Пенсия жамғармаси зарарли ишлаб чиқаришда ишланган даврда иш жойи бир марта аттестациядан ўтказилмаганлиги асосида имтиёзли пенсия тайинлашни рад этиши мумкинми?
– Маълумки, имтиёзли пенсиялар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 йилдаги 938-ХII-сон ЎРҚ) 9–12-моддаларига мувофиқ ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 1, 2- ва 3-сон Рўйхатларига (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚ) мувофиқ тайинланади.
Бунда 12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚнинг 2-бандида 2-сон Рўйхатнинг 1-қисми ва 3-сон Рўйхатнинг 1-қисми иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда татбиқ этилади.
Маълумот учун. Меҳнат шароитларининг мувофиқлигини баҳолашда қуйидаги кўрсаткичларга эътибор берилади: меҳнат шароитларининг гигиеник меъёрларга мувофиқлиги; иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилиги; ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги; меҳнат шароитларини комплекс баҳолаш. Дастлабки икки позиция бўйича меҳнат шароитларининг тегишли класси берилади.
Меҳнат шароитлари ҳолатини комплекс баҳолаш эса ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги ва синфларини баҳолаш натижаларини ўз ичига олади (Низом 24, 46-бандлари, 15.09.2014 йилдаги 263-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Бунда камида иккита аттестация натижасига эга бўлиш керак. Сизнинг ҳолатингизда фақат битта иш жойи аттестацияси мавжуд.
Шунга кўра, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижалари мавжуд бўлмаган тақдирда, 2-сон Рўйхатнинг 1-қисми ва 3-сон Рўйхатнинг 1-қисми қўлланилмайди, бу эса имтиёзли шартларда пенсия тайинлашни рад этиш учун асос бўлади.
Таъкидлаш жоизки, иш ўринлари аттестациясининг сифати, ўз вақтида ўтказилиши ва натижаларининг сақланиши учун жавобгарлик иш берувчининг зиммасида бўлади.
Бунда сиз мавжуд бўлмаган давр учун меҳнат шартларининг 2-сон Рўйхатнинг 1-қисмига ва 3-сон Рўйхатнинг 1-қисмига мувофиқлиги фактини аниқлаш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Пенсияга чиқаётганда бу ҳақда солиқ инспекциясини хабардор қилиш керакми?
– Пенсияга чиқаётганда солиқ инспекциясини хабардор қилиш сизнинг молиявий аҳволингизга ижобий таъсир кўрсатади, чунки пенсионерлар 60 кв.м доирасида жисмоний шахсларнинг пенсионерлар мулкида бўлган мол-мулкига солинадиган солиқдан озод қилинадилар (СК 421-м. 2-қ. 2-б.). Акс ҳолда, сизда ушбу солиқни тўламаслик бўйича қарзлар пайдо бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 408-моддасига кўра, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик фаолияти субъектлари – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари ижтимоий солиқ тўлашдан озод этилади, ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган қолган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий солиқ миқдори унинг белгиланган энг кам миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак.
Мазкур имтиёзлар пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
Ўзбекистон фуқароси бўлган пенсионер бошқа давлат (Россия, Белоруссия) фуқаролигини олса, пенсияси нима бўлади? Ушбу давлатлар билан шартнома мавжудми?
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ) мувофиқ фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Тайинланган пенсия ёки компенсация тўловини тўлаш қуйидаги вазиятларда тўхтатилади:
• пенсионер ёки шахс тайинланган пенсия ёки компенсация тўловини олиш ҳуқуқини йўқотганда;
• пенсионер ёки компенсация тўлови олувчи шахснинг чет давлат ҳудудида бўлган даврида пенсия (ижтимоий тўлов) олганлиги факти аниқланганда;
• пенсионер ёки компенсация тўловини олувчи шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетганда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан бошлаб Россия 1992 йил 13 мартдаги МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимнинг амал қилишини тўхтатди.
Шу билан бирга, ушбу Битим Беларусь Республикасига нисбатан ҳам амал қилади.
Мазкур Битимнинг 7-моддасига кўра, пенсионер Битимга аъзо давлатлар доирасида бошқа жойга кўчиб ўтган тақдирда, агар пенсионернинг янги яшаш жойидаги давлат қонунчилигида худди шу турдаги пенсия назарда тутилган бўлса, илгариги яшаш жойи бўйича пенсия тўлаш тўхтатилади.
Ногиронларга қандай хизматлар бепул кўрсатилади?
– Ўзбекистон қонунчилигига кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек болаликдан ногиронлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
• барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида бепул даволаниш (26.02.2003 йилдаги ПФ-3214-сон, 2-илова);
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш учун тўловдан озод қилиш (05.02.2016 йилдаги 31-сон ВМҚга1-илова);
• вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам кўрсатиш (Низомга илова, 18.03.2008 йилдаги 48-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
• 2 йилда 1 марта (навбат тартибида) Ўзбекистондаги санаторийларга бепул йўлланмалар олиш (Маъмурий регламент, 19.11.2021 йилдаги 693-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болалар хусусий тиббиёт муассасаларида (стоматология ва косметология хизматларини кўрсатувчи муассасалар бундан мустасно) бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга (Низом, АВ рўйхат рақами 2911, 11.08.2017 й.).
Бундан ташқари, оғир касалликлар ташхиси қўйилган кекса ёшдаги ва ногиронлиги бўлган кекса ёшдаги фуқароларга шифокорлар рецептларига мувофиқ уч ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларини сотиб олиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси томонидан қоплаб берилади (15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сон). Бунда, дори воситалари рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан қарор қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади. Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) томонидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50% миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахсларнинг вакили сифатида мурожаат қилиш ҳоллари бундан мустасно) (24.07.2021 йилдаги ПФ-6269-сон, 1-қ. «а» к.б.).
Ногиронлиги бўлган шахс кафолатланган тарзда ишга жойлашишга умид қилиши мумкинми?
– Давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар тоифасини иш билан таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар назарда тутилган. Ногиронлиги бўлган шахслар шулар жумласидандир.
Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг 01.07.2025 йилдаги 405-сон қарори билан Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги томонидан «Ягона давлат ижтимоий ҳимояси» ахборот тизимида электрон реестр юритиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш, улар билан иш берувчи ўртасида алоқа ўрнатиш, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига субсидия бериш тартиби белгиланган.
Ишга жойлашиш истагини билдирган ногиронлиги бўлган шахсларни электрон реестрга киритиш уларнинг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берган аризалари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради. Бунда мажбурий захиралаш:
• ходимлар умумий сонининг 3%идан ошмаслиги зарур;
• ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилади.
Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50%дан юқори бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган ва ходимлар умумий сонининг 7%идан ошмаслиги керак бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, мажбурий захирага жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар қўшимча равишда киритилади (04.08.2025 йилдаги ПФ-126-сон Фармон).
Баъзи ҳужжатларни топа олмасам, иш стажини қандай тасдиқлашим мумкин?
– Сақланмаган ҳужжатларни тасдиқлаш билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари) томонидан тузиладиган иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссиялар шуғулланади.
Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу фақат ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман сақланиб қолмаган ҳолларда амалга оширилади (592-сон Низом 55-б.).
Бошқа сабабларга кўра ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда иш стажи суд тартибида белгиланади (592-сон Низом 69-б.).
Фуқаро авиацияси учувчилик хизмати ходимларининг хизмат йиллари қандай ҳисобланади?
– Хизмат муддатлари неча соат ишлаганлигига қараб ҳисобланади (592-сон Низом 35-б.). Масалан, самолётларда ҳар 20 соатлик парвоз – 1 ойлик хизмат муддати.
Вертолётларда парвоз соатлари; махсус қўлланиладиган авиациядаги (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофотосъёмка ва бошқалар); чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳларда (бошловчи сифатида); командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларида, шу жумладан авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида 1 ойлик хизмат муддати ҳар 12 соатда ҳисобланади.
Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) бўлинмаларининг ҳаво кемалари экипажи учун 1 йиллик иш 1,5 йил деб ҳисобланади. Худди шу ҳисоб-китоблар «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларида тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажариш шарти билан учувчилар таркибига нисбатан ҳам амал қилади, мураккаб ёки олий пилотаж элементларини бажарган тақдирда эса – бир йил 2 йилга ўтади.
Бу фақат бир нечта мисоллар бўлиб, улардан кўриниб турибдики, 1-сон Рўйхатда (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚ билан тасдиқланган) кўрсатилган ҳар бир лавозим хизмат муддатини ҳисоблашда маълум бир парвоз вақтига мос келиши ва бир қатор шартларга риоя қилиниши керак (сакрашнинг йиллик меъёри, синовларда иштирок этиш, юқори пилотаж элементларини бажариш ва бошқалар).
Шундай ҳоллар ҳам бўладики, шахс бир йил давомида учиш синовларида қатнашмай, транспорт самолётида учган, учиш тайёргарлиги билан шуғулланган ва ҳоказо. Унга хизмат муддати фуқаро авиацияси учувчилар таркиби каби ҳисобланади.
Агар ходим бир йил давомида парвоз этмаган бўлса, бу вақт кўп йиллик хизмат муддатига қўшилмайди. Лекин умумий иш стажини ҳисоблашда ҳисобга олинади.
Синов парвозларини бажариш чоғида меҳнатда майиб бўлган ва шу муносабат билан учиш соатлари бўлмаганларга хизмат йиллари ҳақиқий давомийлик бўйича ҳисобланади.
Узоқ муддат хизмат қилганлик ҳам ҳисобга олинади (592-сон Низомга 4-илова):
• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг учувчилар таркиби лавозимларидаги хизмат вақтлари, авиациянинг синовчи-учувчилар ва учувчилар таркибида бўлган лавозимларда ишлаш даври – пенсия тайинлашда тегишли равишда ҳарбий хизматчилар, авиациянинг синовчи-учувчилари таркибига ва учувчилар таркибига кирувчилар учун белгиланган хизмат муддатларини ҳисоблаш тартибига мувофиқ амалга оширилади;
• 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элларда хорижий авиация учувчилари таркибидаги лавозимларда ишлаш вақти – бунда хизмат муддати Пенсия жамғармасига 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари;
• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов; 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, учиш ишларининг турига қараб ушбу Тартибнинг 1-бандида белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади;
• авиация олий таълим муассасаларида ўқиш вақти (ҳақиқий давомийлиги бўйича) – учувчилар таркибидаги ходимлар учун, агар ушбу ўқишга киришдан олдин учиш лавозимларида ишлаган бўлса.
Учиш соатларининг кўпайиши пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажини ошириши мумкин.
Қамоқда ўтирганларга пенсия тўланадими?
– Пенсионернинг суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида (манзил-колониялардан ташқари) бўлган вақти учун пенсия тўланмайди. Пенсионер озод бўлгандан кейин Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб пенсия тўлови тикланади.
Пенсионер озодликдан маҳрум этилганда, пенсия суднинг қонуний ҳукми кучга кирган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.
Манзил-колонияда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган пенсионернинг жазо тури ўзгарган тақдирда, манзил-колония маъмурияти жазо тури ўзгарган куннинг ўзида Пенсия жамғармаси бўлимига бу ҳақда хабар бериши лозим. Пенсия жамғармаси бўлими манзил-колония маъмурияти томонидан берилган маълумот асосида пенсия тўловини тўхтатиб туради (592-сон Низом 159-б.).
Қўшимча равишда таъкидлаб ўтамизки, 63-бандга мувофиқ олдини олиш чораси сифатида қамоқда бўлиш вақти, жазони ўташ вақти, шахс лавозимдан ноқонуний четлатилганлиги муносабати билан ишламаган вақт, тиббиёт муассасасида бўлиш вақти тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномалари билан тасдиқланади ва реабилитация (оқлов ҳукми, реабилитацияловчи асослар бўйича иш тўхтатилиши тўғрисидаги ажрим (қарор) ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда иш стажига ҳисобланади.
Иш ҳақи суммасига фахрий унвон учун тўловлар ҳам кирадими?
– Солиқ кодексининг 372-моддасига мувофиқ фахрий унвон учун устамалар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланади, тегишинча пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш учун ҳисобга олинади.
Фахрий унвон учун белгиланган тўлов фахрий унвон эгасининг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари учун тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдорини ҳисоблашда инобатга олинмайди (592-сон Низом 104-б.).
Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.
