Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:
• Президентнинг 05.09.2024 йилдаги ПҚ-311-сон қарори;
• Соғлиқни сақлаш вазирининг 09.06.2025 йилдаги «Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахслар даволанадиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 7-сон буйруғи.
Ходимнинг даволаниш харажатлари қоплаб берилиши қандай расмийлаштирилади
Ходим ёки унинг болалари даволанишга муҳтож, корхона эса уларга ёрдам бермоқчи бўлса, ходимдан:
• раҳбарнинг номига ариза тақдим этишни;
• аризага соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган тасдиқловчи ҳужжатларни (тиббиёт муассасаси билан тузилган шартномани, хизматлар учун тўлов ҳисобини) илова қилишни сўранг.
Даволаниш (тиббий хизматлар кўрсатилиши) учун тўловни раҳбарнинг буйруғи билан расмийлаштиринг.
Буйруқда харажатлар суммасини ва улар бўйича тўлов усулларини қайд этинг.
Сиз ходимнинг харажатларини қуйидагича тўлашга ҳақлисиз:
• соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисобрақамига ўтказиш орқали;
• нақд пул кўринишида соғлиқни сақлаш ташкилотларидан берилган ҳужжатларга асосан;
• ходимнинг шахсий карточкасига ёки банкдаги ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиб бериш орқали.
Ходимнинг ўзи нақд пулни келиб ололмаган тақдирда, пулларни оила аъзоларига ёки ота-онасига ишончнома асосида беришингиз мумкин.
Ходимга нақд пул беришда ёхуд унинг пластик картасига ёки банкдаги ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказишда ходимдан кўрсатилган тиббий хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни олинг. Бу касса чеки ёки терминал чеки бўлиши мумкин.
Маблағлар ҳақиқатда мақсади бўйича сарфланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, солиқ органлари берилган суммадан ЖШДС тўланишини талаб қилиши мумкин. Солиқ органлари ходимга берилган сумма ва тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган сумма ўртасидаги ижобий фарқдан ҳам ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоблаши мумкин.
2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда туман (шаҳар) ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади (05.09.2024 й. ПҚ-311-сон, 3-б.):
• ЖШДС ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
• меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва б.);
• вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари;
• ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар;
• меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар;
• давлат пенсиясини олувчилар;
• «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари;
• «Камбағал оилалар реестри» ахборот модули орқали камбағал оила деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.
2027 йил 1 январдан бошлаб сўнгги бир йил давомида камида олти ой ЖШДС ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар, шунингдек юқорида кўрсатилган шахслар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.
Имтиёзли тоифага кирувчи шахслар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам олиши мумкин бўлган касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирининг 09.06.2025 йилдаги 7-сон буйруғи билан тасдиқланган.
Даволаниш учун берилган ёрдам пулига қандай солиқлар солинади
Ходимнинг даволаниш харажатлари қандай шаклда тўланганлигидан қатъи назар, ташкилот томонидан сарфланган маблағларга қуйидаги солиқлар солинмайди:
• ЖШДС (СК 378-м. 3-б.);
• ижтимоий солиқ (СК 376-м. 1-қ. 1-б., 403–404-м.).
Сиз қуйидаги ҳолатларда ушбу имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли бўласиз:
• маблағлар тўланган ва улар ходим ёки унинг болаларини даволаш ва тиббий хизматлар учун сарфланган. Дори-дармонларни сотиб олиш учун алоҳида ажратилган моддий ёрдам суммасига имтиёз қўлланилмайди;
• харажатлар суммаси ва маблағлардан мақсадли фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда.
Солиқ имтиёзларини ёрдам пули миқдоридан қатъи назар қўллашингиз мумкин, мазкур ҳолатда ёрдам пули бўйича бирор-бир меъёр белгиланмаган.
ВАЗИЯТ. Ходимга дори-дармонларни сотиб олиш учун моддий ёрдам берилган
Даволанишда бўлган ходим алоҳида шартнома бўйича дори-дармонларини сотиб олиш учун маблағ берилишини сўраяпти.
Мазкур ҳолатда имтиёздан фойдаланиш мумкинми?
• Йўқ, мумкин эмас.
Дори-дармонлар учун тўланган сумма жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадига киритилади, унга ижтимоий солиқ солинмайди (СК 376-м. 1-қ. 1-б., 403–404-м.).
ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилмайди, сабаби дори-дармонлар даволаниш ёки тиббий хизматлар учун ажратилган тўловдан алоҳида сотиб олинмоқда.
Даволаниш ёки тиббий хизматлар учун тўлов тўлашга асос бўладиган ҳужжатлар (тиббий муассаса билан тузилган шартнома, счётлар ва бошқа ҳужжатлар) маблағлар тўланадиган санадан олдинги саналарда расмийлаштирилган бўлиши лозим.
Акс ҳолда сизда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашга доир асос топилмайди.
ВАЗИЯТ. Моддий ёрдам тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгунига қадар тўланади
Ходим даволаниши учун унинг шахсий картасига пул маблағларини ўтказиб беришни сўради, бироқ тасдиқловчи ҳужжатларни даволаниш якунлангач тақдим этишни ваъда қилди.
Мазкур ҳолатда имтиёздан фойдаланиш мумкинми?
• Мазкур ҳолатда солиқ имтиёзини қўллаш учун пул маблағлари берилишини фоизсиз қарз сифатида расмийлаштиринг.
Ходим тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан кейин:
• даволанишга пул берилганлигини буйруқ билан расмийлаштиринг;
• ходимга берилган қарзни қайтариш юзасидан унинг қарзини ҳамда бу борада иш берувчининг даволаниш ҳақини қоплаб бериш бўйича мажбуриятини ўзаро ҳисобга олиш ишларини амалга оширинг.
ВАЗИЯТ. Иш берувчи ходимнинг турмуш ўртоғи даволаниши учун тўлов тўлашга розилик билдирди
Ходим корхона раҳбарига тиббий муассаса билан тузилган шартнома бўйича турмуш ўртоғининг даволаниши учун ҳақ тўлашни сўраб ариза тақдим этди. Унинг аризаси асосида буйруқ чиқарилди.
Мазкур ҳолатда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланиладими?
• Мазкур ҳолатда ҳам ходимда, ҳам корхонада солиқ оқибатлари юзага келади.
Солиқ кодексида ўз ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатор ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммаларга ЖШДС бўйича имтиёз назарда тутилган (СК 378-м. 3-б.).
Ходимнинг турмуш ўртоғи даволаниши учун тўлов унинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (СК 376-м. 1-қ. 1-б.). Унга жами даромад таркибида ЖШДС солиниши лозим.
Ходимнинг турмуш ўртоғи даволаниши учун тўланган сумма:
• меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад бўлмаганлиги сабабли ижтимоий солиқ солинмайди (СК 403–404-м.);
• фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (СК 317-м. 3-б.).
Сиз ходим тиббий ҳужжатларни тақдим этмаган тақдирда ҳам даволаниш ёки тиббий хизматлар кўрсатилишига ёрдам пули беришингиз мумкин. Ходимнинг аризаси ва иш берувчининг буйруғи етарли бўлади.
Мазкур ҳолатда моддий ёрдам рағбатлантирувчи тўловлар жумласига киритилади – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланади, сабаби жисмоний шахснинг бошқа даромадларига киритиладиган моддий ёрдам турлари рўйхатида бундай турдаги моддий ёрдам кўрсатилмаган (СК 372-м. 4-б., 371-м., 377-м. 10-б.).
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибидаги моддий ёрдамга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади.
Ходимга даволаниш учун берилган ёрдам пули қандай ҳисобга олинади
Бухгалтерия ҳисобида даволанишга бериладиган моддий ёрдамни қуйидагича акс эттиринг:
1) тўлов соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисобрақамига ўтказилган тақдирда:
|
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
|
дебет |
кредит |
|
|
Даволаниш (тиббий хизматлар кўрсатилиши) учун пул маблағлари ўтказилди |
4330 |
5110 |
|
Ходимнинг даромади ҳисобланган, корхонанинг даволанишга (тиббий хизматлар кўрсатилишига) оид харажатлари акс эттирилди |
9430 |
6740* |
|
Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан хизматлар кўрсатилганлиги акс эттирилди |
6740* |
6990 |
|
Аввал ўтказилган бўнак ҳисобга қабул қилинди |
6990 |
4330 |
2) тиббий ҳужжатларга асосан нақд пул берилганда:
|
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
|
дебет |
кредит |
|
|
Нақд пул маблағлари берилди (тўлов тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиш шарти билан) |
4790 |
5010 |
|
Ходим учун даромад ҳисобланган корхонанинг даволанишга (тиббий хизматлар кўрсатилишига) оид харажатлари акс эттирилди |
9430 |
6740* |
|
Ходимга берилган бўнак ҳисобга қабул қилинди (тўлов тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилганда) |
6740* |
4790 |
3) тиббий ҳужжатларга асосан пул маблағлари ходимнинг пластик картасига ёки банкдаги ҳисобрақамига ўтказилган тақдирда:
|
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
|
дебет |
кредит |
|
|
Пул маблағлари ходимнинг пластик картасига ёки банкдаги ҳисобрақамига ўтказилди (тўлов тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиш шарти билан) |
4790 |
5110 |
|
Ходим учун даромад ҳисобланадиган корхонанинг даволанишга (тиббий хизматлар кўрсатилишига) оид харажатлари акс эттирилди |
9430 |
6740* |
|
Ходимга берилган бўнак ҳисобга қабул қилинди (тўлов бўйича ҳужжат тақдим этилганда) |
6740* |
4790 |
*6740-«Ходимлар билан моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ҳисоблашишлар» счёти корхонанинг ишчи счётлар режасига киритилган бўлса.
4) тиббий ҳужжатлар тақдим этилмасдан моддий ёрдам кўрсатилган тақдирда:
|
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
|
дебет |
кредит |
|
|
Моддий ёрдам ҳисобланди |
Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар (ходимнинг фаолият соҳасига боғлиқ ҳолда) |
6710 |
|
Ҳисобланган суммадан ЖШДС ушлаб қолинди |
6710 |
6410 |
|
ШЖБПҲга мажбурий бадал ушлаб қолинди |
6410 |
6530 |
|
Ижтимоий солиқ ҳисобланди |
Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар (ходимнинг фаолият соҳасига боғлиқ ҳолда) |
6520 |
|
Моддий ёрдам нақд пулда берилди |
6710 |
5010 |
|
Ходимнинг пластик картасига ёки банкдаги ҳисобрақамига моддий ёрдам суммаси ўтказилди |
6710 |
5110 |
Даволаниш учун берилган моддий ёрдам солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади
Агарда сиз соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган ҳужжатларга асосан харажатларни қоплайдиган бўлсангиз, тўлов суммаларини қуйидагича акс эттиринг:
1) ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида:
• 012-«Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлмаган даромадлар» сатрида, шунингдек 5-иловада (шаблон файл);
• 2-иловадаги 0301–0317-сатрларнинг бирида;
2) Фойда солиғи ҳисоб-китобида:
• I–III чорак якунлари бўйича – 2-илованинг 030 ва 0119-сатрлари 3 ва 4-устунларида;
• йил якунлари бўйича – 2.1-илованинг 030 ва 0318-сатрлари 3 ва 4-устунларида.
Агарда сиз тиббий ҳужжатлар тақдим этилмасдан моддий ёрдам кўрсатадиган бўлсангиз, моддий ёрдам суммасини қуйидагича акс эттиринг:
1) ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида:
• 011 ва 010-«Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар» сатрларида;
• 4-иловада (шаблон файл);
2) Фойда солиғи ҳисоб-китобида:
• I–III чорак якунлари бўйича – 2-илованинг 030 ва 0105-сатрларида;
• йил якунлари бўйича – 2.1-илованинг 030 ва 0305-сатрларида.
Татьяна БЕЛОУСОВА,
«Норма» эксперти.
