Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 46 / Биз яшайдиган уй

Чиқиндиларни қайта ишлашга янгича ёндашувлар

 

Сўнгги уч йилда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини кенгайтириш учун барча манбалардан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ўтган йили Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Чиқинди билан шуғулланувчи корхоналар учун 1 минг 200 та янги техника харид қилинди. Маҳаллаларда чиқинди тўплаш майдончалари барпо этилди. Тўплаш ва ташиш тизими такомиллаштирилгани натижасида соҳа иккиламчи хом ашё манбаига айланди. Бу ҳақда мамлакатда чиқиндиларни қайта ишлаш чора-тадбирларини кенгайтиришга қаратилган тақдимот доирасида маълум қилинди. Ўзбекистон Президенти тақдимотда намойиш этилган лойиҳалар билан танишди.

prezident.uz хабарига кўра, илгари давлат монополияси бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаси эндиликда қулай бизнес муҳити яратилган тадбиркорлар учун очиқ. Хусусан, санитар тозалаш ва қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди. Хориждан олиб келинадиган техника ва асбоб-ускуналар божхона божини тўлашдан озод қилинган. Натижада 200 га яқин санитар тозалаш ва 290 та қайта ишлаш корхоналари ташкил этилди.

Мамлакатда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлса-да, уларни қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Сўнгги йиллардаги лойиҳалар натижасида бу кўрсаткич ошмоқда. Чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар мамлакатнинг олтита ҳудудида шундай заводлар қурмоқда. Давлат нафақат чиқиндиларни утилизация қилиш учун тўловларни амалга ошириш, балки ишлаб чиқарилган энергияни сотиб олиш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олади.

Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндиларини ёқиб, иссиқлик энергияси олиш бўйича иккита корхона ишга туширилди. Самарқандда яна иккита, қолган ҳудудларда биттадан шундай завод қуриш режалаштирилган.

Маиший чиқиндиларнинг тўртдан бир қисмини қоғоз, пластмасса, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқлари ташкил этади. Уларни қайта ишлаб, 1 триллион сўмлик хом ашё олиш мумкин. Бундан ташқари, мамлакатда қурилиш, кимё, электроника, техник чиқиндилар ва саноат мойларини қайта ишлаш соҳасида катта салоҳият мавжуд.

Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари аҳоли талабларига жавоб бериши керак. Чиқинди ташиш машиналарининг ҳар бир маҳаллага етиб бориш вақти ва йўналишини онлайн кузатиш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди.

Ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Прочитано: 37 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика