратив банк картасининг олд томонида банк картасининг мажбурий реквизитлари сифатида юридик шахс­нинг расмий (фирма) номи ёки юридик шахснинг ёзма илтимосига кўра корпоратив банк картасини сақловчи шахснинг фамилияси, исми-шарифи кўрсатилиши лозим.

Низомнинг 6-бандига кўра корпоратив банк карталарининг сақловчилари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда2 назарда тутилган харажатларни тўлаш учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишлари мумкин.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун3
39-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ МЧЖнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директори) жамият номидан ишонч­номасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди ва битимлар тузади.

Шу тариқа, юқорида кўрсатилган меъёрларга риоя этилганда директор ташкилотнинг корпоратив банк картасидан ишончномасиз фойдаланишга ҳақли, авиачипталар ёки темир йўл чипталари сотиладиган кассада эса унинг тўловини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмаслар. Ўз лавозимини тасдиқлаш учун директорнинг юридик шахс томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган гувоҳномани тақдим этиши кифоя. Хизмат сафарига борганда ёнида хизмат сафари гувоҳномаси ҳам бўлиши лозим (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқноманинг4
2-банди).

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган.

36.12.2001 йилдаги 310-II-сон.

4МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Артём МОКШИН, «Norma» эксперт юридик хизматининг раҳбари.

Прочитано: 2818 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика