Ишончномалар, ишончномалар китобчаси варағида ёки берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналида қайд этилади. Уларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
• ишончнома рақами;
• берилган санаси;
• амал қилиш муддати;
• ишончнома берилган шахснинг Ф.И.Ш. ва лавозими;
• ишончномани қабул қилган шахснинг имзоси;
• етказиб берувчининг номи;
• шартнома санаси ва рақами;
• ҳисобварақ-фактура санаси ва рақами;
• ишончнома бўйича топшириқнинг бажарилганлиги тўғрисида белги.
Китобча ва ишончномани ҳисобга олиш Журнали рақамланган ва тикилган (боғланган) бўлиши керак. Охирги варақда «Мазкур Китобчада/Журналда ...варақ рақамланди» ёзуви бўлиши керак. Варақлар сони сўз билан ёзиб кўрсатилади (4-сон БҲМС 96-б.). Ушбу ёзув корхона раҳбарининг ёки у томонидан ушбу ҳужжатни юритиш учун тайинланган шахснинг имзоси билан тасдиқланади.
Ишончномалар Китобчаси ва ҳисобга олиш Журнали ишончномаларни рўйхатдан ўтказадиган маъсул шахс (қоидага кўра бухгалтер) да сақланиши лозим.
Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада қайтарилиши керак (4-сон БҲМС 99-б.). Бу тўғрисида белги қўйилади:
• ишончнома китобчаси варағиининг «Топшириқнинг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами ва санаси» устунида;
• берилган ишончномаларни ҳисобга олиш Журналининг «Ишончнома бўйича топшириқнинг бажарилиши тўғрисидаги белги» устунида.
Қайтарилган фойдаланилмаган ишончномалар «фойдаланилмаган» ёзуви билан сўндирилади ва ҳисобот йили охирига қадар сақланади. Ҳисобот йили тугагач фойдаланилмаган ишончномалар йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади (4-сон БҲМС 99-б.).
Амал қилиш муддати тугаган ишончномалардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот бермаган шахсларга янги ишончномалар берилмайди. Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада уни берган ташкилотга қайтарилиши керак (4-сон БҲМС 99-б.).
ТМБлар чиқарилганда ишончнома товар берилган ҳисобварақ-фактура билан бирга сақланади.
Электрон ишончнома расмийлаштиришда қандай муаммо пайдо бўлиши мумкин
Ишончномани электрон шаклда бериш имконияти нисбатан яқинда пайдо бўлди. Шунинг учун бу усул ҳам меъёрий, ҳам амалда сайқалланмаган. Масалан, электрон ишончномани беришда у маъсул шахснинг ЭРИси билан тасдиқланади. Бунда ишончли шахснинг имзо намунаси реквизитларини тўлдириш талаб этилмайди (4-сон БҲМС 96-б.). Қоғоз ишончномани расмийлаштиришда етказиб берувчига юкларни ташиш ҳужжатларида қандай имзо бўлиши кераклиги кўрсатилади. Электрон ишончномада бундай талаб йўқ, бу ҳолатда сиз фақат ишончномада кўрсатилган паспорт ёки ID-карта маълумотларини ТМБларни қабул қилувчи шахснинг асл паспорти ёки ID-картаси билан солиштиришингиз керак.
Амалиётда роуминг операторлари ишончли шахснинг ЭРИсиз электрон ишончнома юборишга рухсат бермайди. Бундан, биринчи навбатда, бир нечта омбор ва моддий жавобгар шахсларга эга йирик компаниялар азият чекмоқда. Уларда ишончли шахс томонидан ЭРИ билан ишончнома имзоланишини зудлик билан назорат қилиш имконияти чекланган ва уларни қоғоз шаклида ёзишга мажбур.
Бундан ташқари, электрон ҳисобварақ-фактуранинг имзоланишини назорат қилиш муаммоси мавжуд, чунки ишончнома берилганда электрон ҳисобварақ-фактура ишончли шахснинг номига юборилади. Бухгалтерия бўлими уни ишончли шахс томонидан қабул қилинмагунча кўрмайди.
Элеонора МАЗУРОВА, адвокат, «Норма» эксперти,
Альберт САФИН, «Норма» эксперти.