Norma.uz
Норма маслахатчи / 2012 йил / № 52 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

2012 йил 24 ноябрь–21 декабрь даврида қабул қилинган, тақдим этилаётган, шунингдек бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан www.norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

Тайёргарлик учун ярим йил

20 декабрда Президент «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида» Қонунни (ЎРҚ-341-сон) имзолади, унда рухсат бериш тизимининг асосий принциплари ва қоидалари белгиланган. Унинг меъёрлари тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган.

Қонунда: тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўзаро муносабатларининг асосий жиҳатлари; рухсат бериш ҳужжатларини олиш босқичлари; уларни кўриб чиқиш ва бериш муддатлари; ҳужжатлар рўйхатига талаблар; рухсат бериш ҳужжатларининг амал қилиш муддатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби акс эттирилган.

Қонунда муайян фаолиятни амалга оширишга рухсатномалар беришда «бир дарча» қоидаси назарда тутилган, унга кўра уларни берадиган давлат органи керакли ҳужжатларни ўзи йиғиб, бошқа тузилмалар билан мустақил келишиб олади.

Қонунда агар ваколатли орган тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бермаса ёки уни беришни рад этмаса, тадбиркорлик субъекти 30 иш куни ўтганидан кейин, бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, эга бўлиши белгиланди, қонун хужжатларида белгиланган алоҳида ҳоллар бундан мустасно.

Шунингдек Қонун билан тадбиркорлик субъекти ҳуқуқлари устуворлиги қоидаси белгиланди, унга мувофиқ рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектларининг фойдасига талқин қилинади.

Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2012 йил 21 декабрдаги 248 (5668)-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

 

ястни тўлаш янада соддалашади

Президентнинг Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрларига доир қарори (25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон) билан 2013 йил 1 январдан қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори фақат чакана савдо корхоналари учун сақланиб қолади. Қолган ЯСТ тўловчилари, шу жумладан хизматлар кўрсатиш соҳасидаги корхоналар уни ер солиғининг 3 баравари миқдорини ҳисобга олиб тўлайдилар.

Ушбу ўзгартиришлар, биринчидан, бир неча фаолият турини амалга оширувчи, айниқса хизматлар кўрсатувчи корхоналарнинг ЯСТ ҳисоблашларини соддалаштириш имконини беради. Зеро уларнинг кўпчилиги бир чоракда ягона солиқ тўловини битта база бўйича, кейинги чоракда бошқа база бўйича ҳисоблашларига тўғри келар эди.

Иккинчидан, бухгалтерларнинг асосий фаолият турини белгилашда хатоларга йўл қўйиши бартараф этилади. Илгари уни икки хил усулда: бошқа даромадлар бўйича ЯСТ ставкасини белгилаш учун – йил бошидан ўсиб борувчи якун билан, энг кам миқдорини аниқлаш мақсадида –чорак учун (ўсиб бормайдиган якун билан) ҳисоблар эдилар. Бундан ташқари, уларнинг энг кам миқдорини тўғри танлаганларини тасдиқлашларига тўғри келмайди.

Кичик корхоналар бухгалтерлари учун бу муаммо туғдирар эди. Янги йилдан бу каби англашилмовчиликларга бар­ҳам берилади.

 

Солиқ кодекси: 50 моддага янгилик киритилди

25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун* билан солиқ ва бюджет сиё­сатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, 2013 йил 1 январдан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ва ЭКИҲнинг каррали миқдорларида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқариш учун энг кам иш ҳақи миқдорининг жорий йил 1 январидаги ҳолати инобатга олинади.

1 январдан банкларнинг мижозлар ҳисобрақамларига масофадан туриб электрон хизмат кўрсатиш хизматлари ҚҚСдан озод этилди.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини солиқ тўловчилар сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига йилига 1 марта, юридик шахслар (қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно) – йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда, ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари эса – жорий солиқ даврининг 15 декабригача, Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар – солиқ давридан кейинги йилнинг 25 январигача тақдим этадилар.

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар (акцизланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўловчи фойдали қазилмаларни кавлаб олувчилар бундан мустасно) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.

Юридик шахс хўжалик суди томонидан банкрот деб топилган тақдирда, тугатишга доир иш юритишнинг бутун даврида нафақат мол-мулк солиғи, ер солиғи, балки аввал ҳисобланган ва ундирилмаган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималарни ҳисоблаш ҳам тўхтатиб турилади.

Ҳужжат билан бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.

Қонун 2013 йил 1 январдан кучга киради.

 

Хорижга учиш: авиачипта қайси валютада сотилади?

Вазирлар Маҳкамаси 19.12.2012 йилдаги 357-сон қарори билан 1.08.2011 йилдаги Авиаташиш хизматларини амалга оширишни тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги 224-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Уларга мувофиқ 1 январдан бошлаб авиачипталарни хорижий валютага, шу жумладан трансферт ташишда сотиш ҳолларини назарда тутувчи қўшимча тартиб жорий этилади.

Хорижий валютадаги авиачипталарни қуйидагилар сотадилар:

хорижий авиаташувчилар, уларнинг ваколатхоналари ва агентлари – учиш ва қўниш пунктларидан қатъи назар Ўзбекистон резидентлари ва норезидент­ларига;

миллий авиаташувчилар – авиаташишнинг учиш ва қўниш пунктидан қатъи назар Ўзбекистон норезидентларига ва авиаташишнинг бошланғич учиш пункти мамлакатимиздан ташқарида бўлса, Ўзбекистон резидентларига.

*«СБХ»нинг 27.12.2012 йилдаги 52 (960)-сонида чоп этилди.

 Тақдим этилган ҳужжатларнинг қисқача шарҳларини эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА, Римма СОЛОДОВНИКОВА, Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 3513 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика