Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш йўналишида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Тартибли тадбиркор – адолатли божхона» тамойили амалда ўз ифодасини топиб, давлат ва бизнес ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омилга айланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти тадқиқотига кўра, халқаро савдода маъмурий тўсиқлар Марказий Осиё давлатларида савдо харажатларининг 15 фоизини ташкил этиб, уларни қисқартиришда божхона тартиботларини янада соддалаштириш ва рақамлаштириш муҳим омиллардан бири эканлиги қайд этилган.
Transparency International халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон коррупцияни қабул қилиш индексида 180 та мамлакат орасида 146-ўринни эгаллаган ва атиги 26 балл тўплаган. Бу Марказий Осиё минтақасидаги энг паст кўрсаткичлардан бири эди. Ушбу ҳолат мамлакатда шаффофлик даражасини ошириш ва коррупцияга қарши курашишда янги ёндашувларни жорий этиш заруратини юзага келтирди.
Жаҳон банки ҳисоботларида Ўзбекистонда экспорт бўйича ҳужжатлар тайёрлаш учун 96 соат, импорт учун эса 150 соат талаб қилиниши тадбиркорлар учун жиддий иқтисодий юк бўлганлиги қайд этилган. Бу кўрсаткичлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичдан 5-6 баробар юқори эди.
Хавфни бошқариш тизимининг етарли даражада такомиллашмаганлиги натижасида барча юкларнинг 70 фоизи жисмоний текширувдан ўтказилар эди. Бу, ўз навбатида, божхона постларида навбатларни келтириб чиқарди. Шунга кўра, ушбу даврда ходимлар томонидан субъектив қарорлар қабул қилиниши, текширув натижаларининг шубҳали бўлиш ҳолатлари кўп кузатилган.
Мазкур муаммолар мамлакатда божхона тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг институционал асосларини қайта кўриб чиқиш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш заруратини юзага келтирди.
Айниқса, божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш, хавфларни бошқариш тизимини автоматлаштириш, инсон омилини қисқартириш ва шаффофликни таъминлаш орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай, тезкор ва ишончли муҳит яратиш давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Божхона тартиботларини соддалаштириш соҳасида...
Барчамизга маълумки, Президентимиз раҳбарлигида халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий давлатлар ҳамда, айниқса, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат изчил амалга оширилиши натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқалари мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз ташқи савдоси ҳажмининг бир неча баробар ортишига хизмат қилди.
Бу каби юқори ўсиш суръатлари, айрим товарлар импортини «соядан чиқариш» мақсадида бож ставкаларининг пасайтирилиши, божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш, божхона тўловларини ҳисоблашда автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланиш ҳамда хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш каби стратегик ислоҳотлар натижасида, 2020–2025 йилларда товарлар ташқи савдо айланмаси 2 баробарга ортган бўлса, 2025 йилда божхона тўловларидан тушум 76,2 трлн сўмни ташкил этиб, 3 баробарга ошди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги тўрт йилда божхона юк декларацияларини расмийлаштирувчи ходимлар сони 40 фоизга қисқарган бўлса-да, расмийлаштирувга қадар ундирилган қўшимча божхона тўловлари миқдори 5,5 баробарга ошди.
Шу билан бирга, амалга оширилган кўриклар сони 20 фоизга камайган ҳолда уларнинг натижадорлиги 10 баробардан зиёдга ўсди. Рентген тасвирларини таҳлил қилиш орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 3,5 баробарга, уларнинг қиймати эса 2 баробарга кўпайди.
Халқаро аэропортларда йўловчилар оқими йиллик 2,5 млн дан 8,7 млн га ошди. Аэропортларда божхона кўригининг «Масофавий божхона назорати» тизимига ўтказилиши ва 44 та авиакомпания билан маълумот алмашинувининг йўлга қўйилиши натижасида йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш вақти 25 дақиқадан 5 дақиқагача қисқарди.
Рақамли божхонадан интеллектуал божхона сари...
2023–2025 йиллар давомида Божхона қўмитасининг республика миқёсида рақамлаштириш йўналишида ўтказилаётган «идоралараро рейтинг баҳолаш» тизимида изчил равишда мустаҳкам 1-ўринни эгаллаб келаётгани тизимда рақамли трансформация соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ва самарали ислоҳотлар натижаси экани яққол билинади.
Рақамлаштириш фақатгина техник жараён эмас, балки институционал янгиланиш, кадрлар малакасини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришни ўз ичига олган комплекс ислоҳотлар мажмуи ҳисобланади. Рақамли трансформация жараёнлари божхона тизимида инсон ресурсларини ривожлантириш заруратини ҳам кун тартибига чиқарди.
Божхона органларида рақамлаштириш жараёнлари изчил амалга оширилиб, 176 та янги дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди. Улар орасида автоматлаштирилган ахборот тизимлари, интерактив хизматлар ва мобиль иловаларнинг кенг жорий этилиши тизимнинг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлади.
Божхона объектлари 35 турдаги 19 мингтага яқин назорат техник воситалари билан жиҳозланиб, уларнинг доимий ишчи ҳолатда бўлиши таъминлаб келинмоқда. Хусусан, чегара постларида ўрнатилган 45 та электрон тарозилар, автотранспортларнинг давлат рақамини автоматик аниқловчи 107 та камералар ҳамда 29 та инспекцион кўрик мажмуалари ёрдамида биргина 2025 йилнинг 10 ойида 3 млн дан ортиқ автотранспорт ва 2 млн га яқин темир йўл вагонларидаги товарларга оид маълумотлар «Транспорт назорати» тизимида инсон омилисиз киритилиши йўлга қўйилди.
2024 йилда «Экспорт уч қадам» тизимининг ишга туширилиши натижасида илгари экспорт жараёнида амалга оширилган тўққиз босқичли назорат – уч босқичга қисқартирилди.
Мазкур ислоҳот натижасида экспорт жараёнларининг вақт ва молиявий харажатлари кескин қисқарди ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун шаффоф ва прогноз қилинадиган муҳит яратилди.
2025 йил апрелдан тўлиқ ишга туширилган божхона юк декларацияларининг авторасмийлаштирув тизими божхона соҳасида инсон омилини кескин камайтириб, субъектив қарорларнинг олдини олишда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.
Тизим жорий этилгандан кейин божхона жараёнларида инсон аралашуви 75 фоизга, расмийлаштирувга сарфланган ўртача вақт 65 фоизга қисқарди. Халқаро тадқиқотларда бир кунлик кечикишнинг ўзи экспорт ҳажмини 1 фоизга камайтириши мумкинлиги қайд этилади. Демак, мамлакатда амалга оширилган вақт тежамкорлиги ташқи савдо салоҳиятининг ошишига бевосита ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, «E-Tranzit» тизимининг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яна бир катта қулайликни яратди. Электрон транзит тизими орқали рухсат этиладиган ҳужжатларни автоматик тақдим этиш, мантиқий назорат функциялари ва транзит жараёнларини реал вақтда кузатиш имконияти ортиқча қоғозбозликнинг бартараф этилишига ва чегарадаги назорат жараёнларининг тезлашувига хизмат қилди.
Божхона ҳудудида қайта ишлашни такомиллаштириш йўналишида...
«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг самарали йўналишларидан бири сифатида қаралиб, ушбу режимдан фойдаланиш тартиботлари соддалаштириб борилмоқда.
Ушбу режим миллий иқтисодиётда қўшимча иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқаришда юқори технологик жараёнларни жорий этиш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро кооперацияга интеграциялашувини рағбатлантириш борасида ҳам муҳим ўрин тутади.
Натижада «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимидан фойдаланган тадбиркорлар сони 2020 йилдаги 75 тадан 2025 йилда 458 тага ёки 6 баробарга кўпайди. Ушбу режим доирасида қайта ишлаб экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати 181 млн доллардан 1,5 млрд долларга, қарийб 8 баробарга ошиб, мамлакатнинг умумий экспортида қайта ишланган товарлар улуши 10 фоиздан ортди. Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда божхона тартиб-таомилларининг рағбатлантирувчи роли ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида...
Олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида божхона идоралари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда сўнги тўрт йилда 2 172 та ҳолатда 13 тонна гиёҳвандлик воситалари ва 1,5 тонна психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш доирасида аниқланган ноқонуний товарлар қиймати ҳамда IMEI маркази билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида мобиль қурилмаларнинг расмий импорти 2,5 баробарга ортди. Бу эса замонавий техник воситалар орқали назоратнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганлигидан ҳамда мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар самарадор бўлаётганидан далолат беради.
Хорижий давлатлардан республикамизга юборилган халқаро курьерлик жўнатмалари ҳажми кейинги йилларда изчил ўсиш тамойилини намоён этмоқда. Жумладан, сўнгги тўрт йил давомида курьерлик жўнатмаларини қабул қилувчилар сони 3 баробарга, жўнатмаларнинг умумий сони эса 5 баробарга ошди.
Шундан келиб чиқиб, Президентнинг 2025 йил 25 мартдаги «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-122-сон қарори билан электрон савдо майдончалари орқали харид қилинаётган товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга ихтисослаштирилган «Электрон тижорат» божхона пости ташкил этилди. Бу эса электрон савдо юклари устидан самарали божхона назоратини таъминлашга имкон яратди.
Мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрни кўтарилиб бормоқда...
Олиб борилган ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрни ҳам сезиларли даражада яхшиланиб, Transparency International халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган «Коррупцияни қабул қилиш индекси»да мамлакат сўнгги тўрт йил ичида 25 поғонага юқорилаб, 146-ўриндан 121-ўринга кўтарилди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексидаги «Божхона самарадорлиги» компоненти бўйича Ўзбекистон 140-ўриндан 74-ўринга кўтарилиб, 66 поғоналик сезиларли ўсишни қайд этди. Бу эса божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва рақамлаштириш жараёнларининг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, БМТ томонидан шакллантириладиган Электрон ҳукумат ривожланиш индексида Ўзбекистон «жуда юқори» ривожланиш даражасига эга давлатлар қаторига кириб, давлат хизматларини рақамли форматда кўрсатиш борасидаги ютуқларини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йилги «Очиқлик индекси» натижаларига кўра, Божхона қўмитаси мамлакатдаги 98 та давлат ташкилоти орасида 5-ўринни эгаллади. Мазкур натижалар Қўмита томонидан очиқлик, шаффофлик ҳамда жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самарасини яққол намоён этади.
Импортни оптималлаштириш йўналишида...
Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни рағбатлантириш ва ишлаб чиқарувчиларни юқори импорт ҳажмли товарлар ҳамда бозор имкониятлари билан таништириш мақсадида 2025 йилнинг 7–9 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш» номли биринчи халқаро кўргазма ташкил этилди. Тадбирда 8 200 нафардан зиёд маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди, шунингдек Хитой, Япония, Жанубий Корея, Миср, Озарбайжон, Қувайт, Покистон, Венгрия ва Словакия каби 37 та давлатдан 50 дан ортиқ йирик халқаро компания вакиллари қатнашди.
Иштирокчиларга умумий импорт ҳажми 18 млрд доллардан ортиқ бўлган 3 мингдан зиёд юқори импорт товарлари ҳақида 24 та тематик блок доирасида манзилли маълумотлар тақдим этилди ҳамда энг талаб юқори маҳсулотлар намойиш этилди.
Маълумот учун: 2024 йилда 4,4 млрд долларлик электротехника ва унинг қисмлари, 2,1 млрд долларлик фармацевтика маҳсулотлари ва тиббиёт ускуналари, 1,3 млрд долларлик пластмасса ва резина маҳсулотлари, 801 млн долларлик транспорт эҳтиёт қисмлари, 167 млн долларлик мойлаш воситалари, 107 млн долларлик болалар озуқаси, 81 млн долларлик консерваланган маҳсулотлар ва бошқа товаарлар импорт қилинган.
Кўргазма якунлари бўйича 26 йўналиш бўйича 208 та корхона томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар режалаштириб олинди. Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан қиймати 42,5 млн долларлик 10 та лойиҳани молиялаштириш бўйича кредит келишувлари тузилди.
Халқаро ҳамкорлик алоқалари...
Давлатимиз раҳбарининг божхонани халқаро андозалар асосида такомиллаштириш ва унинг имижини ошириш бўйича берган топшириқларига мувофиқ, кадрлар салоҳиятини ошириш, тартиботларни соддалаштириш, хавфларни бошқариш, рақамлаштириш, аудит ва лаборатория йўналишларида чет эл божхона хизматлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқалар кучайтирилди.
Мазкур даврда 1 700 га яқин ходим Жаҳон божхона ташкилотининг CLiKC! таълим платформасида 2 700 дан ортиқ курсларни муваффақиятли тамомлади, 2 640 нафар мутахассис эса қайта тайёрланди.
Шу билан бирга, IT-йўналишидаги кадрлар салоҳияти икки баробарга оширилди ва рақамли технологиялардан самарали фойдалана оладиган янги авлод божхона ходимлари шакллантирилди.
Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш соҳасида...
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон мамлакатимизда ташқи савдо соҳасида навбатдаги тизимли ислоҳотлар босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжат «Янги Ўзбекистон» тараққиёт стратегияси доирасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, божхона маъмуриятчилигини замонавий халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Фармонга мувофиқ, товарларни бевосита чегарада экспорт ва импортга расмийлаштириш улушини икки баробарга ошириш вазифаси белгиланди. Бу эса ортиқча вақт ва харажатларни камайтириш, логистика занжирини тезлаштириш орқали тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароит яратади.
Эндиликда тадбиркорларнинг ўз мурожаати асосида ўтказиладиган божхона аудити натижасида бартараф этилган камчиликлар учун жазо чоралари қўлланилмайди. Бу эса ишончли ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Фармоннинг энг долзарб янгиликларидан бири – божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш механизмларининг кенгайтирилишидир.
Хусусан, 2026 йил 1 июндан бошлаб:
• тадбиркорлик субъектларига божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
• божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.
Бу чоралар тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмнинг ўсишига хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, бугунги кунда фаолият олиб бораётган 99 та ваколатли иқтисодий операторлар (ВИО) сони 200 тадан оширилади. Барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларни эгаллаган ВИОларга қўшимча енгилликлар тақдим этилади.
Бу институт халқаро амалиётда ўзини оқлаган бўлиб, ишончли тадбиркорлар учун текширувлар қисқариши, расмийлаштирув жараёнларининг тезлашиши ва автоматик тартибларнинг жорий этилишига олиб келади.
Фармон билан бир қатор ортиқча ва такрорий тартиб-таомиллар ҳам бекор қилинмоқда. Жумладан:
• мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда айрим мажбурий келишувлар ва чекловлар олиб ташланади;
• чегарада рухсатнома олинган товарлар учун импорт жараёнида қўшимча карантин рухсатномасини талаб қилиш;
• халқаро тизимлар доирасида расмийлаштирилган сертификатга эга корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда санитария-эпидемиологик хулоса олиш амалиётига барҳам берилади.
Бу янгиликлар тадбиркорлар учун ортиқча вақт йўқотиш ва харажатларни камайтиради.
Фармон доирасида ташқи савдони тартибга солишга мўлжалланган ахборот тизимларини вазирлик ҳамда идоралар ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Фармонда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан:
• Қозоғистон, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ва Бельгия Қироллигидаги элчихоналарда божхона масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади;
• Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда 7-Глобал кинология форуми Ўзбекистонда ўтказилади;
• қўшни давлатлар билан ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш тўғрисида шартномалар тузилади.
Мазкур Фармон ташқи иқтисодий фаолият соҳасида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб бермоқда. Ҳужжат тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ва прогнозли муҳит яратиш, божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро стандартларга уйғунлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон минтақада энг очиқ, шаффоф ва самарали бошқарув механизмларига эга, замонавий «Интеллектуал божхона» тизимини шакллантирган давлатлар қаторига қўшилади деган умиддамиз.
Акмалхўжа МАВЛОНОВ,
Божхона қўмитаси раиси,
генерал-майор.
